5 1 Мен тахтда Ўтирганнинг ўнг қўлида – ичида ҳам, ташқарисида ҳам ёзилган, еттита муҳр билан муҳрланган китобни кўрдим. 2 Кучли бир фаришта баланд овози билан: “Ким бу китобни очишга ва унинг муҳрини ечишга муносиб?”- деб эълон қилаётганини кўрдим. 3 Лекин осмонда ҳам, ерда ҳам, ер остида ҳам ҳеч ким бу китобни оча олмади ва унинг ичига қарай олмади. 4 Бу китобни очиб ўқиш ва унинг ичига қарашга лойиқ бирор кимса топилмаганидан мен кўп йиғладим. 5 Қариялардан бири менга: “Йиғлама! Мана, Яҳудо қабиласининг Шери, Довуднинг Илдизи ғолиб келди. У бу китобни очиб, унинг еттита муҳрини ечишга қодир”,- деди. 6 Мана, тўртта жонивор ва тахтнинг ўртасида, ҳамда қариялар орасида сўйилган каби бир Қўзи турганини кўрдим. Унинг еттита шохи ва еттита кўзи бор эди, булар эса Худонинг бутун ер юзига юборган еттита руҳидир. 7 У келиб, тахтга Ўтирганнинг ўнг қўлидан китобни олди. 8 У китобни олганида, тўртта жонивор ва йигирма тўртта қария Қўзининг олдида юз тубан йиқилдилар. Ҳар бирининг қўлида бир кифара ва хушбўй тутатқиларга тўла олтин коса бор эди. Хушбўй тутатқилар эса – муқаддасларнинг ибодатлари эди. 9 Улар янги қўшиқ куйлаб, айтишар эди: “Сен китобни олиб, Унинг муҳрини ечишга лойиқсан, чунки Сен сўйилган эдинг, Ўз қонинг билан бизни ҳар бир қабиладан, тилдан, халқдан ва миллатдан Худога сотиб олиб, 10 Худойимизга подшоҳлару руҳонийлар қилдинг. Биз ер юзида ҳукмронлик қиламиз”. 11 Сўнгра мен бир қарадим – мана, тахт ва жониворлар ҳамда қарияларнинг атрофида кўплаб фаришталарнинг овозини эшитдим. Уларнинг сони ўн минглаб, минг минглаб эди. 12 Улар кучли овоз билан айтар эдилар: “Сўйилган Қўзи куч-қудрат, бойлик, донолик, қувват, шараф, шуҳрат ҳамда дуони қабул қилишга лойиқдир!” 13 Шунда смонда ва ерда, ер остида ва денгизда бўлган ҳар бир мавжудот, хуллас, уларда бўлган ҳамма нарса: “Тахтга Ўтирганга ва Қўзига абадулабад дуо, шон-шараф, шуҳрат ва салтанат бўлсин”,- деб сўзлаётганларини эшитдим. 14 Тўртта жонивор эса: “Омин”,- дедилар. Йигирма тўртта қария юз тубан йиқилиб, абадулабад Яшайдиганга сажда қилдилар.