4
1
Шундан сўнг мен бир қараган эдим, мана, осмонда эшик очиқ эди. Мен илгари эшитган гўё карнай садосига ўхшаш овоз менга сўзлаб деди: “Бу ерга чиққин. Мен бундан кейин содир бўлиши керак бўлган нарсаларни сенга кўрсатаман”.
2
Шу лаҳзада мен Руҳда бўлдим. Мана, осмонда бир тахт турар эди, тахтда эса Ўтирган бор эди.
3
Мана, шу Ўтирганнинг кўриниши яшма ва сардис тошига ўхшар эди. Тахтнинг теварагида эса зумрадга ўхшаган камалак бор эди.
4
Тахтнинг атрофида йигирма тўртта тахт бор эди. Мен тахтларда ўтирган йигирма тўртта қарияни кўрдим. Улар оқ кийимга бурканган, бошларида олтин тож бор эди.
5
Тахтдан чақмоқ, момақалдироқ ва овозлар чиқар эди. Тахтнинг олдида еттита оловли чироқ ёнар эди, булар аслида Худонинг еттита руҳидир.
6
Тахтнинг олдида биллурга ўхшаш шиша денгиз бор эди. Тахтнинг ўртасида ва атрофида тўртта жонивор турар эди. Улар олдидан ҳам, ортидан ҳам кўзларга тўла эди.
7
Биринчи жонивор шерга ўхшар ва иккинчи жонивор ҳўкизга ўхшар эди. Учинчи жонивор эса одамникидек юзга эга эди. Тўртинчи жонивор учадиган бургутга ўхшар эди.
8
Тўрт жониворнинг ҳар бири ўз атрофларида олтитадан қанотга эга бўлиб, ичида ва ташқарисида эса кўзларга тўла эди. Улар туну кун тиним билмасдан: “Азалдан бор Бўлган, ҳозир Бор ва Келаётган Раббий Қодир Худо муқаддас, муқаддас, муқаддасдир!”- дер эдилар.
9
Жониворлар тахтда Ўтирган, абадулабад Яшайдиганга шон-шарафу ҳурмат ва миннатдорчилик изҳор қилганларида,
10
йигирма тўртта қария тахтга Ўтирганнинг олдида юз тубан йиқилар эдилар. Улар абадулабад Яшайдиганга сажда қилиб, ўз тожларини Унинг тахти қаршисига қўйиб, дер эдилар:
11
“Сен, ё, Раббий, шон-шарафу ҳурмат ва куч-қудратни қабул қилишга муносибсан. Чунки Сен ҳамма нарсани яратгансан, ҳамма нарса Сенинг иродангга кўра мавжуд ва яратилгандир”.