22 1 У менга ҳаёт сувининг тоза дарёсини кўрсатди. У биллурдек шаффоф бўлиб, Худо ва Қўзининг тахтидан чиқиб келар эди. 2 Унинг кўчаси ўртасида ва дарёнинг икки томонида ўн икки марта ҳосил берадиган ҳаёт дарахти бор эди. У ҳар ой ўз мевасини берар эди. Дарахтнинг барглари халқларнинг шифоланиши учун эди. 3 Бошқа ҳеч қандай лаънат бўлмайди, лекин шаҳарда Худо ва Қўзининг тахти бўлади. Унинг қуллари эса Унга хизмат қиладилар. 4 Улар Унинг юзини кўрадилар, Унинг номи эса уларнинг пешаналарида бўлади. 5 У ерда тун бўлмайди. Улар чироққа ҳам, қуёшнинг нурига ҳам муҳтож бўлмайдилар, чунки Раббий Худо уларни ёритади. Улар эса абадулабад ҳукмронлик қиладилар. 6 У менга деди: “Бу сўзлар ҳақиқий ва ишончлидир!” Пайғамбарлар руҳларининг Раббий Худоси яқинда нима бўлишини ўзининг қулларига кўрсатиш учун ўз фариштасини юборди. 7 “Мана, Мен тезда келаман. Бу китобнинг башорат сўзларига риоя қилаётган бахтлидир!” 8 Мен, Юҳанно, буларни кўрдим ва эшитдим. Буларни кўриб эшитганимда эса, менга кўрсатган фариштага сажда қилиш учун унинг оёғига йиқилдим. 9 Лекин у менга: “Асло бундай қилма, чунки мен сенга ва сенинг биродарларинг пайғамбарларга ҳамда бу китобнинг сўзларига риоя қиладиганларга ҳамкорман. Худога сажда қилгин”,- деди. 10 Сўнг менга деди: “Бу китобнинг башорат сўзларини муҳрлама, чунки вақт яқиндир. 11 Ноҳақ одам яна ноҳақлигини қилаверсин, нопок одам эса яна булғанаверсин, ҳақ одам яна ҳақлик қилаверсин ва муқаддас яна муқаддасланаверсин”. 12 “Мана, тезда келаман! Ҳар кимни қилган ўз ишига яраша тақдирлаш учун қаримтам Ўзим билан биргадир. 13 Мен Алфа ва Омегаман, Бошланиш ва Тугашман, Биринчи ва Охиргидирман!” 14 Ҳаёт дарахтидан татиш ҳуқуқи бўлиш ва шаҳарга дарвозалар орқали кириш учун ўз кийимини ювадиганлар бахтлидирлар! 15 Ит ва сеҳргарлар, фоҳиша ва қотиллар, бутпарастлар ва ёлғонни мамнунлик билан амалга оширувчилар эса ташқарида қоладилар. 16 “Мен, Исо, бу ҳақида Жамоатларга гувоҳлик бериш учун сизларга Ўз фариштамни юбордим. Мен Довуднинг илдизи ва авлодиман, тонгги ва порлоқ юлдузман!” 17 Руҳ ва келин: “Келгин!”- демоқда. Эшитган ҳар бир ҳам: “Келгин”,- десин. Чанқаган келсин ва хоҳлаган ҳаёт сувини текин олсин. 18 Ушбу китобнинг башорат сўзларини эшитадиган ҳар бир кишига мен ҳам гувоҳлик бераман: Кимки буларга бирор нарсани қўшса, Худо унга бу китобда ёзилган яраларни қўшади. 19 Кимки бу башорат китобининг сўзларидан бирортасини олиб ташласа, Худо уни бу китобда ёзилган ҳаёт дарахтидан ва муқаддас шаҳардан маҳрум қилади. 20 Буларга гувоҳлик Берувчи: ”Мана, тезда келаман!”- дейди. Омин! Кела қолгин, ё, Раббий Исо! 21 Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти барчаларингиз биландир. Омин.