7 1 Шундан кейин мен ернинг тўрт бурчагида турган тўртта фариштани кўрдим. Улар ерга ҳам, денгизга ҳам ҳеч қайси дарахтга ҳам шамол эсмаслиги учун ернинг тўрт шамолини тутиб турар эдилар. 2 Сўнгра барҳаёт Худонинг муҳрига эга бўлган, қуёш чиққан томондан кўтарилаётган бошқа фариштани кўрдим. У ер ва денгизга зиён етказиш учун ҳокимият берилган тўртта фариштага кучли овоз билан ҳайқириб деди: 3 “Худойимиз қулларининг пешаналарига муҳр қўймагунимизча, ерга ҳам, денгизга ҳам, дарахтларга ҳам зиён етказманглар”. 4 Мен муҳрланганларнинг сонини эшитдим: муҳрланганлар Исроилнинг ўғилларининг барча қабилаларидан бир юз қирқ тўрт мингта эди. 5 Яҳудо қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. Рубен қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. Гад қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. 6 Ашер қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. Нафтали қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. Манашеҳ қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. 7 Шимўн қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. Леви қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. Иссохор қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. 8 Забулун қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. Юсуф қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. Бенямин қабиласидан ўн икки мингтаси муҳрланган эди. 9 Шундан сўнг мен бир қарадим – мана, турли миллату қабиладан, халқлару тиллардан бўлган, ҳеч ким санай олмаган кўп сонли одамлар тахт олдида ва Қўзи ҳузурида туришар эди. Улар оқ ридо кийиб, қўлларида палма шохлари тутиб, 10 баланд овоз билан: “Тахтда ўтирган бизнинг Худойимизга ва Қўзига нажот бўлсин!”- деб хитоб қилишар эди. 11 Тахт, қариялар ва тўртта жониворнинг атрофида турган барча фаришталар тахтнинг олдида юз тубан йиқилиб, Худога сажда қилиб, шундай дейишар эди: 12 “Омин! Бизнинг Худойимизга ҳамду сано, шон-шуҳрат, донолик, миннатдорчилик, шон-шараф, куч-қудрат ва салтанат абадулабад бўлсин! Омин!” 13 Қариялардан бири гап бошлаб, мендан сўради: “Оқ ридо кийган бу одамлар ким? Улар қаердан келдилар?” 14 Мен унга: “Сиз биласиз, ҳазратим”,- дедим. У эса менга: “Булар – буюк азобдан келганлар. Улар кийимларини Қўзининг Қони билан ювиб оқартирдилар,- деди,- 15 Шунинг учун улар энди Худонинг тахти олдида турадилар ва Унинг маъбадида туну кун Унга хизмат қиладилар. Тахтда Ўтирадиган эса чодирини уларнинг устида қуради. 16 Улар бошқа оч қолмайдилар, чанқамайдилар. Энди қуёш ёки бирон-бир жазирама уларни куйдирмайди. 17 Чунки тахт ўртасидаги Қўзи уларга чўпонлик қилиб, уларни тирик сув булоқларига олиб боради. Худо уларнинг кўзларидан барча кўз ёшларини артиб олади”.