6 1 Исо ўша ердан чиқиб, Ўз шаҳрига келди. Унинг шогирдлари эса Унинг ортидан эргашдилар. 2 Шаббат куни келганида, У синагогада таълим бера бошлади. Уни тинглаётганларнинг кўпчилиги эса ҳайратланиб дедилар: “Буларни У қаердан олган? Унга нақадар донолик берилган-ку!? Қандай қилиб шу қудратли мўъжизалар Унинг қўллари билан амалга оширилмоқда? 3 У Мирйамнинг Ўғли ва Ёқубнинг, Йошийаҳнинг, Яҳудонинг, Шимўннинг акаси бўлган дурадгор эмасми? Унинг сингиллари ҳам шу ерда, бизнинг орамизда эмасми?” Шундай қилиб, улар У ҳақида васвасага тушдилар. 4 Исо эса уларга: “Пайғамбар ўз ватанидан, ўз қариндошлари ва хонадонидан бошқа ерда ҳурмат-иззатсиз бўлмайди”,- деди. 5 Бинобарин, У ўша ерда ҳеч қандай мўъжиза ярата олмади. Фақатгина бир неча беморларга қўл қўйиб, уларни шифолади. 6 Шунда У уларнинг имонсизликларидан ҳайрон бўлди. Сўнг атрофдаги қишлоқларга бориб таълим берди. 7 Бир кун Исо ўн иккита шогирдини чақириб, уларни иккита-иккитадан жўната бошлади ва уларга нопок руҳлар устидан ҳокимият берди. 8 Уларга ўзлари билан сафарга фақат ҳассадан бошқа ҳеч нарса: халта ҳам, нон ҳам, камарларида мис чақа ҳам олмасликларини, 9 лекин оддий пойафзал кийишларини ва икки сидра кийим киймасликларини амр этди. 10 Шунингдек, Исо уларга: “Қайси жойда бирор уйга кирсангизлар, ўша жойдан чиқиб кетмагунингизча шу уйда қолинглар. 11 Агар бир кимса сизларни қабул қилмаса ёки сизларга қулоқ солмаса, ўша жойдан чиқиб кетаётганингизда, уларга қарши гувоҳлик бўлиши учун оёғингизнинг чангини қоқиб кетинглар. Сизларга ростини айтаманки, ҳукм кунида бу шаҳардан кўра Садўм ва Ғамўра шаҳарларининг ҳоли енгилроқ бўлади”,- деди. 12 Шундай қилиб, улар бориб, тавба қилишни воизлик қилдилар, 13 кўп жинларни қувдилар ва кўплаб касалларга мой суртиб уларни шифоладилар. 14 Подшоҳ Ҳирод Исо ҳақида эшитиб қолди, чунки Унинг исми овоза бўлган эди. Шунда Ҳирод: “Бу Яҳё Чўмдирувчи ўликлардан тирилди, шунинг учун у орқали шундай мўъжизалар амалга ошмоқда”,- деди. 15 Бошқалар эса: “Бу Элийаҳ”, яна бошқалар: “Бу пайғамбар”, ёки: “Бўлмаса, пайғамбарларнинг биридек”,- дейишар эди. 16 Лекин Ҳирод Исо ҳақида эшитгач: “Бу – мен бошини танасидан жудо қилган Яҳёдир. У ўликлардан тирилган”,- дер эди. 17 Ҳироднинг ўзи бир вақтлар Яҳёни қўлга олиб, уни акаси Филипнинг хотини Ҳиродия сабабли зиндонга қамаган эди. Чунки Ҳирод унга уйланган эди, 18 Яҳё эса Ҳиродга: “Акангнинг хотинига эга бўлишинг тўғри эмас”,- деган эди. 19 Шунинг учун Ҳиродия ундан ғазабланиб, уни ўлдирмоқчи бўлди, аммо ўлдира олмасди, 20 чунки Ҳирод Яҳёнинг ҳақ ва муқаддас киши эканлигини билиб, ундан қўрқар, уни ҳимоя қилар эди. У унга қулоқ солиб, кўп ишларни қилар ва уни завқ билан тинглар эди. 21 Қулай кун келганида, Ҳирод ўзининг туғилган кунида ўзининг ҳокимларига, мингбошиларига ва Галиленинг бошлиқларига зиёфат берди. 22 Ҳиродиянинг қизи келиб, рақс тушиб, Ҳирод ва у билан ўтирганларнинг кўнглини олди. Подшоҳ қизга: “Нимани истасанг, мендан сўра ва мен сенга бераман”,- деди. 23 У қасам ичиб: “Нимаики мендан сўрасанг, мен сенга ҳаттоки подшоҳлигимнинг ярмигача ҳам бераман”,- деди. 24 У эса бориб, онасидан: “Нима сўрайин?”- деб сўради. Онаси эса: ”Яҳё Чўмдирувчининг бошини”,- деб жавоб берди. 25 Шу заҳоти у подшоҳнинг олдига шошилиб бориб: “Сиз ҳозироқ менга лаганда Яҳё Чўмдирувчининг бошини беришингизни истайман”,- деди. 26 Шунда подшоҳ чуқур қайғурди, лекин ўзи билан ўтирганларнинг олдида қасам ичгани учун унга рад қилишни истамади. 27 Шу заҳоти подшоҳ жаллодни юбориб, унинг бошини олиб келишни буюрди. 28 Жаллод эса бориб, қамоқда Яҳёнинг бошини танасидан жудо қилди ва лаганда унинг бошини олиб келиб, уни қизга берди, қиз эса онасига топширди. 29 Яҳёнинг шогирдлари буни эшитганларида, келиб унинг танасини олиб кетдилар ва уни қабрга қўйдилар. 30 Ҳаворийлар Исонинг олдига йиғилиб, Унга ҳамма нарсани, яъни нима қилганларини ва халққа нимани ўргатганларини айтиб бердилар. 31 У эса уларга: “Сизлар алоҳида овлоқ жойга бориб, озгина дам олинглар”,- деди. Чунки келиб кетаётганларнинг кўплигидан уларнинг ҳатто овқатланишга ҳам вақтлари йўқ эди. 32 Шунда улар ёлғиз ўзлари овлоқ жойга қайиқда сузиб кетдилар. 33 Халқ уларнинг кетаётганини кўргач, кўпчилик уларни таниб қолди. Шунинг учун ҳамма шаҳарлардан ўша жойга пиёда югуриб бориб, улардан олдин у ерга етиб бордилар ва Унинг олдига йиғилдилар. 34 Исо соҳилга чиққач, кўп халойиқни кўриб, уларга раҳми келди, чунки улар чўпони йўқ қўйлардек эдилар. Шунда У уларга кўп нарсаларни ўргата бошлади. 35 Анча вақт ўтганидан сўнг шогирдлари Унинг олдига келиб, Унга: “Бу ер овлоқ жой, кун эса кеч бўлди,- дедилар,- 36 уларни қўйиб юбор, токи улар атрофдаги жойларга ва қишлоқларга бориб, ўзларига нон сотиб олсинлар, зеро уларнинг ейишлари учун ҳеч нарсалари йўқ”. 37 Исо уларга жавоб бериб: “Сизлар уларга овқат беринглар!”- деди. Улар эса Унга: “Наҳот биз бориб икки минг динорга нон сотиб олиб, уларга ейишга берсак?”- дедилар. 38 У уларга: “Қанча нонингиз бор? Бориб кўринглар”,- деди. Улар билганларидан сўнг: “Бешта нон ва иккита балиқ”,- дедилар. 39 Шунда Исо шогирдларига ҳаммани яшил ўт устига гуруҳ-гуруҳ қилиб ўтирғизишни буюрди. 40 Улар юзтадан ва элликтадан қатор бўлиб ўтирдилар. 41 У бешта нон ва иккита балиқни олиб, осмонга қараб дуо қилди ва халққа беришлари учун шогирдларига бўлиб берди. Шунингдек, иккита балиқни ҳаммага бўлиб берди. 42 Уларнинг ҳаммалари еб тўйдилар. 43 Шогирдлари эса ўн икки сават тўла нон ва балиқнинг қолганини йиғиб олдилар. 44 Нон еганларнинг сони эса чамаси беш мингта эркак эди. 45 Исо вақт ўтказмай, Ўзи халқни қўйиб юборгунича, шогирдларини қайиққа тушиб нариги томонга, Бейт-Сайдага боришга қистади. 46 Халқни жўнатиб юборганидан кейин, У ибодат қилиш учун тоққа чиқди. 47 Кеч кирганида, қайиқ денгизнинг ўртасида эди, Исо эса ерда бир Ўзи эди. 48 У уларнинг сузишда қийналаётганларини кўрди, чунки шамол уларга қарши эди. Тунги тўртинчи қоровуллик навбатида Исо денгиз устида юриб, шогирдларнинг олдига борди-да, уларнинг ёнидан ўтиб кетмоқчи бўлди. 49 Улар эса Унинг денгиз устида юраётганини кўрганларида, бу шарпа бўлса керак, деб ўйлаб, қичқириб юбордилар. 50 Чунки уларнинг ҳаммаси Уни кўргач, қўрқиб кетдилар. Шу заҳоти Исо улар билан гаплашиб: “Дадил бўлинглар, бу Менман. Қўрқманглар”,- деди. 51 Сўнг У уларнинг ёнига, қайиққа тушди ва шамол тўхтади. Шунда шогирдлар ўз ичларида ҳаддан ташқари ҳайратланиб, лол қолдилар. 52 Чунки улар нонлар билан бўлган мўъжизани англамадилар, зеро уларнинг юраклари тош бўлиб қолган эди. 53 Денгиздан сузиб ўтиб, улар Геннисарет ери қирғоғига келиб тўхтадилар. 54 Исо қайиқдан чиққанида, ўша заҳоти халқ Уни таниб, 55 бутун ўша юртни тезда айланиб югурди. Шундай қилиб, Унинг қаерда эканлигини эшитиб, ўша ерга тўшакларда касалларни олиб кела бошлади. 56 Исо қаерга келмасин, қишлоқларгами ёки шаҳарларгами ёки овулларгами, улар касалларни кўчаларда ётқизиб, Ундан, ҳеч бўлмаса, Унинг кийимининг этагига қўл тегизишни сўрар эдилар, қўл тегизганлар эса соғайиб кетар эдилар.