9 1 Сўнг Исо уларга: “Сизларга ростини айтаманки, бу ерда турганларнинг баъзилари Осмон Шоҳлигини кучда келганини кўрмагунларича, ўлим кўрмайдилар”,- деди. 2 Олти кундан сўнг Исо Петъёр, Ёқуб ва Юҳаннони олиб, уларни баланд тоққа алоҳида олиб чиқди. Шунда уларнинг олдида Унинг қиёфаси ўзгариб кетди. 3 Унинг кийимлари ярқироқ, ер юзида ҳеч бир кир ювувчи оқартира олмас даражада қордай оппоқ тусга кирди. 4 Уларга Элийаҳ билан Мусо зоҳир бўлди. Улар Исо билан cуҳбатлашаётган эдилар. 5 Шунда Петъёр Исога сўзлаб: “Раввий, бизга бу ерда бўлиш яхши. Учта чайла ясайлик: бириси Сенга, бириси Мусога, бириси эса Элийаҳга”,- деди. 6 Аммо у нима дейишини билмас эди, чунки улар жуда қўрқиб кетишган эди. 7 Сўнгра уларга соя солиб, бир булут пайдо бўлди ва булут ичидан: “Бу Менинг севимли Ўғлим, Унга қулоқ солинглар”,- деган овоз келди. 8 Шу лаҳзада эса шогирдлар атрофларига қараб, ёнларида ёлғиз Исодан бошқа ҳеч кимни кўрмадилар. 9 Улар тоғдан тушиб келаётганларида, Исо уларга: “Инсон Ўғли ўликлардан тирилмагунича, кўрган нарсаларингни ҳеч кимга айтманглар”,- деб буюрди. 10 Улар эса ўликдан тирилиш нима эканлигини бир-бирларидан сўраб, бу сўзни юракларида тутиб қолдилар. 11 Улар Исодан сўрадилар: “Нима учун уламолар: Аввал Элийаҳ келиши керак,- дейдилар?” 12 У эса уларга жавоб бериб деди: “Ростдан ҳам, Элийаҳ аввал келиб, ҳамма нарсани тайёрлаши керак. Инсон Ўғли ҳам У ҳақида ёзилганидек, кўп азобланиб хўрланиши керак. 13 Лекин сизларга айтаманки, Элийаҳ аллақачон келди, ва у ҳақида ёзилганидек, у билан истаганларини қилдилар”. 14 Исо шогирдларининг олдига қайтиб келганида, уларнинг атрофида кўп халойиқни ва улар билан баҳслашаётган уламоларни кўрди. 15 Бор халойиқ Уни кўрган заҳоти ҳайратландилар ва Унинг олдига югуриб келиб, Уни олқишладилар. 16 Шунда У уламолардан: “Нима учун улар билан баҳслашяпсизлар?”- деб сўради. 17 Халқ орасидан бир киши жавоб бериб деди: “Устоз, мен Сенинг олдингга гунг руҳи урган ўғлимни олиб келдим. 18 Руҳ уни қаерда тутиб олса, уни ерга қулатади. У оғзидан кўпик чиқариб тишларини ғижирлатади ва қотиб қолади. Мен Сенинг шогирдларингга уни қувиб чиқаришларини айтдим, лекин улар буни қила олмадилар”. 19 У бунга жавобан: “Эҳ, имонсиз авлод, қачонгача сизлар билан бирга бўламан? Қачонгача сизларга чидайман? Болани Менинг олдимга олиб келинглар”,- деди. 20 Шунда уни Исонинг олдига олиб келдилар. Ўсмир Уни кўрганидаёқ, руҳ уни силкитди ва у ерга йиқилиб, оғзидан кўпик чиқариб, ағнаб ётаверди. 21 Исо унинг отасидан: “Қанча вақтдан буён у бундай бўляпти?”- деб сўради. У деди: “Болалигидан! 22 Кўп марта руҳ уни нобуд қилиш учун оловга ҳам, сувга ҳам ташлади. Агар Сен бирор нарса қила олсанг, бизга раҳм қил, бизга ёрдам бер”. 23 Исо эса унга: “Агар Сен ишона олсанг, ишонган одамга ҳамма нарсанинг имкони бор”,- деди. 24 Дарҳол боланинг отаси кўз ёши билан ҳайқириб: “Ишонаман, Раббим, менинг имонсизлигимга ёрдам бер”,- деди. 25 Исо халойиқнинг йиғилиб келаётганини кўриб, нопок руҳга тақиқлаб, унга: “Эй, гунг ва кар руҳ, Мен сенга буюраман, ундан чиққин ва бошқа унга кирмагин”,- деди. 26 Шунда руҳ қичқириб, уни қаттиқ силкитиб чиқди, ўсмир эса худди ўликдек бўлиб қолди, ҳатто кўплар: “У ўлди”,- дедилар. 27 Лекин Исо уни қўлидан ушлаб кўтарди ва у оёққа турди. 28 Сўнг Исо уйга кирганида, шогирдлари Ундан алоҳида: “Нима учун биз ёвуз руҳни қувиб чиқара олмадик?”- деб сўрадилар. 29 У эса уларга: “Бу турдаги руҳ фақатгина ибодатдан бошқа йўл билан чиқмайди”,- деди. 30 Кейинчалик улар у ердан чиқиб, Галиле орқали ўтдилар. Исо эса буни ҳеч ким билиб қолишини хоҳламас эди. 31 Зеро Ўз шогирдларига таълим бериб, уларга: “Инсон Ўғли одамларнинг қўлига топширилади ва Уни ўлдиришади, ўлдирилганидан кейин учинчи куни тирилади”,- деб айтар эди. 32 Аммо улар бу сўзларни тушунмадилар, Ундан сўрашга эса қўрқдилар. 33 Исо Кафарнаҳумга келди-да, уйда бўлган пайтида улардан: “Йўл бўйи ўзаро нима ҳақида мунозара қилдингизлар?”- деб сўради. 34 Бироқ улар сукут сақладилар, чунки йўл бўйи улар ким катта эканлиги ҳақида ўзаро мунозара қилган эдилар. 35 Шунда У ўтириб, ўн икки шогирдини чақирди ва уларга: “Агар бирор киши биринчи бўлишни истаса, ҳаммадан охирги бўлсин ва ҳаммага хизматкор бўлсин”,- деди. 36 Сўнг У болани олиб, уларнинг ўртасига қўйди ва уни қучоқлаб, уларга деди: 37 ”Ким битта шундай болани Менинг номим ҳақи қабул қилса, Мени қабул қилади. Мени қабул қилган эса Мени эмас, балки Мени Юборганни қабул қилади”. 38 Юҳанно эса: “Устоз, биз Сенинг номингдан жинларни қуваётган бир одамни кўрдик. У бизнинг ортимиздан юрмагани учун биз унга тақиқладик”,- деди. 39 Исо бунга деди: “Унга тақиқламанглар, чунки Менинг номимдан мўъжиза яратган ҳеч бир одам, тез орада Мени ғийбат қилмайди. 40 Зеро ким сизларга қарши бўлмаса, у сизлар томонингиздадир. 41 Агар кимдир сизлар Масиҳга тегишли бўлганларингиз учун сизларга Менинг номим ҳақи бир пиёла сув берса, сизларга ростини айтаманки, ўз мукофотини йўқотмайди. 42 Кимки Менга имон келтирган мана шу кичиклардан биронтасини васвасага солса, унинг бўйнига тегирмон тошини осиб, уни денгизга ташланиши у учун яхшироқ бўлар эди. 43 Агар қўлинг сени васвасага солса, уни кесиб ташла. Икки қўлинг билан жаҳаннамга, ўчмас оловга борганингдан кўра, майиб бўлиб ҳаётга кирганинг афзалроқдир. 44 Жаҳаннамда уларнинг қурти ўлмайди ва олови ҳам ўчмайди. 45 Агар оёғинг сени васвасага солса, уни чопиб ташла. Икки оёғинг билан жаҳаннамга, ўчмас оловга ташланганингдан кўра, чўлоқ бўлиб ҳаётга кирганинг афзалроқдир. 46 Жаҳаннамда уларнинг қурти ўлмайди ва олови ҳам ўчмайди. 47 Агар кўзинг сени васвасага солса, уни ўйиб олгин. Икки кўзинг билан оловли жаҳаннамга ташланганингдан кўра, бир кўз билан Худонинг Шоҳлигига кирганинг афзалроқдир. 48 Жаҳаннамда уларнинг қурти ўлмайди ва олови ҳам ўчмайди. 49 Чунки ҳамма олов билан тузланади ва ҳар бир қурбонлик туз билан тузланади. 50 Туз – яхши нарса. Аммо туз ўз тузлигини йўқотса, уни қандай қилиб шўр қиласизлар? Ўзларингизда тузга эга бўлинглар ва ўзаро тинчликка эга бўлинглар”.