7 1 Фарзийлар ва Йерусалимдан келган уламолар Исонинг олдига йиғилдилар. 2 Шунда Унинг шогирдларининг баъзилари ҳаром, яъни ювилмаган қўл билан нон еяётганларини кўриб, танбеҳ бердилар. 3 Зеро фарзийлар ва барча яҳудийлар, оқсоқолларнинг удумига риоя қилиб, қўлларини яхшилаб ювмай, овқат емайдилар. 4 Шунингдек, бозордан келиб, қўлларини ювмай, овқат емайдилар. Улар риоя қиладиган кўп бошқа нарсалар бор – пиёлалар, косалар, қозонлар ва хонтахталарни ювиш удуми ҳам бор. 5 Сўнг фарзийлар ва уламолар Ундан: “Нима учун шогирдларинг оқсоқолларнинг удумларига риоя қилмасдан, ювилмаган қўллар билан нон ейдилар?”- деб сўрадилар. 6 Исо жавоб бериб уларга деди: “Ишаъё сизлар, иккиюзламачилар ҳақингизда яхши башорат қилган, худди ёзилганидек: Бу халқ Мени тили билан иззат қилади, лекин уларнинг юраклари Мендан узоқда. 7 Лекин одамларнинг таълимотлари ва амрларини ўргатиб, Мени бекорга иззат қилмоқдалар. 8 Чунки сизлар Худонинг амрларини қолдириб, одамларнинг удумларига: косаларни, пиёлаларни ювиш ва кўплаб шунга ўхшаш нарсаларни бажаришга риоя қиласизлар”. 9 Сўнгра яна уларга деди: “Ўз удумларингизга риоя қилиш учун Худонинг амрини рад қилишингиз яхшими? 10 Зеро Мусо: Ота-онангни ҳурмат қилгин, ва: Ким отасини ёки онасини лаънатласа, ўлим билан ўлсин,- деб айтган. 11 Сизлар эса: Агар одам ўз отаси ёки онасига: Мана – Корбан, яъни сиз мендан фойдаланишингиз мумкин бўлгани Худога инъом,- деса, 12 унда ўша одам ўз отасига ёки онасига ҳеч нарса қилмаслиги мумкин,- дейсизлар. 13 Сизларнинг ўзларингиз ўрнатган ўз удумларингиз билан Худонинг Сўзини бекор қилиб, яна шунга ўхшаш кўп ишларни қиласизлар-ку!” 14 Кейин Исо бутун халқни чақириб уларга: “Ҳаммаларингиз Менга қулоқ солинглар ва англаб етинглар,- деди,- 15 Одамнинг ичига ташқаридан кирган ҳеч нарса уни ҳаром қилмайди, лекин унинг ичидан чиққан нарсалар уни ҳаром қилади. 16 Кимнинг эшитишга қулоғи бўлса, эшитсин!” 17 Исо халқни қолдириб, уйга кирганида, Унинг шогирдлари Ундан масал ҳақида сўрадилар. 18 У эса уларга: “Наҳот сизлар ҳам шунчалик бефаҳмсизлар?- деди,- Ташқаридан одамнинг ичига кирган ҳеч нарса уни ҳаром қила олмаслигини наҳот тушунмасангизлар? 19 Чунки бу нарсалар унинг юрагига эмас, балки қорнига киради ва ташқарига чиқиб кетади”. Шу билан ҳамма таомлар тозаланади. 20 Кейин У деди: “Одамнинг ичидан чиқадигани одамни ҳаром қилади. 21 Чунки ичидан, одамнинг юрагидан ёвуз фикрлар, зино, фоҳишабозлик, қотилликлар, 22 ўғирликлар, тамагирлик, бетавфиқлик, маккорлик, ҳирс, ҳасадли кўз, куфрлик, мағрурлик, аҳмоқлик чиқади. 23 Ана шу ёмонликнинг барчаси ичидан чиқиб, одамни ҳаром қилади”. 24 Сўнг у ердан жўнаб, Исо Тир ва Сидўн ҳудудларига келди. У бир уйга кирди ва буни ҳеч ким билмаслигини истаган эди, лекин яширин қола олмади. 25 Чунки қизини нопок руҳ чалган бир аёл У ҳақида эшитиб қолди-да, келиб Унинг оёғига йиқилди. 26 Бу аёл Суриянинг Финикия юртида туғилган бўлиб, юнон эди. У қизидан жинни қувиб юборишини Исодан ўтиниб сўради. 27 Лекин Исо унга: “Аввал болалар тўйишсин, чунки нонни болалардан олиб, итларга ташлаш яхши эмас”,- деди. 28 Аёл эса Унга жавоб бериб: “Худди шундай, Ҳазратим, бироқ итлар ҳам хонтахтанинг тагида болалардан тушган ушоқлардан ейишади”,- деди. 29 Шунда Исо унга: “Шу сўзинг учун боравер, жин сенинг қизингдан чиқиб кетди”,- деди. 30 Аёл бориб уйига келганда, жин чиқиб кетганини ва қизи тўшакда ётганини кўрди. 31 Исо Тир ва Сидўн чегараларидан чиқиб, Декаполис ҳудудлари орқали яна Галиле денгизига келди. 32 Унинг олдига кар ва тутилиб гапирадиган бир одамни олиб келиб, Исодан унга қўлини қўйишини сўрадилар. 33 Исо уни халқдан четроққа олиб ўтиб, унинг қулоқларига бармоқларини қўйди ва тупуриб унинг тилига тегинди. 34 Сўнг осмонга қараб чуқур хўрсинди-да, унга: “Эффата!”- деди. (Эффата эса “Очилгин” демакдир). 35 Шу заҳоти унинг қулоқлари очилиб, унинг тилининг боғлангани ечилиб кетди ва у аниқ гапира бошлади. 36 Исо эса унга буни ҳеч кимга айтмасликларини буюрди. Лекин У одамларга қанча кўп тақиқласа ҳам, улар шунча кўп овоза қилар эдилар. 37 Шунда барча ҳаддан ташқари ҳайратланиб: “У ҳамма нарсани яхши қиляпти: карларни эшитадиган ва гунгларни гапирадиган қиляпти”,- дер эди.