15
1
Мен осмонда бошқа бир буюк ва ажойиб аломатни – қўлида еттита охирги яраларга эга бўлган еттита фариштани кўрдим. Шу яралар билан Худонинг қаҳри тугар эди.
2
Мен гўё олов аралаш ойнали денгизни кўрдим. Йиртқич ҳайвонни, унинг тасвирини, унинг тамғасини ва унинг исмининг сонини енгганлар Худонинг кифарларини тутиб, мана шу ойнали денгизда туриб,
3
Худонинг қули Мусонинг қўшиғини ҳамда Қўзининг қўшиғини куйлаб дер эдилар: “Ё, Раббий Қодир Худо, Сенинг ишларинг буюк ва мўъжизакордир! Сенинг йўлларинг тўғри ва ҳақиқийдир, эй, муқаддасларнинг Подшоҳи!
4
Ё, Раббий, ким Сендан қўрқмайди ва Сенинг номингни шарафламайди? Зеро ёлғиз Сен муқаддассан! Барча халқлар келиб, Сенинг олдингда сажда қиладилар, чунки Сенинг ҳукмларинг аён бўлди!”
5
Бундан сўнг мен бир қарадим – мана, осмонда Гувоҳлик Чодирининг маъбади очилди.
6
Қўлида еттита ярага эга бўлган, тоза ва оппоқ зиғир мато кийган ҳамда кўксигача олтин камар таққан еттита фаришта маъбаддан чиқди.
7
Тўртта жонвордан бири еттита фариштага абадулабад яшайдиган Худонинг ғазаби билан тўлдирилган еттита олтин косани берди.
8
Шунда маъбад Худонинг қудрати ва Унинг шуҳратининг тутуни билан тўлди. Еттита фариштанинг еттита яраси тугамагунича, ҳеч ким маъбадга кира олмади.