19 1 Шундан сўнг мен осмонда худди хитоб қилаётган кўплаб одамларнинг кучли бир овозини эшитдим: “Ҳаллелуйаҳ! Раббий бизнинг Худойимизга нажот, шуҳрат, шараф ва қудрат бўлсин! 2 Чунки Унинг ҳукмлари ҳаққоний ва ҳақдир! Зеро ўз зинокорлиги билан ерни булғаган буюк фоҳишани У ҳукм қилиб, Ўз хизматчиларининг қони қаримтасини унинг қўлидан талаб қилди”. 3 Улар иккинчи марта дейишди: “Ҳаллелуйаҳ! Унинг тутуни абадулабад кўтарилади”. 4 Йигирма тўртта қария ва тўртта жонивор мук тушиб: “Омин! Ҳаллелуйаҳ!”- деб тахтда ўтирган Худога сажда қилдилар. 5 Шунда тахтдан гапираётган бир овоз келди: “Эй, Худойимизнинг барча қуллари! Эй, Ундан қўрқувчи каттаю кичиклар, Уни шарафланглар!” 6 Сўнгра мен гўёки кўп халойиқнинг овози, гўёки кўплаб сувларнинг шовқини, гўёки гумбурлаган қудратли момақалдироқнинг садосини эшитдим. Улар дер эдилар: “Ҳаллелуйаҳ! Зеро Раббий Қудратли Худо салтанат сурди! 7 Қувониб шодланамиз ва Уни шарафлаймиз, чунки Қўзининг никоҳ соати келди, унинг хотини ўзини тайёрлади”. 8 Унга соф ва оппоқ зиғирпоя матосига бурканиш берилди. Зиғирпоя матоси эса муқаддасларнинг ҳақлигидир. 9 Фаришта эса менга: “Ёзиб олгин – Қўзининг никоҳ тўйига чақирилганлар бахтлидир”,- деди. У менга яна деди: “Булар – Худонинг ҳақиқий сўзларидир”. 10 Мен сажда қилиш учун унинг оёқларига йиқилдим. У эса менга: “Асло, бундай қилма. Мен сенинг ҳамкорингман, шунингдек, Исонинг гувоҳлигига эга бўлган биродарларингнинг ҳамкориман. Худога сажда қилгин! Зеро Исонинг гувоҳлиги пайғамбарчилик руҳидир”,- деди. 11 Шунда мен очиқ осмонни кўрдим. Мана, бир оқ от бўлиб, устида Ўтирганнинг номи Содиқ ва Ҳақиқат эди. У ҳақ суд қилиб, жанг қилар эди. 12 Унинг кўзлари олов алангасидайдир. Унинг бошида кўп тожлар бор. Унинг пешанасига Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган бир ном ёзилган эди. 13 У қонга бўялган кийим кийган эди. Унинг номи – “Худонинг Сўзидир”. 14 Унинг кетидан эса соф ва оппоқ зиғирпоя матосига бурканган самовий қўшинлар борар эди. 15 Халқларни қириб ташлаш учун Унинг оғзидан ўткир қилич чиқар эди. У темир таёқ билан уларга чўпонлик қилади. У Қудратли Худонинг қаҳр-ғазаби шаробининг исканжасини топтайди. 16 Унинг кийимига ва Унинг сонига бир ном ёзилган: “Подшоҳларнинг Подшоҳи ва Ҳокимларнинг Ҳокими”. 17 Сўнгра мен қуёшда турган бир фариштани кўрдим. У самонинг ўртасида учадиган барча қушларга баланд овоз билан қичқириб деди: “Келинглар, Худонинг буюк кечлигига йиғилинглар. 18 Подшоҳларнинг этини ва мингбошиларнинг этини, қудратли одамларнинг этини, отларнинг этини ва отлиқларнинг этини, ҳамма одамларнинг – эркину қуллар, каттаю кичикларнинг этини ейиш учун тўпланинглар!” 19 Шунда мен отда Ўтирганга ва Унинг қўшинига қарши жанг қилиш учун тўпланган йиртқич ҳайвон, ер юзидаги подшоҳлар ва уларнинг қўшинларини кўрдим. 20 Йиртқич ҳайвон ҳам, унинг олдида яратилган мўъжизалари билан йиртқич ҳайвоннинг тамғасини қабул қилганларни ва унинг тасвирига сажда қилганларни авраган сохта пайғамбар ҳам қўлга олинди. Уларнинг иккалови олтингугурт билан ёнаётган олов кўлига тириклайин ташландилар. 21 Бошқалар эса отда Ўтирганнинг оғзидан чиқаётган қиличи билан ўлдирилди. Барча қушлар уларнинг этларини еб тўйдилар.