8 1 У еттинчи муҳрни ечганида, осмонда ярим соатча сукут чўкди. 2 Мен Худонинг ҳузурида турган еттита фариштани кўрдим. Уларга еттита карнай берилди. 3 Бошқа фаришта келиб, қурбонгоҳнинг қаршисида турди. Унинг қўлида хушбўй тутатқилар тутатишга мосланган олтин идиш бор эди. Тахтнинг олдидаги олтин қурбонгоҳ устига барча муқаддасларнинг ибодатлари билан бирга солиш учун унга кўп хушбўй тутатқи берилди. 4 Шунда муқаддасларнинг ибодати билан хушбўй тутатқи фариштанинг қўлидан Худонинг ҳузурига кўтарилди. 5 Фаришта эса тутатқи тутатиладиган идишни олиб, уни қурбонгоҳдаги олов билан тўлдириб, буни ер юзига тўкди. Ўшанда шовқинлар, момақалдироқлар, чақмоқ ва зилзилалар содир бўлди. 6 Еттита карнайга эга бўлган еттита фаришта карнай чалишга тайёрланди. 7 Биринчи фаришта карнай чалди, мана – қон билан аралашган дўл ва олов ерга ёғдирилди. Шунда ернинг учдан бир қисми ёниб кетди, дарахтларнинг учдан бир қисми ёниб кетди, бор яшил ўт ҳам ёниб кетди. 8 Иккинчи фаришта карнай чалди, мана – ловуллаб ёнаётган гўёки катта тоғ денгизга қулади. Шунда денгизнинг уч қисми қонга айланди, 9 денгизда яшайдиган тирик жонзодларнинг учдан бир қисми ўлди, кемаларнинг ҳам учдан бир қисми нобуд бўлди. 10 Учинчи фаришта карнай чалди, мана – осмондан ёнаётган чироққа ўхшаш катта юлдуз қулаб, дарёларнинг учдан бир қисмига ва сув булоқларига тушди. 11 Шу юлдузнинг исми “Эрман” эди. Сувларнинг учдан бир қисми эрманга айланди. Кўп одамлар сувдан ҳалок бўлдилар, чунки сув аччиқ бўлди. 12 Тўртинчи фаришта карнай чалди, мана – қуёшнинг учдан бир қисми, ойнинг учдан бир қисми ҳамда юлдузларнинг учдан бир қисми шикастланди. Шунда уларнинг учдан бир қисми қоронғилашди, куннинг учдан бир қисми эса тундек қоронғи бўлди. 13 Сўнгра мен осмоннинг ўртасида учаётган ва кучли овоз билан сўзлаётган бир бургутни кўриб, унинг: “Карнай чаладиган бошқа учта фариштанинг карнайи садосидан ер юзида яшаётганларнинг ҳолига вой, ҳолига вой, ҳолига вой!”- деганини эшитдим.