3 1 Рутнинг қайнонаси Наоми унга шундай деди: “Қизим, сенга яхши бўлиши учун сенга бошпана қидирсаммикин? 2 Мана, Бўаз бизнинг қариндошимиздир, сен эса унинг чўрилари билан бирга бўлган эдинг. Мана, у бу кеча хирмонда арпа шопиради. 3 Ювингин, хушбўй мой суртиб, чиройли кийимларингни кийиб, хирмонга боргин, лекин у еб‑ичиб бўлмагунигача, унга кўринмагин. 4 У ухлашга ётганида, у ётган жойни билгин, шунда келиб, унинг оёқларини очгин ва ётгин. Шунда у сенга нима қилишинг кераклигини айтади”. 5 Рут унга: “Сиз менга айтганларингизнинг ҳаммасини қиламан”,- деди. 6 Сўнг у хирмонга бориб, қайнонаси унга қандай буюрган бўлса, ҳаммасини шундай қилди. 7 Бўаз еб‑ичиб тўйди, ўз кўнглини чоғ қилди ва ухлаш учун ғарам ёнига кетди. У яширинча келиб, унинг оёқларини очди ва ётди. 8 Бўаз ярим тунда чўчиб кетди ва туриб ўтирди – мана, унинг оёқлари ёнида аёл ётар эди. 9 Бўаз унга: “Сен кимсан?”- деди. У: “Мен – сизнинг чўрингиз Рутман, ўз қанотингизни чўрингиз устига узатинг, чунки сиз яқин қариндошсиз”,- деди. 10 Шунда Бўаз деди: “Қизим, сен Раббийдан барака топдинг! Сен бу охирги эзгу ишингни аввалгисидан ҳам яхши қилдинг, чунки камбағал ёки бой ёш кишилардан изламадинг. 11 Шундай қилиб, қизим, қўрқма. Мен сенинг айтганларингни қиламан, чунки шаҳардаги менинг халқимнинг барчаси сенинг фазилатли аёл эканлигингни билади. 12 Гарчи менинг яқин қариндош эканлигим ҳақиқат бўлса‑да, лекин мендан яқинроқ бўлган қариндош бор. 13 Бу кеча тунаб қолгин. Эртага эса у сени қабул қилса, яхши, майли қабул қилсин. Агарда у сени қабул қилишни хоҳламаса, унда мен сени қабул қиламан. Раббий тирик! Эрталабгача ухлагин”. 14 Шундай қилиб, у унинг оёқлари ёнида эрталабгача ухлади ва одам бировни таний оладиган вақтдан олдин турди. Бўаз: “Хирмонга аёл келганини билмасинлар”,- деди. 15 У яна: “Ёпинчиғингни олиб, тутиб тургин”,- деди. У тутиб турди ва Бўаз арпадан олти ўлчам ўлчаб, унга солди. Сўнгра у шаҳарга кетди. 16 Рут қайнонасининг олдига келганида, у: “Қандай бўлди, қизим?”- деди. У эса ўша одам унга қилган ҳамма нарсани айтиб берди. 17 Рут яна деди: “У менга бу олти ўлчам арпани берди ва менга: Қайнонангнинг олдига бўш қўл билан борма, деб айтди”. 18 Шунда у: “Қизим, бу иш нима бўлишини билмагунингча кутиб тургин. Чунки у одам ишни бугун тугатмагунича тинчланмайди”,- деди. 4‑боб