8 1 Ўша кунларда яна жуда кўп халқ тўпланган эди. Ейишга ҳеч нарсалари бўлмагани учун Исо Ўзининг шогирдларини чақириб, уларга деди: 2 ”Халққа ачиняпман, чунки улар уч кундан буён Мен билан бирга, ейишга эса ҳеч нарсалари йўқ. 3 Агар уларни уйларига овқат бермай жўнатиб юборсам, йўлда ҳолдан тойишади, чунки уларнинг баъзилари узоқдан келишган”. 4 Шогирдлари Унга: “Уларни тўйдириш учун бу саҳрода ким қаердан нон топа оларди?”- деб жавоб бердилар. 5 У эса улардан: “Қанча нонингиз бор?”- деб сўради. Улар: “Еттита”,- деб жавоб бердилар. 6 Шунда У халққа ерга ёнбошлашларини буюрди-да, еттита нонни олиб, миннатдорчилик билдирди ва уларни синдириб, тарқатишлари учун Ўзининг шогирдларига берди. Улар эса халққа тарқатдилар. 7 Уларда бир неча балиқчалар ҳам бор эди. Исо дуо қилиб, уларни ҳам тарқатишни буюрди. 8 Шундай қилиб, улар еб тўйдилар ва қолган бўлаклардан етти сават йиғиб олдилар. 9 Еганларнинг сони эса тўрт минг киши атрофида эди. Сўнг У уларни қўйиб юборди. 10 Шу заҳоти Исо қайиққа тушиб, Ўзининг шогирдлари билан бирга Далманута қирғоғига келди. 11 Шу орада фарзийлар чиқиб, У билан баҳслаша бошладилар ва Уни васвасага солиб, Ундан осмондан аломат кўрсатишини сўрадилар. 12 Исо эса чуқур хўрсинди-да: “Нима учун бу авлод аломат сўрайди? Сизларга ростини айтаманки, бу авлодга аломат берилмайди”,- деди. 13 Сўнг уларни тарк этиб, қайиққа тушди ва яна нариги томонга жўнаб кетди. 14 Шогирдлари ўзлари билан нон олишни унутибдилар. Қайиқда битта нондан бошқа нон йўқ эди. 15 Исо эса уларга амр бериб: “Қаранглар, фарзийларнинг хамиртурушидан ҳамда Ҳироднинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар”,- деди. 16 Шогирдлар эса ўзаро мулоҳаза юритиб: “У бизнинг нонимиз йўқлиги учун шундай деяпти”,- дедилар. 17 Исо буни англаб уларга деди: “Нега сизлар: Нонимиз йўқлиги учун,- деб мулоҳаза қиляпсизлар? Ҳануз англамадингизларми, ҳануз тушунмадингизларми? Ҳануз юракларингиз тош бўлиб қолдими? 18 Кўзларингиз бор бўлиб кўрмайсизларми? Қулоғингиз бор бўлиб эшитмайсизларми? Эсингизда йўқми? 19 Мен бешта нонни беш минг одам орасида бўлиб берганимда, қолган бўлаклардан нечта тўла сават йиғиб олдингизлар?” Улар Унга: “Ўн иккита”,- дедилар. 20 ”Еттита нонни тўрт минг одам орасида бўлиб берганимда-чи, қолган бўлаклардан нечта тўла сават йиғиб олган эдингизлар?” Улар эса: “Еттита”,- дедилар. 21 Шунда У уларга: “Ҳали ҳам англамайсизларми?”- деди. 22 Сўнг Исо Бейт-Сайдага келди. Унинг олдига кўр одамни олиб келиб, унга қўл тегизишини Ундан ўтиниб сўрадилар. 23 Исо кўр одамнинг қўлидан тутиб, уни қишлоқдан ташқарига олиб чиқди ва унинг кўзларига тупуриб, унга қўлини қўйди-да, ундан: “Бирор нарсани кўряпсанми?”- деб сўради. 24 У бир қараб: “Ўтиб кетаётган одамларни худди дарахтлардек кўряпман”,- деди. 25 Сўнгра Исо яна унинг кўзларига қўлини қўйиб, унга қарашни буюрди. У эса тузалиб, ҳаммани аниқ кўра бошлади. 26 Шунда Исо уни уйига жўнатиб: “Қишлоққа кирмагин ва қишлоқдаги ҳеч кимга буни айтиб бермагин”,- деди. 27 Сўнг Исо Ўз шогирдлари билан Филип Кесариясидаги қишлоқларга борди. Йўлда У шогидларидан: “Одамлар Мени ким, деб ҳисоблайдилар?”- деб сўради. 28 Улар эса: “Баъзилари – Яҳё Чўмдирувчи, бошқалари – Элийаҳ, яна бошқалари эса – пайғамбарлардан бири, деб ҳисоблайдилар”,- деб жавоб бердилар. 29 Шунда Исо улардан: “Лекин сизлар Мени ким, деб ҳисоблайсизлар?”- деб сўради. Петъёр Унга жавобан: “Сен Масиҳсан”,- деди. 30 Исо эса уларга У ҳақида ҳеч кимга айтмасликларини буюрди. 31 Сўнг Исо Инсон Ўғлининг кўп азобланиши кераклигини ва оқсоқоллар, олий руҳонийлар, уламолар томонидан рад қилиниб ўлдирилишини ҳамда уч кундан сўнг қайта тирилишини уларга уқтира бошлади. 32 У бу ҳақида очиқ гапирар эди. Лекин Петъёр Уни четга чақириб, Унга таъна қила бошлади. 33 Исо эса ўгирилиб, Ўз шогирдларига қаради-да, Петъёрга ман этиб: “Йўқол олдимдан, шайтон! Зеро сен Худонинг ишларини эмас, одамларнинг ишларини ўйлаяпсан”,- деди. 34 Сўнг Исо халқ билан Ўзининг шогирдларини чақириб, уларга деди: “Ким Менинг ортимдан бормоқчи бўлса, ўзини рад этсин ва ўз хочини олиб, Менинг ортимдан юрсин. 35 Чунки ким жонини сақлаб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Лекин ким Мен ва хушхабар учун жонини йўқотса, уни сақлаб қолади. 36 Чунки агар одам бутун дунёни қўлга киритса-ю, аммо ўзининг жонини йўқотса, унга нима фойда? 37 Зеро одам ўзининг жони учун қандай тўлов беради? 38 Шунинг учун кимки бу зинокор ва гуноҳкор авлодда Мендан ва Менинг сўзларимдан уялса, ўша одамдан Инсон Ўғли ҳам Отасининг шуҳратида муқаддас фаришталар билан келганида уялади”.