10 1 Исо у ердан чиқиб, Йорданнинг нариги томонидаги Яҳудия ҳудудларига келди. Халқ яна Унинг олдида тўпланди. Одатига кўра, У уларга таълим бера бошлади. 2 Фарзийлар келдилар ва Уни васвасага солиб: “Эр хотини билан ажралиши мумкинми?”- деб сўрадилар. 3 У эса уларга: “Мусо сизларга нимани амр қилган?”- деди. 4 Улар: “Мусо ажралиш гувоҳномаси ёзиб, хотиндан ажралишга ижозат берган”,- дедилар. 5 Исо уларга жавобан деди: “Сизлар тош юрак бўлганларингиз учун у сизларга бу амрни ёзган. 6 Яратилишнинг бошида эса, Худо уларни эркак ва аёл қилиб яратди. 7 Шунинг учун одам ота-онасини тарк этиб, 8 хотинига ёпишади ва иккалови бир тана бўлади. Энди улар иккита эмас, балки бир танадир. 9 Шундай қилиб, Худо қўшганни одам ажратмасин”. 10 Уйда шогирдлари Ундан яна шу ҳақида сўрашди. 11 У уларга деди: “Кимки ўз хотинидан ажралиб, бошқага уйланса, унга қарши зино қилаётган бўлади. 12 Агар хотин эридан ажралиб, бошқага турмушга чиқса, зино қилаётган бўлади”. 13 У қўлини тегизиши учун, Унинг олдига болаларни олиб келдилар, шогирдлари эса болаларни олиб келаётганларга буни тақиқладилар. 14 Буни кўриб, Исо ғазабланди ва деди: “Болаларнинг Менинг олдимга келишларига рухсат беринглар ва уларга тўсқинлик қилманглар, чунки Худонинг Шоҳлиги шундайларникидир. 15 Сизларга ростини айтаманки, ким Худонинг Шоҳлигини боладек қабул қилмаса, у унга кирмайди”. 16 Уларни қучоқлаб, уларга қўлларини қўйди ва уларни дуо қилди. 17 У йўлга чиқаётганида, бир кимса югуриб келиб, Унинг қаршисида тиз чўкди ва Ундан: “Эзгу Устоз! Мен абадий ҳаётни мерос қилиб олишим учун нима қилишим керак?”- деб сўради. 18 Исо эса унга деди: “Нима учун сен Мени эзгу, деб атаяпсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким Эзгу эмас! 19 Амрларни биласан: зино қилма, ўлдирма, ўғирлик қилма, сохта гувоҳлик берма, ўзганикини тортиб олма, ота-онангни ҳурмат қил”. 20 У эса Унга жавобан: “Устоз! Мен ёшлигимдан буларнинг барчасига риоя қилдим”,- деди. 21 Исо унга қараб, уни севиб қолди ва унга: “Сенга бир нарса етишмаяпти: бор, нималарга эга бўлсанг, ҳаммасини сотиб, қашшоқларга тарқатгин, шунда самода хазинага эга бўласан. Сўнгра келиб, хочингни ол ва Менинг ортимдан эргаш”,- деди. 22 У эса бу гапдан хафа бўлиб, қайғу билан йироқлашди, чунки у кўп мулкка эга эди. 23 Атрофга қараб, Исо Ўз шогирдларига: “Бойликка эга бўлганларнинг Худонинг Шоҳлигига киришлари нақадар қийин”,- деди. 24 Шогирдлари Унинг сўзларидан ҳайратландилар. Аммо Исо уларга яна деди: “Болалар! Бойликка умид қиладиганларнинг Худонинг Шоҳлигига киришлари нақадар қийин. 25 Бой одамнинг Худонинг Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир”. 26 Улар эса ўта ҳайратланиб, ўзаро: “Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан?”- дедилар. 27 Исо уларга қараб: “Одамлар учун бу имконсиздир, аммо Худо учун эмас, чунки Худо учун ҳамма нарсанинг имкони бор”,- деди. 28 Сўнг Петъёр Унга сўзлашни бошлаб: “Мана, биз ҳамма нарсани тарк этиб, Сенинг ортингдан эргашдик”,- деди. 29 Исо жавоб бериб: “Сизларга ростини айтаман,- деди,- Бирор киши йўқки, у Мен учун ва Хушхабар учун уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-бола ёки ер-мулкини ташлаб кетгач, 30 ҳозир, шу замонда, қувғинлар аро уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-бола, ёки ер-мулкидан кўра юз марта кўпроғини олмаса, келажак асрда эса абадий ҳаётга эришмаса. 31 Кўплаб биринчи бўлганлар охирги бўладилар, охиргилар эса биринчи бўладилар”. 32 Улар Йерусалимга борадиган йўлда кетаётган эдилар. Исо шогирдларнинг олдида борар эди. Улар эса Унинг ортидан бораётиб, ҳайратда ва даҳшатда эдилар. Исо ўн икки шогирдини яна чақириб, Ўзи билан нима содир бўлишини уларга айта бошлади: 33 ”Мана, биз Йерусалимга боряпмиз. Инсон Ўғли олий руҳонийлар ҳамда уламоларга топширилади. Улар Уни ўлимга ҳукм қилиб, мажусийларнинг қўлига топширадилар. 34 Уни ҳақорат қиладилар ва калтаклайдилар. Унга тупурадилар ва Уни ўлдирадилар. У эса учинчи куни тирилади”. 35 Шунда Забадийнинг ўғиллари Ёқуб ва Юҳанно Исога яқинлашиб: “Устоз, Сендан илтимосимизни бажаришингни сўраймиз”,- дедилар. 36 У уларга: “Мен сизлар учун нима қилишимни истайсизлар?”- деди. 37 Улар Унга: “Сенинг шуҳратингда, бизнинг биримиз ўнг томонингда, биримиз чап томонингда ўтиришимизга ижозат бергин”,- дедилар. 38 Аммо Исо уларга: “Нимани сўраётганларингизни билмайсизлар. Мен ичадиган косадан ича оласизларми? Мен чўмдириладиган чўмдирилишга чўмдирила оласизларми?”- деди. 39 Улар: “Қила оламиз!”- деб жавоб бердилар. Исо эса уларга деди: “Мен ичадиган косадан ичасизлар ва Мен чўмдириладиган чўмдирилишга чўмдириласизлар. 40 Менинг ўнг ёки чап томонимда ўтиришга ижозат бериш эса Менинг ихтиёримда эмас, лекин кимга тайёрланган бўлса, ўшанга берилади”. 41 Буни ўнта шогирд эшитиб, Ёқуб ва Юҳаннодан ғазабландилар. 42 Исо эса уларни чақириб, уларга: “Сизлар биласизлар, халқларнинг ҳокимлари, деб ҳисобланадиганлар уларнинг устидан ҳукмронлик қиладилар,- деди,- Бошлиқлари эса уларнинг устидан ҳукм сурадилар. 43 Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Сизларнинг орангизда эса ким катта бўлишни истаса, сизларга хизматкор бўлсин. 44 Сизларнинг орангизда ким биринчи бўлишни истаса, ҳаммага қул бўлсин. 45 Чунки Инсон Ўғли ҳам Унга хизмат қилишлари учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш учун ва кўпларни қайта сотиб олиб, Ўзининг жонини бериш учун келган”. 46 Сўнгра улар Йерихога келдилар. Исо Ўз шогирдлари ва кўпчилик халқ билан Йериходан чиқаётганида, Тимайнинг ўғли, кўр Бартимай йўл четида садақа сўраб ўтирар эди. 47 Бу Нозарий Исо эканини эшитиб, у: “Эй, Довуднинг Ўғли, Исо! Менга шафқат қил”,- деб қичқира бошлади. 48 Кўплар уни жим бўлишга мажбур қилар эдилар. Аммо у янада кўпроқ қичқира бошлади: “Эй, Довуднинг Ўғли! Менга шафқат қил!” 49 Исо тўхтаб, уни чақиришларини буюрди. Кўрни чақириб, унга: “Қўрқмагин, тургин, сени чақиряпти”,- дедилар. 50 У устки кийимини улоқтириб ташлаб, ўрнидан турди ва Исонинг олдига келди. 51 Исо унга сўзлай бошлаб: “Сен учун нима қилишимни истайсан?”- деб сўради ундан. Кўр Унга: “Устоз, кўзларим очилсин”,- деди. 52 Исо унга: “Боргин, сенинг имонинг сени қутқарди”,- деди. Шу лаҳзада унинг кўзлари очилди ва Исонинг ортидан эргашиб, йўлга тушди.