16 1 Маъбаддан еттита фариштага: “Боринглар, Худо ғазабининг еттита косасини ерга тўкинглар”,- деб гапираётган баланд бир овозни эшитдим. 2 Биринчи фаришта чиқиб, ўз косасини ерга тўкди. Унда йиртқич ҳайвоннинг тамғасига эга бўлган ҳамда унинг тасвирига сажда қиладиган одамларда оғир ва жирканч йирингли яралар пайдо бўлди. 3 Иккинчи фаришта ўз косасини денгизга тўкди. Денгиз эса гўёки мурданинг қонидек қонга айланди ва унинг ичидаги бор жонзод ўлди. 4 Учинчи фаришта ўз косасини дарёларга ва сув манбаларига тўкди – мана, қон бўлди. 5 Мен эса сув фариштасининг шундай сўзлаётганини эшитдим: “Ё, Раббий, Сен ҳақсан! Ё, ҳозир Бор, азалдан бор Бўлган, Сен муқаддассан! Чунки Сен шундай ҳукм қилдинг – 6 улар муқаддаслару пайғамбарларнинг қонини тўкканлари учун Сен уларга қон ичирдинг. Улар бунга лойиқдир”. 7 Шунда мен қурбонгоҳнинг гапираётганини эшитдим: “Ҳа, ё, Раббий Қодир Худо, Сенинг ҳукмларинг ҳаққоний ва ҳақдир!” 8 Тўртинчи фаришта ўз косасини қуёшга тўкди ва қуёшга одамларни олов билан куйдириш учун қудрат берилди. 9 Одамларни кучли жазирама куйдира бошлади. Улар эса шу яралар устидан ҳокимиятга эга бўлган Худога куфр келтирдилар ва Уни шарафламасдан тавба қилмадилар. 10 Бешинчи фаришта ўз косасини йиртқич ҳайвоннинг тахтига тўкди ва унинг шоҳлиги зимистонга чулғаниб қолди. Одамлар эса азобдан тилларини тишладилар, 11 ва ўз азоблару яралари сабабли осмоннинг Худосига куфр келтирдилар, аммо ўз ишларида тавба қилмадилар. 12 Олтинчи фаришта ўз косасини буюк Фрот дарёсига тўкди. Шунда шарқдаги подшоҳларга йўл тайёр бўлиши учун ундаги сув қуриди. 13 Кейин мен аждарнинг, йиртқич ҳайвоннинг ва сохта пайғамбарнинг оғизларидан чиқаётган, бақаларга ўхшаш учта нопок руҳни кўрдим. 14 Булар – аломатлар яратадиган ёвуз руҳлардир. Улар бутун дунёдаги юртларнинг подшоҳлари олдига чиқади, токи Қодир Худонинг ўша буюк кунида бўладиган жангга уларни тўпласинлар. 15 “Мана, Мен ўғридек келяпман. Яланғоч юрмаслик учун, ўз шармандалигини кўрмасликлари учун кийимини асраётган ва бедор бўлган одам бахтлидир!” 16 Улар эса яҳудий тилида Хар-Мегиддўн, деб аталадиган жойда подшоҳларни тўплашди. 17 Еттинчи фаришта ўз косасини ҳавога тўкди ва осмондаги маъбаддан, тахтдан: “Амалга ошди!”- деган баланд бир овоз эшитилди. 18 Шунда момақалдироқ, чақмоқ ҳамда шовқинлар содир бўлди, ва ер юзида инсон яшагандан бери бу қадар юз бермаган кучли зилзила бўлди. Шундай буюк зилзила, шундай кучли зилзила эди! 19 Буюк шаҳар уч қисмга бўлиниб кетди, мажусийларнинг шаҳарлари барбод бўлди. Буюк Бобил шаҳрига Худонинг қаҳр-ғазабининг шароби қадағи берилиш учун у ҳам Худонинг қаршисида ёдга олинди. 20 Ҳар бир орол қочиб кетди, тоғлар эса йўқолди. 21 Самодан одамларга бир талантиас катталигида дўл ёғди. Одамлар эса дўлдан келиб чиққан яралар учун Худога куфр келтирдилар, чунки ундан бўлган яра жуда оғир эди.