17 1 Еттита косага эга бўлган еттита фариштадан бири келиб, мен билан сўзлаша бошлаб, деди: “Бу ёққа кел, мен сенга кўп сувлар бўйида ўтирган фоҳишанинг устидан ҳукмни кўрсатаман. 2 Ернинг подшоҳлари у билан зино қилишар, ер юзида яшовчилар унинг зинокорлигининг шароби билан маст бўлар эдилар”. 3 У мени Руҳда саҳрога олиб борди. Мен етти бошли ва ўнта шохли, куфрона номларга тўла қирмизи йиртқич ҳайвонда ўтирган бир аёлни кўрдим. 4 Аёл эса қирмизи ва қип-қизил кийим кийган, олтин, қимматбаҳо тошлар ва марварид билан безанган эди. У қўлида ўз зинокорлигининг ифлослиги ва жирканчликлар билан тўлиб-тошган олтин қадаҳни тутиб турар эди. 5 Унинг пешанасида унинг номи битилган эди: “Сир, буюк Бобил – ер юзидаги бор жирканчлик ва фоҳишаларнинг онасидир”. 6 Шу аёл муқаддасларнинг ва Исо гувоҳларининг қонидан маст бўлганини кўрдим. Уни кўриб, ўта ҳайрат билан ҳайратландим. 7 Фаришта эса менга деди: “Нима учун ҳайратланяпсан? Мен сенга бу аёлнинг ва уни кўтариб юрган етти бошли, ўнта шохли йиртқич ҳайвоннинг сирини айтаман. 8 Мана, сен кўрган йиртқич ҳайвон бор эди, энди йўқ. У тубсизликдан чиқади ва ҳалокатга кетади. Ер юзида яшаётган ва дунё яратилишидан буён ҳаёт китобида ёзилмаган барча одамлар йиртқич ҳайвоннинг бор бўлганини, энди йўқлигини ва яна пайдо бўлишини кўриб, ҳайрон қоладилар. 9 Бунда доноликка эга бўлган онг бор. Еттита бош аслида аёл ўтирган еттита тоғ 10 ва еттита подшоҳдир. Улардан бештаси қулади, бири қолди, бошқа бири ҳали келган эмас. У эса келгач, узоқ турмайди. 11 Бор бўлган, энди эса йўқ бўлган йиртқич ҳайвон – еттита подшоҳдан бири, яъни уларнинг саккизинчисидир. У ҳалокатга кетади. 12 Сен кўрган ўнта шох аслида ўнта подшоҳдир. Улар ҳали шоҳликларини олган эмаслар, аммо подшоҳлар сифатида ҳокимиятни йиртқич ҳайвон билан бирга, бир соатда қўлга киритадилар. 13 Улар бир фикрда бўлиб, ўз қудрати ҳамда ҳокимиятларини йиртқич ҳайвонга берадилар. 14 Улар Қўзи билан жанг қиладилар ва Қўзи уларни енгади. Чунки У – ҳокимларнинг Ҳокими ва подшоҳларнинг Подшоҳидир! У билан бирга бўлганлар эса аслида даъват этилганлар, танланганлар ва содиқлардир”. 15 У менга яна деди: “Сен кўрган, фоҳиша ўтирган сувлар – аслида одамлар ва халқлар, қабилалар ва тиллардир. 16 Сен йиртқич ҳайвонда кўрган ўнта шох эса фоҳишадан нафратланадилар. Улар уни талон-тарож қиладилар, уни яланғочлаб, унинг этини ейдилар, ўзини эса оловда ёндирадилар. 17 Чунки Худо Ўзининг иродасини бажаришни уларнинг юрагига солган. Шундай қилиб, Худонинг сўзи амалга ошмагунича, улар бир ниятда бўлиб, ўз шоҳликларини йиртқич ҳайвонга топширадилар. 18 Сен кўрган аёл эса ер юзидаги подшоҳлар устидан ҳукмронлик қилаётган буюк шаҳардир”.