13 1 У маъбаддан чиқаётганида, Унинг шогирдларидан бири Унга: “Устоз, қара, қандай тошлар ва қандай бинолар-а!”- деди. 2 Исо унга жавобан: “Бу буюк биноларни кўряпсанми? Буларнинг ҳаммаси шундай барбод қилинадики, тош устида тош қолмайди”,- деди. 3 Сўнг Исо Зайтун тоғида, яъни маъбаднинг қаршисида ўтирганида, Петъёр, Ёқуб, Юҳанно ва Андер Ундан алоҳида сўрадилар: 4 ”Бизга айтгин, булар қачон содир бўлади? Буларнинг ҳаммасининг амалга ошишининг аломати нима бўлади?” 5 Исо уларга жавобан гапиришни бошлади: “Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким сизларни аврамасин. 6 Чунки кўплар Менинг номимдан келиб: Бу менман,- дейдилар ва кўпларни аврайдилар. 7 Уруш ва урушлар ҳақидаги овозаларни эшитганингизда даҳшатга тушманглар, зеро булар содир бўлиши керак, бироқ бу ҳали охири эмас. 8 Чунки халқ халққа ва шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда зилзилалар бўлади, шунингдек, очарчиликлар бўлади. Бу эса дарднинг бошланишидир. 9 Лекин ўзларингизни эҳтиёт қилинглар, чунки сизларни суд маҳкамаларига топширишади ва синагогаларда калтаклашади. Шоҳлару ҳокимларга гувоҳлик беришингиз учун сизларни Мен туфайли уларнинг олдиларига олиб боришади. 10 Бироқ аввал бутун халқларга Хушхабар воизлик қилиниши шарт. 11 Сизларни олиб бориб, маҳкамаларга топширганларида, нимани гапирсам экан, деб олдиндан хавотир олманглар ва ўйланманглар. Аммо ўша вақтда сизларга нима берилса, шуни сўзланглар, чунки буни сизлар эмас, Муқаддас Руҳ сўзлайди. 12 Биродар биродарини ва ота ўғлини ўлимга топширади, болалар оталарига қарши кўтарилиб, уларни ўлдирадилар. 13 Менинг номим учун барча одамлар сизлардан нафратланадилар, аммо охиригача чидаган нажот топади. 14 Сизлар ҳувиллаш жирканчлигининг керак бўлмаган жойда турганини кўрганингизда, ўқиётганнинг ўзи англасин: Яҳудияда бўлганлар тоққа югурсинлар, 15 томнинг тепасида бўлганлар уйга тушмасинлар ва уйдан бирор нарсани олиш учун у ерга кирмасинлар, 16 далада бўлганлар кийимларини олиш учун орқага қайтмасинлар. 17 Ўша кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой! 18 Сизларнинг қочишингиз қишга тўғри келмаслиги учун ибодат қилинглар. 19 Чунки ўша кунларда, Худо яратган мавжудот бошланишидан буён ҳозиргача бўлмаган, келажакда ҳам бўлмайдиган қайғу бўлади. 20 Агар Раббий ўша кунларни қисқартирмаганида эди, ҳеч ким нажот топмас эди. Аммо Раббий танлаб олган Ўзининг танланганлари учун ўша кунларни қисқартирди. 21 Ўшанда, агар бирортаси сизларга: “Мана, Масиҳ бу ерда”, ёки: “Мана, у ерда”,- деса, ишонманглар. 22 Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса, танланганларни ҳам авраш учун аломату мўъжизалар кўрсатадилар. 23 Сизлар эса эҳтиёт бўлинглар. Мана, Мен сизларга ҳаммасини олдиндан айтдим. 24 Аммо шу кунларда, ўша қайғулардан сўнг қуёш қоронғилашади ва ой ҳам ўз нурини бермай қолади. 25 Осмондаги юлдузлар ҳам қулаб тушади ва осмоннинг кучлари тебранади. 26 Шунда буюк қудрат ва шуҳрат билан булутларда келаётган Инсон Ўғлини кўрадилар. 27 Ўшанда У фаришталарини юбориб, Ўзининг танланганларини тўрт шамолдан: ернинг ҳудудидан, осмоннинг ҳудудигача йиғиб олади. 28 Анжир дарахтидан қиёс олинглар: унинг новдалари юмшоқ бўлиб, барг ёзганида, ёз яқинлашганини билиб оласизлар. 29 Худди шундай, сизлар ҳам буларнинг содир бўлаётганини кўрганингизда – бунинг яқин эканлигини, яъни эшик олдида турганлигини билиб олинглар. 30 Сизларга ростини айтаманки, бу воқеаларнинг ҳаммаси содир бўлмагунча, бу насл ўтиб кетмайди. 31 Осмон ва ер ўтиб кетади, аммо Менинг сўзларим ўтиб кетмайди. 32 Лекин ўша кун ва соат ҳақида бирон одам ҳам, Осмондаги фаришталар ҳам, Ўғил ҳам билмайди, фақат ёлғиз Менинг Отам билади. 33 Ҳушёр ва бедор бўлиб, ибодат қилинглар, чунки бу вақт-соат қачон келишини сизлар билмайсизлар. 34 Бу худди сафарга кетаётган одамга ўхшайди: у ўз уйини тарк этаётганида, ўз хизматкорларига ҳокимият бериб, уларнинг ҳар бирига ўз ишини тақсимлайди ҳамда дарвозабонга бедор бўлишни амр қилади. 35 Шундай қилиб, бедор бўлинглар, чунки уйнинг эгаси қачон келишини – оқшомдами, ярим тундами, хўроз қичқирадиган вақтдами, ёки тонгдами – сизлар билмайсизлар, 36 токи у кутилмаганда келиб, сизларни ухлаб ётган ҳолда топмасин. 37 Сизларга айтаётганимни эса, ҳаммага айтаман: Бедор бўлинглар”.