12 1 Исо уларга масаллар билан гапира бошлади: “Бир киши узумзор барпо қилиб, уни тўсиқ билан ўради. Сиққич учун чуқур қазиб, кузатув минорасини қурди. Сўнг узумзорни боғбонларга топшириб, сафарга кетди. 2 Вақти келганида, боғбонлардан узумзорнинг ҳосилини олиш учун боғбонларнинг олдига хизматкорини юборди. 3 Улар эса уни тутиб урдилар ва уни қуруқ қайтариб юбордилар. 4 Шунда у уларнинг олдига бошқа бир хизматкорини юборди. Унинг ҳам бошини тош билан ёриб, уни шарманда қилиб қайтариб юбордилар. 5 Сўнг яна бошқасини юборди, уни эса ўлдирдилар. Бошқа кўпларни ҳам ёки урдилар, ёки ўлдирдилар. 6 Узумзор эгасининг севимли бир ўғли бўлиб: Балки ўғлимни ҳурмат қилар,- деб охири уларнинг олдига уни юборди. 7 Аммо ўша боғбонлар бир-бирларига: Мана – бу меросхўрдир. Қани, уни ўлдирайлик ва мерос бизники бўлади,- дедилар. 8 Шундай қилиб, уни қўлга олиб, ўлдирдилар ва узумзордан ташқарига чиқариб ташладилар. 9 Энди, узумзорнинг эгаси нима қилади? У келиб, боғбонларни ўлдиради ва узумзорни бошқаларга беради. 10 Наҳотки сизлар Ёзувда: Қурувчилар рад этган тош бурчакнинг асосий тоши бўлди. 11 Бу Раббийнинг ишидир! Бу нигоҳимизда ғаройибдир,- дейилганини ўқимагансизлар?” 12 Шунда Уни қўлга олишга ҳаракат қилдилар, аммо халқдан қўрқдилар, зеро бу масални улар ҳақида айтганини тушундилар. Кейин Уни тарк этиб, йўлларида кетдилар. 13 Сўнг Исони сўзидан тутиш учун, Унинг олдига баъзи фарзийлар ва ҳиродчиларни юбордилар. 14 Улар эса келиб, Унга: “Устоз, биз Сенинг адолатли эканлигингни ва бирор кишига ёқишга ҳаракат қилмаслигингни биламиз. Чунки Сен ҳеч кимга юз-хотирчилик қилмайсан, балки Худонинг йўлини ҳақиқатда ўргатасан. Императорга солиқ тўлаш биз учун жоизми ёки йўқми? Биз солиқ тўлайликми ёки тўлмайликми?”- дедилар. 15 Аммо Исо уларнинг иккиюзламачиликларини билиб, уларга: “Нима учун Мени васвасага соляпсизлар? Менга бир динор олиб келинглар, Мен уни кўрай”,- деди. 16 Улар буни олиб келдилар. Шунда Исо уларга: “Бу сурат ва ёзув кимники?”- деди. Улар Унга: “Императорники”,- дедилар. 17 Исо уларга жавобан: “Унда императорникини императорга, Худоникини эса Худога беринглар”,- деди. Одамлар эса Ундан ҳайратландилар. 18 Сўнгра Унинг олдига, “ўликдан тирилиш йўқ” дейдиган саддуқийлар келиб, Ундан сўрадилар: 19 ”Устоз! Мусо бизга: Агар бирор кишининг биродари ўлиб, хотинини қолдирса, аммо бола қолдирмаса, унда унинг биродари унинг хотинини олсин ва биродарининг уруғини тикласин,- деб ёзган. 20 Еттита ака-ука бор эди. Биринчиси хотин олди ва ўлиб, ўзидан уруғ қолдирмади. 21 Иккинчиси эса унга уйланиб, фарзанд ҳам кўрмай, вафот этди. Учинчиси ҳам худди шундай бўлди. 22 Шундай қилиб, ака-укаларнинг еттови ҳам ўша аёлга уйланди, аммо уруғ қолдирмади. Ҳаммасидан кейин аёл ўлди. 23 Энди эса, тирилиш кунида тирилганларида, у уларнинг қайси бирининг хотини бўлади? Ахир еттитаси ҳам уни хотинликка олишган”. 24 Исо уларга жавобан деди: “Ёзувларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмасдан, шу туфайли янглишяпсизларми? 25 Зеро одамлар ўликлардан тирилганларида, уйланмайдилар ҳам, турмушга ҳам чиқмайдилар, балки самодаги фаришталар каби бўладилар. 26 Ўликларнинг тирилиши ҳақида эса, Худо бута ёнида Мусога: Мен Иброҳимнинг Худоси, Исҳоқнинг Худоси ва Ёқубнинг Худосиман,- деганини Мусонинг китобида ўқимагансизларми? 27 Худо ўликларнинг Худоси эмас, аммо тирикларнинг Худосидир. Шундай қилиб, сизлар ўта янглишяпсизлар”. 28 Уламолардан бири келиб, уларнинг баҳсларини эшитди ва Исо уларга яхши жавоб бераётганини кўриб, Ундан сўради: “Барча амрлардан энг биринчиси нима?” 29 Исо унга шундай жавоб берди: “Барча амрлардан энг биринчиси: Қулоқ тут, эй, Исроил! Бизнинг Раббий Худойимиз ягона Раббийдир. 30 Раббий Худойингни бутун юрагинг, бутун жонинг, бутун онгинг ва бутун қувватинг билан севгин. Мана шу биринчи амрдир! 31 Иккинчиси эса шунга ўхшашдир: Ўз яқинингни ўзингни севгандек севгин. Бу амрлардан бошқа буюкроғи йўқдир”. 32 Уламо эса Унга деди: “Тўғри, Устоз. Сен ҳақиқатни айтдинг. Чунки Худо ягона ва Ундан бошқаси йўқ. 33 Уни бутун юрак, бутун онг, бутун жон ва бутун қувват билан севиш ҳамда яқинини ўзини севган каби севиш – барча тамоман ёндириладиган қурбонликлар ва бағишловлардан афзалроқдир”. 34 Исо унинг ақлли жавоб берганини кўриб, унга: “Сен Худонинг Шоҳлигидан йироқ эмассан”,- деди. Шундан сўнг Ундан савол сўрашга журъат қилмадилар. 35 Маъбадда таълим беришни давом эттириб, Исо шундай савол берди: “Қандай қилиб уламолар: Масиҳ – Довуднинг Ўғли, деб айтадилар? 36 Зеро Довуднинг ўзи Муқаддас Руҳ билан деган: Раббий менинг Раббимга деди: Сенинг душманларингни оёқларингнинг супачаси қилгунимча, Менинг ўнг томонимда ўтириб тур. 37 Шундай қилиб, Довуднинг ўзи Уни Раббий, деб атамоқда. Унда қанақасига У Довуднинг ўғли бўлади?” Кўплаб халқ эса Исони иштиёқ билан тинглар эди. 38 Исо уларга Ўз таълимотида дер эди: “Узун кийимларда юришни ва халқ йиғинларида олқиш олишни, 39 синагогаларда олдинда ўтиришни ва базмларда тўрда ёнбошлашни яхши кўрадиган уламолардан эҳтиёт бўлинглар. 40 Беваларнинг уйини ютадиган ва кўргазма учун узоқ ибодат қиладиган шу одамлар оғирроқ ҳукмни оладилар”. 41 Сўнг Исо хазина қутисининг қаршисида ўтириб, халқ қутига қандай пул ташлаётганини кузата бошлади. Кўплаб бойлар кўп ташладилар. 42 Бир кекса бева аёл келиб, қиймати бир кодрант бўлган икки сариқ чақа ташлади. 43 Исо шогирдларини чақириб, уларга деди: “Сизларга ростини айтаманки, бу қашшоқ бева қутига ташлаганларнинг ҳаммасидан кўра кўпроқ ташлади. 44 Чунки ҳамма ўзининг тўкислигидан ташлади, у эса ўз етишмовчилигида, ўзидаги борини, ҳатто бор егулигини ташлади”.