6 1 Мен Қўзининг еттита муҳрдан бирини ечганини кўрдим. Тўртта жонивордан бирининг гўёки момақалдироқ гулдурлашидек овоз билан: “Келгин”,- деганини эшитдим. 2 Мен бир қарадим – мана, оқ от чиқди, унинг устида камон ёйига эга чавандоз бор эди. Унга тож берилган эди. У ғалаба қозониш учун ғолибдек чиқди. 3 Қўзи иккинчи муҳрни ечганида, мен иккинчи жониворнинг: “Келгин”,- деганини эшитдим. 4 Шунда бошқа бир жийрон от чиқди. Унинг устида ўтирганга ердан тинчликни олиш ҳокимияти берилган эди, токи одамлар бир бирларини ўлдирсинлар. Унга катта қилич ҳам берилди. 5 Қўзи учинчи муҳрни ечганида, мен учинчи жониворнинг: “Келгин”,- деганини эшитдим. Мен бир қарадим – мана, қора от чиқди, унинг устида ўз қўлида тарозига эга бўлган чавандоз бор эди. 6 Шунда мен тўртта жониворнинг орасида: “Бир хойникс буғдой бир динорга, уч хойникс арпа бир динорга бўлсин; мой ва шаробга эса зиён етказма”,- деб айтаётган овозни эшитдим. 7 У тўртинчи муҳрни ечганида эса, мен тўртинчи жониворнинг: “Келгин”,- деганини эшитдим. 8 Мен бир қарадим – мана, рангпар от чиқди, унинг устида исми “ўлим” бўлган чавандоз бор эди. Унинг ортидан тамуғ эргашар эди. Унга қилич, очлик, ўлат ва ер ҳайвонлари билан ўлдириш учун ернинг тўртинчи қисми устидан ҳокимият берилди. 9 У бешинчи муҳрни ечганида, мен қурбонгоҳ остида Худонинг сўзи ва берган гувоҳликлари учун ўлдирилганларнинг жонларини кўрдим. 10 Улар баланд овоз билан фарёд қилиб: “Ё, Муқаддас ва Ҳаққоний Ҳукмдор, қачонгача ер юзида яшайдиганларни бизнинг қонимиз учун ҳукм қилиб, қасос олмайсан?”- дедилар. 11 Уларнинг ҳар бирига оқ кийим берилди. Ўзлари каби ўлдириладиган ҳамкор ва биродарлари сони тўлмагунга қадар, уларга яна озроқ вақтгача тинчланишлари айтилди. 12 У олтинчи муҳрни ечганида, мен қарадим – мана, буюк зилзила бўлди. Қуёш жун кийимдек қоп қора бўлди, ой қондек бўлди. 13 Шунда кучли шамол тебратаётганида анжир ўзининг хом анжирларини тўкканидек, осмон юлдузлари ерга тўкилди. 14 Осмон гўёки ўрам ўралганидек йўқолиб кетди. Ҳар бир тоғ ҳамда орол ўринларидан кўчди. 15 Ернинг подшоҳлару амалдорлари, бойлару мингбошилари, кучлилари, ҳар бир қул ва озод одам тоғнинг қоялари ораси ва ғорларига яшириндилар. 16 Улар тоғлару қояларга дедилар: “Устимизга қуланглар, бизни тахтда Ўтирганнинг юзидан ва Қўзининг қаҳридан тўсинглар. 17 Чунки Унинг буюк қаҳри куни келди ва ким бунга бардош бера олади?”