11 1 Улар Йерусалимга, Бейт-Фагея ва Бейт-Аниага, Зайтун тоғига яқинлашганларида, Исо шогирдларидан иккитасини юбориб, 2 уларга деди: “Тўғри рўпарангиздаги қишлоққа боринглар. Унга кирганингиздан боғлаб қўйилган, ҳали ҳеч ким минмаган хўтикни кўрасизлар. Уни ечиб, олиб келинглар. 3 Агар бирор киши сизларга: Сизлар нима қиляпсизлар?- деса, унда: Бу Раббийга керак, кейин дарров ортига қайтариб жўнатади,- денглар”. 4 Улар бориб, кўчада дарвоза ёнида боғлаб қўйилган хўтикни топдилар ва уни ечиб олдилар. 5 У ерда турганлардан баъзилари уларга: “Нима қиляпсизлар? Нима учун хўтикни ечиб олдингизлар?”- дедилар. 6 Шогирдлар Исо буюрганидек жавоб бердилар, шунда улар олиб кетишларига рухсат бердилар. 7 Хўтикни Исонинг олдига олиб келиб, унга кийимларини тўшадилар. Исо хўтикка минди. 8 Кўплар йўлга кийимларини тўшадилар, бошқалар эса дарахтларнинг шохларини кесиб, йўлга тўшадилар. 9 Исодан олдинда бораётганлар ва Унга ҳамроҳ бўлганлар ҳайқирар эдилар: “Ҳосанна! Раббий номидан Келаётган муборакдир! 10 Раббий номидан келаётган отамиз Довуднинг шоҳлиги муборакдир! Юксакликда ҳосанна!” 11 Исо Йерусалимдаги маъбадга кириб, ҳамма нарсани кўздан кечирди. Вақт кеч бўлганлиги туфайли, ўн икки шогирди билан Бейт-Аниага кетди. 12 Эртаси куни, улар Бейт-Аниадан чиққанларида, Исо оч қолди. 13 Узоқдан барглар билан қопланган анжир дарахтини кўриб: Унда бирор нарса топа олармиканман,- деб дарахтга яқинлашди. Аммо унинг олдига келиб, барглардан бошқа ҳеч нарса топа олмади, чунки ҳали анжирларни териш фасли эмас эди. 14 Шунда Исо унга: “Шу кундан бошлаб, то абад ҳеч ким сенинг ҳосилингдан татимасин”,- деди. Унинг шогирдлари эса буни эшитдилар. 15 Сўнгра улар Йерусалимга келдилар. Исо маъбадга кириб, маъбадда савдо-сотиқ қилаётганларни қува бошлади. У пул алмаштирувчиларнинг хонтахталарини ва каптарфурушларнинг курсиларини ағдариб ташлади. 16 У ҳеч кимга бирор нарсани маъбаддан олиб ўтишига рухсат бермади. 17 Уларга таълим бериб деди: “Ёзувда: Менинг Уйим барча халқлар учун ибодат уйи, деб аталади,- деб ёзилган эмасми? Сизлар эса уни қароқчилар уясига айлантирдингизлар”. 18 Буни уламолар ва олий руҳонийлар эшитиб, Исони ўлдириш йўлларини излай бошладилар, чунки бутун халқ Унинг таълимотидан ҳайратлангани учун улар Ундан қўрқар эдилар. 19 Кеч кирганида, Исо шаҳардан чиқиб кетди. 20 Эрталаб эса шу йўлдан ўтиб кетаётиб, улар анжир дарахтининг илдизигача қуриб қолганини кўрдилар. 21 Петъёр ёдга олиб, Унга: “Раввий, қарагин! Сен лаънатлаган анжир дарахти қуриб қолибди”,- деди. 22 Исо жавоб бериб, уларга деди: “Худонинг имонига эга бўлинглар. 23 Чунки сизларга ростини айтаманки, агар кимки бу тоққа: Кўтарилиб, денгизга отил,- деса, ўз юрагида шубҳаланмасдан, унинг айтгани амалга ошишига ишонса, унда у айтганнинг ҳаммаси амалга ошади. 24 Шунинг учун Мен сизларга айтаманки, ибодатда нимаики сўрасангизлар, олишингизга ишонинглар ва сизлар оласизлар. 25 Ибодатда турганларингизда, агар бирор кишига қарши даъвонгиз бўлса, кечиринглар, токи Осмондаги Отангиз ҳам гуноҳларингизни кечирсин. 26 Агарда кечирмасангизлар, Осмондаги Отангиз ҳам гуноҳларингизни кечирмайди”. 27 Сўнгра улар яна Йерусалимга келдилар. Исо маъбадда юрганида, олий руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар Унинг олдига келиб, 28 Унга: “Сен буларни қандай ҳокимият билан қиляпсан? Буларни қилишга ким Сенга ҳокимият берди?”- дедилар. 29 Исо уларга жавобан деди: “Мен ҳам сизлардан бир нарсани сўрайман, Менга жавоб беринглар. Ўшанда Мен ҳам буларни қандай ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтаман. 30 Яҳёнинг чўмдириши Осмондан эдими ёки инсонларданми? Менга жавоб беринглар”. 31 Улар ўзаро мулоҳаза қилар эдилар: “Агар: Осмондан,- десак, унда У: Нега бўлмаса, унга ишонмадингизлар?- дейди. 32 Агар: Одамлардан,- десак-чи?” Бироқ улар халқдан қўрқдилар, чунки ҳамма Яҳёни аниқ пайғамбар, деб ҳисоблар эди. 33 Шунинг учун улар Исога жавоб бериб: “Билмаймиз”,- дедилар. Шунда Исо уларга: “Ундай бўлса, қандай ҳокимият билан буларни қилаётганимни Мен ҳам сизларга айтмайман”,- деди.