21 1 Сўнгра мен янги осмон ва янги ерни кўрдим, чунки олдинги осмон ва олдинги ер ўтиб кетди, энди денгиз ҳам йўқдир. 2 Мен осмондан, Худодан тушиб келаётган, ўз куёви учун безатилган келиндек тайёрланган янги шаҳарни – муқаддас Йерусалимни кўрдим. 3 Мен тахтадан гапираётган кучли бир овозни эшитдим: ”Мана, одамлар билан бирга бўлган Худонинг Чодиридир! У улар билан истикомат қилади, улар Унинг халқи бўладилар! Худонинг Ўзи улар билан бўлади ва уларнинг Худоси бўлади! 4 Худо уларнинг кўзларидаги ҳар бир кўз ёшини артади. Ўлим бошқа бўлмайди. Йиғи-сиғи ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бошқа бўлмайди, чунки олдингилари ўтиб кетди”. 5 Тахтда Ўтирган: “Мана, ҳамма нарсани янги қилиб яратяпман”,- деди, ва: “Ёзиб олгин, чунки бу сўзлар ҳақиқий ва ишончлидир”,- деди. 6 Кейин У менга яна деди: “Амалга ошди! Мен Алфа ва Омега, Бошланиш ва Тугашдирман. Чанқаганга тирик сув манбаидан текин бераман. 7 Ғолиб келадиган ҳамма нарсани мерос қилиб олади. Мен унинг Худоси бўламан ва у Менинг ўғлим бўлади. 8 Аммо қўрқоқлар, имонсизлар, жирканчлар, қотиллар, зинокорлар, сеҳргарлар, бутпарастлар ва барча ёлғончиларнинг қисмати олтингугурт ва олов билан ёнаётган кўлдадир. Бу иккинчи ўлимдир”. 9 Еттита охирги яралар билан тўла еттита косага эга фаришталардан бири менинг олдимга келиб, менга: “Бу ёққа кел, мен сенга келинни, Қўзининг хотинини кўрсатаман”,- деди. 10 Шунда у мени Руҳда буюк ва баланд тоққа кўтариб, менга осмондан, Худодан тушиб келаётган буюк шаҳарни, муқаддас Йерусалимни кўрсатди. 11 У Худонинг шуҳратига эга эди. Унинг ёғдуси жуда қимматбаҳо тошга, биллур олмосга ўхшайди. 12 Унинг девори катта ва баланд эди. Унинг ўн иккита дарвозаси бўлиб, дарвозалари устида ўн иккита фаришта эди. Дарвозаларда эса Исроил ўғилларининг ўн иккита қабиласининг исмлари ёзилган эди. 13 Шарқда учта, шимолда учта, жанубда учта ва ғарбда учта дарвоза бор эди. 14 Шаҳарнинг девори ўн иккита пойдеворга эга, уларда Қўзининг ўн иккита ҳаворийсининг исмлари ёзилган. 15 Мен билан гаплашган фаришта шаҳарни, унинг дарвоза ва деворларини ўлчаш учун олтин ўлчов таёғига эга эди. 16 Шаҳар тўртбурчак шаклида жойлашган. Унинг бўйи эни билан тенгдир. Фаришта шаҳарни таёқ билан ўлчадики, у ўн икки минг стадиос экан. Унинг бўйи, эни ва баландлиги бир-бирига тенгдир. 17 Унинг деворини ҳам ўлчади. У инсон ўлчовида бир юз қирқ тўрт тирсак чиқди. Фариштанинг ўлчови эса инсоннинг ўлчовига тенгдир. 18 Унинг девори олмосдан қурилган эди. Шаҳарнинг ўзи эса тиниқ шишага ўхшаш соф олтиндан эди. 19 Шаҳар деворининг пойдеворлари ҳар хил қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Биринчи пойдеворнинг тоши – олмос, иккинчисининг тоши – зангори ёқут, учинчисининг тоши – ақиқ, тўртинчисининг тоши – зумрад, 20 бешинчисининг тоши – тарғил ақиқ, олтинчисининг тоши – лаъл, еттинчисининг тоши – забаржад, саккизинчисининг тоши – фируза, тўққизинчисининг тоши – топаз, ўнинчисининг тоши – яшил ақиқ, ўн биринчисининг тоши – ложувард, ўн иккинчисининг тоши – сафсар ёқут эди. 21 Ўн иккита дарвоза эса – ўн иккита марвариддир. Ҳар бир дарвоза бир марвариддан иборат эди. Шаҳарнинг кўчалари тиниқ шишадек соф олтин эди. 22 Маъбадни эса мен ушбу шаҳарда кўрмадим, чунки Раббий Қодир Худо ва Қўзи – унинг маъбадидир. 23 Шаҳар қуёшга ҳам, ойга ҳам ёритилиш учун муҳтож эмас, чунки Худонинг шуҳрати уни ёритади, Қўзининг Ўзи – унинг чироғидир. 24 Нажот топган халқлар унинг нурида юрадилар. Ер юзидаги подшоҳлар ўз шуҳрату иззат-икромини унга олиб келадилар. 25 Унинг дарвозалари кун бўйи қулфланмайди, тун эса у ерда бўлмайди. 26 Ушбу шаҳарга халқларнинг шуҳрату иззат-икромини олиб келадилар. 27 Ҳеч бир ифлос ҳамда жирканчлик ва ёлғонга берилган ҳеч ким унга кирмайди. Фақатгина Қўзининг ҳаёт китобида ёзилганлар кирадилар.