14 1 Икки кундан сўнг Песаҳ ва Ачитқисиз нонлар байрами бўлиши керак эди. Олий руҳонийлару уламолар Исони айёрлик билан тутиб, ўлдириш йўлларини излар эдилар. 2 Улар: “Фақат байрамда эмас, акс ҳолда, халқ орасида ғалаён содир бўлади”,- дедилар. 3 Шу орада Исо Бейт-Аниада мохов Шимўннинг уйида ёнбошлаганида, бир аёл ганч идишда қимматбаҳо, тоза атир мой олиб келди. У идишни синдириб, Исонинг бошига мойни тўкди. 4 Баъзилар эса ғазабланиб, бир-бирларига дер эдилар: “Атир мойни бундай исроф қилишнинг нима кераги бор? 5 Чунки буни уч юз динордан қимматроққа сотиб, камбағалларга тарқатиб бериш мумкин эди”. Шундай дея, улар ундан нолидилар. 6 Лекин Исо деди: “Уни тинч қўйинглар, нега уни хижолатга соляпсизлар? У Мен учун эзгу иш қилди. 7 Чунки камбағаллар доимо сизларнинг орангиздадир, истаган пайтда уларга эзгулик кўрсатишингиз мумкин. Бироқ Мен сизлар билан доимо бирга эмасман. 8 Бу аёл қўлидан келганини қилди. У Менинг танамни олдиндан мойлаб, дафн қилишга тайёрлади. 9 Сизларга ростини айтаманки, бу хушхабар қаерда воизлик қилинмасин, бутун оламда бу аёлнинг хотирасига унинг қилган иши ҳақида айтилади”. 10 Ўн икки шогирддан бири бўлган Яҳудо Искариот эса олий руҳонийларга Исони топшириш учун уларнинг олдига келди. 11 Улар буни эшитиб қувондилар ва унга кумуш танга беришни ваъда қилдилар. Шундай қилиб, Яҳудо Уни топшириш учун қулай фурсат излай бошлади. 12 Ачитқисиз нонлар байрамининг биринчи кунида, яъни Песаҳ қўзисини сўяётган пайтда, Исонинг шогирдлари Унга: “Песаҳ таомини қаерда ейишни истайсан? Биз бориб тайёрлаймиз”,- дедилар. 13 Шунда У Ўз шогирдларидан иккитасини юбориб, уларга деди: “Шаҳарга боринглар, сизларга кўзада сув олиб кетаётган бир одам учрайди, унинг ортидан боринглар. 14 У қаерга кирса, ўша уйнинг эгасига шундай деб айтинглар: Устозимиз: “Мен шогирдларим билан бирга Песаҳ таомини ейишим учун хона қаерда?”- деб сўради. 15 У сизларга катта ва тайёрлаб қўйилган болохонани кўрсатади, ўша жойда биз учун тайёргарлик қилинглар”. 16 Шундай қилиб, Унинг шогирдлари йўлга тушиб, шаҳарга келдилар. Улар Исо айтган ҳамма нарсани топдилар ва Песаҳ таомини тайёрладилар. 17 Кеч тушганида, Исо ўн иккита шогирди билан бирга келди. 18 Улар дастурхон атрофида ёнбошлаб, таом еяётганларида, Исо уларга: “Сизларга ростини айтаманки, Мен билан овқатланаётган сизлардан бирингиз Менга хоинлик қилади”,- деди. 19 Улар қайғуга ботиб, Унга бирин-кетин бири: “Мен эмасми?”, яна бошқаси: “Мен эмасми?”- дея бошладилар. 20 У эса уларга жавобан деди: “Бу ўн иккитадан биттаси, Мен билан бирга идишга нонни ботираётган одам. 21 Аслида Инсон Ўғли, Ёзувда У ҳақида ёзилганидек кетмоқда, бироқ Инсон Ўғлига хоинлик қиладиган одамнинг ҳолига вой – ўша одамнинг ҳеч қачон туғилмагани яхшироқ бўлар эди!” 22 Улар таомни еяётганларида, Исо нонни олиб дуо қилди ва уни синдириб, уларга бериб: “Олинглар, енглар, бу Менинг танамдир”,- деди. 23 Сўнг У косани олиб, миннатдорчилик билдирди ва шогирдларига узатди. Уларнинг барчалари ундан ичишди. 24 Шунда Исо уларга: “Бу Янги Аҳддаги кўплар учун тўкилаётган Менинг қонимдир,- деди,- 25 Сизларга ростини айтаманки, Худонинг Шоҳлигида янги шароб ичадиган кунимгача, Мен узум ҳосилидан бошқа ичмайман”. 26 Сўнг улар мадҳия куйлаб, Зайтун тоғи томон кетдилар. 27 Исо уларга деди: “Бу кеча ҳаммаларингиз Мен ҳақимда васвасага тушасизлар, чунки ёзилган: Чўпонни шикастлайман ва қўйлари тарқалиб кетади. 28 Лекин ўликдан тирилганимдан кейин, Мен сизлардан олдин Галилега бораман”. 29 Петъёр эса Унга: “Ҳамма васвасага тушса ҳам, лекин мен тушмайман”,- деди. 30 Шунда Исо унга: “Сенга ростини айтаманки, мана шу кеча хўроз икки марта қичқиришидан олдин, сен Мендан уч марта тонасан”,- деди. 31 Лекин у янада қатъийлик билан: “Агарда мен Сен билан бирга ўлишим керак бўлса ҳам, Сендан ҳеч тонмайман”,- деди. Ҳаммалари ҳам шундай дедилар. 32 Улар Гетсемания, деб аталадиган жойга келгач, Исо Ўз шогирдларига: “Мен ибодат қилгунимча, сизлар шу ерда ўтириб туринглар”,- деди. 33 Кейин Ўзи билан Петъёр, Ёқуб ҳамда Юҳаннони олди ва қаттиқ ваҳимага тушиб, азоблана бошлади. 34 У уларга: “Менинг жоним ўлар ҳолатда қайғурмоқда. Шу ерда бўлиб, бедор туринглар”,- деди. 35 Шундай қилиб, Исо бир оз нари бориб, ерга йиқилди ва: “Агар иложи бўлса, мана шу вақт Мени четлаб ўтсин”,- деб ибодат қилди. 36 Яна: “Абба Ота, Сенга ҳамма нарсанинг имкони бор,- деди,- Бу косани Мендан йироқлаштиргин. Лекин Мен истаганимдек эмас, Сен истаганингдек бўлсин”. 37 У қайтиб келиб, уларни ухлаб ётган ҳолда топди ва Петъёрга деди: “Эй, Шимўн, ухлаяпсанми? Бир соат ҳам бедор тура олмадингми? 38 Васвасага тушмаслик учун бедор бўлинглар ва ибодат қилинглар, зеро руҳ тетик, тана эса заифдир”. 39 У яна узоқлашиб, ибодат қилди ва ўша сўзларни айтди. 40 У қайтиб келганида, уларни яна ухлаб ётган ҳолда топди, чунки уларнинг кўзлари оғирлашган эди. Улар Исога нима, деб жавоб беришни билмас эдилар. 41 У учинчи марта келиб, уларга: “Ҳали ҳам ухлаб, дам оляпсизларми?- деди,- Етар, вақти келди. Мана, Инсон Ўғли гуноҳкорларнинг қўлига топширилади. 42 Туринглар, кетайлик. Мана, Менга хоинлик қилувчи яқинлашмоқда”. 43 Исо ҳали гапириб турганида, ўша заҳоти ўн икки шогирддан бири – Яҳудо ҳамда у билан бирга бир талай оломон қилич ва таёқларни кўтариб келдилар. Улар олий руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар томонидан юборилган эдилар. 44 Унга хоинлик қилувчи уларга: “Кимни ўпсам, У – Ўшадир. Уни тутиб олиб, эҳтиёткорлик билан олиб боринглар”,- деб белги берган эди. 45 У келганида, тўғри Исонинг олдига бориб: “Раввий! Раввий!”- деб Уни ўпди. 46 Улар эса Уни тутиб, қўлга олдилар. 47 Унинг ёнида турганлардан бири қилични чиқариб, олий руҳонийнинг хизматкорини урди ва қулоғини кесиб ташлади. 48 Исо эса уларга деди: “Мени қўлга олиш учун, қароқчига қарши чиққандек, сизлар қиличу таёқлар билан келяпсизларми? 49 Мен ҳар куни маъбадда сизлар билан бирга бўлдим ва таълим бердим, сизлар эса Мени қўлга олмас эдингизлар. Энди эса Ёзув амалга ошсин”. 50 Шунда ҳамма Исони ташлаб, қочиб кетди. 51 Бир йигит яланғоч танасига зиғирпоя матосини ўраб, Унинг ортидан эргашди. Аскарлар эса йигитни тутиб олдилар. 52 У зиғирпоя матосини ташлаб, яланғоч ҳолда улардан қочиб кетди. 53 Улар эса Исони олий руҳонийнинг олдига олиб келдилар. Шунда барча олий руҳонийлар, оқсоқоллару уламолар унинг олдига тўпландилар. 54 Петьёр йироқдан олий руҳонийнинг ҳовлисигача Исога эргашиб келди ва хизматкорлар билан ўтириб, олов ёнида исина бошлади. 55 Олий руҳонийлар ва бутун Синедрион эса Исони ўлимга топшириш учун Унга қарши гувоҳликлар излар, аммо топа олмас эдилар. 56 Зеро кўплар Унга қарши сохта гувоҳлик берар, аммо бу гувоҳликлар бир-бирига қарама-қарши эди. 57 Баъзилар туриб, Исога қарши сохта гувоҳлик бериб, дедилар: 58 “Биз Унинг: Мен мана бу қўл билан ясалган маъбадни барбод қиламан ва уч кундан сўнг бошқа, қўл билан ясалмаганини яратаман,- деганини эшитдик”. 59 Аммо уларнинг бу гувоҳликлари ҳам тўғри келмади. 60 Шунда олий руҳоний ўртада туриб, Исодан: “Нима учун ҳеч қандай жавоб бермайсан? Сенга қарши уларнинг бераётган гувоҳлигига нима дейсан?”- деб сўради. 61 Аммо У жим туриб, ҳеч қандай жавоб бермади. Олий руҳоний эса Ундан яна сўраб, Унга: “Муборак Худонинг Ўғли Масиҳ Сенмисан?”- деди. 62 Исо: “Менман,- деди,- Сизлар Қудратнинг ўнг қўлида ўтирган ва самовий булутларда келаётган Инсон Ўғлини кўрасизлар”. 63 Шунда олий руҳоний ўз кийимини йиртиб, деди: “Бизга яна гувоҳлар нима учун керак? 64 Сизлар куфрликни эшитдингизлар. Энди нима, деб ўйлайсизлар?” Уларнинг ҳаммалари Исони ўлимга лойиқ, деб топдилар. 65 Баъзилари Унга тупура бошладилар ва Унинг юзини тўсиб, Уни урар ва Унга: “Башорат қилгин”,- дер эдилар. Шунингдек, хизматкорлар ҳам Уни чаккасига урар эдилар. 66 Петъёр эса пастда, ҳовлида бўлганида, олий руҳонийнинг чўриларидан бири келиб, 67 исинаётган Петъёрга диққат билан тикилиб: “Сен ҳам нозарий Исо билан бирга эдинг”,- деди. 68 Аммо у: “Сен нима деяётганингни билмайман ҳам, тушунмаяпман ҳам”,- дея тонди. Сўнг олдинги ҳовлига чиқди. Шунда хўроз қичқирди. 69 Чўри уни яна кўриб, у ерда турганларга: “Бу одам ҳам ўшалардан”,- дея бошлади. 70 У яна тонди. Озроқ вақт ўтгач, у ерда турганлар Петъёрга яна: “Аниқ сен ўшалардансан. Чунки сен Галилеликсан”,- дедилар. 71 У эса: “Сизлар айтаётган ушбу Одамни билмайман!”- дея қасамёд қилиб, онт ича бошлади. 72 Шу вақт хўроз иккинчи марта қичқирди. Шунда Петъёр Исонинг унга: “Хўроз икки марта қичқиришидан олдин, сен Мендан уч марта тонасан”,- деган сўзини эслади. Шунда у йиғлаб юборди.