4 1 Бўаз дарвозанинг олдига чиқиб, ўша жойда ўтирди. Ва мана, Бўаз айтган қариндоши ёнидан ўтиб кетаётган эди. Бўаз унга: “Бу ёққа кириб ўтиргин”,- деди ва у кириб ўтирди. 2 Бўаз шаҳар оқсоқолларидан ўн кишини олиб: “Бу ерга ўтиринглар”,- деди. Улар эса ўтирдилар. 3 Шунда у ўз яқин қариндошига деди: “Мўаб далаларидан қайтиб келган Наоми бизнинг биродаримиз Элималекка тегишли бўлган ернинг бир қисмини сотмоқда. 4 Мен буни сенинг қулоғингга етказишга қарор қилдим. Энди бу ерда ўтирганларнинг ҳузурида ва халқимнинг оқсоқоллари ҳузурида: Шуни сотиб олгин, демоқчи эдим. Агар сотиб олишни хоҳласанг, сотиб олгин. Агар сотиб олишни хоҳламасанг, менга айт, токи мен билайин. Чунки сотиб олиш учун сен ва мендан бошқа ҳеч ким йўқ”,- деди. У: “Мен сотиб оламан”,- деди. 5 Шунда Бўаз: “Сен Наомининг қўлидан унинг ерини сотиб оладиган кунда, ўлган қариндошимизнинг исмини унинг улушида тиклаш учун ўлган қариндошимизнинг хотини, мўаблик Рутни хотинликка олишинг керак”,- деди. 6 Яқин қариндоши: “Ўз улушимни бўлиб ташламаслик учун мен уни ўзимга сотиб ола олмайман. Ўзинг уни сотиб ол, сен менинг сотиб олиш ҳуқуқимдан фойдаланишинг мумкин, чунки мен буни сотиб ола олмайман”,- деди. 7 Илгарилари қандайдир ишни тасдиқлаш учун сотиб олишда ва айирбошлашда Исроилда шундай удум бор эди: бири ўз пойафзалини ечиб, бошқасига берар эди. Бу эса Исроилда тасдиқлаш усули эди. 8 Шундай қилиб, яқин қариндоши Бўазга: “Буни ўзингга сотиб ол”,- деди ва ўз пойафзалини ечиб берди. 9 Шунда Бўаз оқсоқолларга ва бутун халққа деди: “Мен Элималекга тегишли бўлган барча ерни ва Хилион ҳамда Маҳлонга тегишли бўлган ерни Наомининг қўлидан сотиб олаётганимга сизлар энди гувоҳсизлар. 10 Шунингдек, ўлганнинг исми унинг биродарлари орасидан, яшаш жойидаги дарвозадан ўчиб кетмаслиги ва ўлганнинг исмини унинг улушида тиклаш учун, мен Махлоннинг хотини бўлган мўаблик Рутни ўзимга хотинликка оламан. Сизлар бугун бунга гувоҳсизлар”. 11 Дарвоза ёнида бўлган бутун халқ ва оқсоқоллар дедилар: “Биз гувоҳмиз! Раббий эса Исроил хонадонини барпо қилган иккита аёл: Роҳила ва Леаҳга қилганидек, сенинг хонадонингга кириб келаётган бу аёлга ҳам қилсин. Сен эса Эфратаҳда бойлик орттиргин ва исминг Бейт-Леҳемда машҳур бўлсин. 12 Раббий сенга бу ёш аёлдан берадиган уруғ орқали сенинг хонадонинг Тамар Яҳудога туғиб берган Перез хонадони каби бўлсин”. 13 Шундай қилиб, Бўаз Рутни хотинликка олди ва у унинг хотини бўлди. Бўаз у билан қовушди, Раббий унга ҳомиладор бўлишга қувват берди ва у ўғил туғди. 14 Шунда аёллар Наомига дедилар: “Эндиликда сени яқин қариндошсиз қолдирмаган Раббий муборакдир, унинг исми Исроилда машҳур бўлсин! 15 У сен учун ҳаётингни тикловчи ва қариганингда боқувчинг бўлсин. Чунки уни сени севадиган ва сен учун етти ўғилдан аълороқ бўлган келининг туғди”. 16 Шунда Наоми гўдакни олиб, уни қўйнига солди ва унга энага бўлди. 17 Қўшни аёллар унга исм қўйиб: “Наомининг ўғли туғилди”,- дедилар. Шундай қилиб, улар унга Обед, деб исм қўйдилар. У Довуднинг отаси бўлмиш Йишайнинг отасидир. 18 Мана бу Перезнинг авлоди: Перездан Ҳезрон туғилди. 19 Ҳезрондан Рам туғилди, Рамдан Амминадаб туғилди. 20 Амминадабдан Наҳшон туғилди, Наҳшондан Салмон туғилди. 21 Салмондан Бўаз туғилди, Бўаздан Обед туғилди. 22 Обеддан Йишай туғилди, Йишайдан Довуд туғилди.