20 1 Мен осмондан тушиб келаётган, қўлида тубсизликнинг калити ва катта занжирга эга бўлган бир фариштани кўрдим. 2 У аждарни, яъни шайтон ва иблис, деб аталган қадимги илонни олиб, уни минг йилга кишанлаб қўйди. 3 Минг йил тамом бўлгунга қадар яна халқларни аврамасин, деб уни тубсизликка улоқтириб, уни қулфлади ва устидан муҳр босди. Шу муддатдан сўнг у бир оз вақтга озод қилиниши керак. 4 Кейин мен тахтларни ва тахтларда ўтирганларни кўрдим, уларга ҳукм қилиш ҳуқуқи берилган эди. Шунингдек, йиртқич ҳайвонга ҳам, унинг тасвирига ҳам сажда қилмаган, унинг тамғасини ўз пешанаси ва ўз қўлига қабул қилмаган, Исонинг гувоҳлиги ва Худонинг сўзи учун бошлари олинганларнинг жонларини кўрдим. Улар тирилиб, Масиҳ билан минг йил ҳукмронлик қилдилар. 5 Ўлганларнинг бошқалари эса минг йил тугамагунича тирилмадилар. Бу биринчи тирилишдир. 6 Биринчи тирилишда иштирок этувчи – муқаддас ва бахтлидир. Иккинчи ўлим уларнинг устидан ҳокимиятга эга эмас, лекин улар Худо ва Масиҳнинг руҳонийлари бўлиб, У билан бирга минг йил ҳукмронлик қиладилар. 7 Минг йил ўтганидан сўнг шайтон ўз зиндонидан озод қилинади. У ернинг тўрт бурчагида бўлган халқларни – Гог ҳамда Магогни – васвасага солиш ва уларни жангга тўплаш учун чиқади. Уларнинг сони денгиз қумидекдир. 8 Улар ер юзи кенглигига чиқиб, муқаддасларнинг қароргоҳи ва севимли шаҳарни ўраб олдилар. 9 Шунда осмондан, Худодан олов тушиб, уларни ютиб юборди. 10 Уларни васвасага солган иблис эса йиртқич ҳайвон ва сохта пайғамбар аллақачон жойлашган олтингугуртли оловли кўлга ташланди. Улар абадулабад туну кун азобланадилар. 11 Мен буюк оппоқ тахт ва тахтда Ўтирганни кўрдим. Унинг ҳузуридан еру осмон қочар эди, аммо уларга жой топилмади. 12 Мен Худонинг олдида турган каттаю кичик ўликларни кўрдим. Китоблар очилди. Ҳаёт китоби деган бошқа бир китоб ҳам очилди. Ўликлар эса ўз ишларига кўра китобларда ёзилгани бўйича ҳукм қилиндилар. 13 Шунда денгиз ўзида бўлган ўликларни берди; ўлим ҳам, дўзах ҳам ўзларида бўлган ўликларни берди; ва ҳар бир киши ўз ишига кўра ҳукм қилинди. 14 Ўлим ҳам, дўзах ҳам оловли кўлга ташланди. Бу иккинчи ўлимдир. 15 Ҳаёт китобида ёзилмаганнинг ҳар бири оловли кўлга ташланди.