18 1 Шундан сўнг, мен осмондан тушиб келаётган, буюк ҳокимиятга эга бўлган бошқа бир фариштани кўрдим. Ер юзи унинг шуҳратидан ёришди. 2 У баланд овоз билан сўзлаб, кучли ҳайқирди: “Вайрон бўлди! Буюк Бобил вайрон бўлди! У жинларнинг макони, ҳар қанақа нопок руҳнинг қароргоҳи, ҳар қандай нопок ва жирканч қушнинг қароргоҳи бўлди, 3 чунки у ўз зиносининг қизғин шаробини ҳамма халқларга ичирди. Ер юзидаги подшоҳлар у билан зино қилар эдилар. Ер юзидаги савдогарлар унинг буюк ҳашаматидан бойиб кетдилар”. 4 Мен осмондан гапираётган бошқа бир овозни эшитдим: “Эй, Менинг халқим, у ердан чиқинглар, токи унинг гуноҳларида иштирок этманглар ва унинг яраларига дучор бўлманглар. 5 Чунки унинг гуноҳлари осмонгача етди ва Худо унинг ноҳақликларини ёдга олди”. 6 Ушбу фоҳиша сизларга қандай қаримта берган бўлса, сизлар ҳам унга шундай қаримта беринглар ва унинг ишларига яраша икки карра қаримта беринглар. У сизларга шароб тайёрлаган қадаҳда, унинг ўзига икки карра тайёрланглар. 7 У нақадар шарафланган ва дабдабали яшаган бўлса, унга шу қадар азоб ва ғам-ғусса келтиринглар. Зеро у ўз юрагида: “Малика бўлиб ўтирибман, мен бева эмасман ва ғам-ғусса кўрмайман”,- демоқда. 8 Шунинг учун унга бало, ўлим, йиғи ва очлик бир кунда келади. У оловда ёндирилади, чунки уни ҳукм қилувчи Раббий Худо кучлидир. 9 Шунда у билан дабдабали яшаган ва зино қилган ер юзидаги подшоҳлар унинг ёнғинининг тутунини кўриб, йиғлаб юборадилар ва фарёд урадилар. 10 Унинг азоблари даҳшатидан йироқда туриб, шундай дейдилар: “Ҳолингга вой, эй, буюк Бобил шаҳри! Эй, мустаҳкам шаҳар, ҳолингга вой! Чунки суд бир соатда бошингга келди”. 11 Ер юзидаги савдогарлар у учун йиғлаб юборадилар ва фарёд урадилар, чунки уларнинг молларини энди ҳеч ким сотиб олмайди. 12 Олтин ва кумуш буюмлар, қимматбаҳо тошлар ва марварид, зиғирпоя матоси, қип-қизил, ипак ва қирмизи мато, ҳар хил хушбўй дарахт ва фил суягидан ясалган ҳар хил буюмлар, мисдан, темирдан, мармардан ва қимматбаҳо дарахтлардан ясалган ҳар хил буюмлар, 13 долчин ва хушбўй тутатқи, хушбўй мой ва атир, шароб ва мой, ун ва буғдой, қорамол ва қўйлар, от ва аравалар, одамларнинг танаси ва жонини энди ҳеч ким сотиб олмайди. 14 Энди сенда жонингга ёқадиган мевалар ҳам қолмади, ҳашаматли ва ярқироқ ҳамма нарса сендан йироқлашди. Буларни бошқа топа олмайсан. 15 Бу моллар билан савдо-сотиқ қилиб, ундан бойиб кетганлар эса унинг азоблари даҳшатидан йироқда туриб, йиғлайдилар ва фарёд уриб, 16 дейдилар: “Ҳолингга вой, эй, зиғирпоя, қирмизи ва қип-қизил матога ўранган, олтин, қимматбаҳо тошлар ва марварид билан безанган буюк шаҳар! Ҳолингга вой! 17 Зеро шундай бойлик бир соатдаёқ ҳалок бўлди!” Ҳамма дарғалар, кемада ҳамма сузувчилар, ҳамма кемачилар ва денгизда савдо қилувчиларнинг ҳаммалари йироқда туриб, 18 унинг ёнғинининг тутунини кўриб: “Қайси шаҳар бу буюк шаҳарга ўхшаш!”- деб фарёд урдилар. 19 Улар бошларига тупроқ сепиб, фарёд урдилар ва йиғлаб ўкирдилар: “Ҳолингга вой, эй, денгизда кемаларга эга бўлганларнинг ҳаммасини ўз бойлиги билан бойитган буюк шаҳар! Ҳолингга вой! Зеро у бир соатдаёқ ҳувиллаб қолди!” 20 Эй, осмон, эй, муқаддаслар ва ҳаворийлар, ва пайғамбарлар, бундан қувонинглар, чунки Худо унинг устидан ҳукмингизни амалга оширди. 21 Шунда бир қудратли фаришта тегирмоннинг катта тошига ўхшаш тошни олиб, денгизга ташлаб, деди: “Буюк Бобил шаҳри шундай шиддат билан қулатилади, энди у бошқа бўлмайди. 22 Сенда кифара чалаётганлар, куйлаётганлар, сибизға чалаётганлар ва карнай чалаётганларнинг овози бошқа эшитилмайди. Ҳунарманд ҳам, ҳунармандчилик ҳам бошқа бўлмайди, тегирмоннинг шовқини ҳам эшитилмайди. 23 Чироқнинг нури сеникида бошқа пайдо бўлмайди, келин ва куёвнинг овози ҳам эшитилмайди, зеро сенинг савдогарларинг ер юзидаги амалдорлар эди, сенинг сеҳргарлигингга барча халқлар алданган эди. 24 Пайғамбарлару муқаддасларнинг ҳамда ерда ўлдирилганларнинг барчасининг қони унда топилди”.