15 1 Эрталаб олий руҳонийлар, оқсоқоллару уламолар ва бутун Синедрион зудлик билан маслаҳатлашдилар ва Исони боғлаб, Пилатнинг олдига олиб бориб, Уни унга топширдилар. 2 Пилат Ундан: “Исроил подшоҳи Сенмисан?”- деб сўради. Исо унга жавобан: “Сен айтдинг”,- деди. 3 Олий руҳонийлар эса Исони кўп нарсада айблар эдилар. 4 Пилат Ундан яна: “Сен ҳеч нима, деб жавоб бермайсанми? Қара, Сенга қарши нақадар кўп гувоҳликлар бор”,- деб сўради. 5 Бироқ Исо бунга ҳам ҳеч нима демади, шунинг учун Пилат ҳайрон бўлди. 6 У ҳар Песаҳ байрамида халқнинг хоҳиши билан маҳбуслардан бирини озод қилар эди. 7 Қўзғолонда қотиллик қилган Барабба исмли бир одам ва унинг шериклари ўша пайтда қамоқда эди. 8 Оломон бақириб, улар учун доим қилган ишини қилишини Пилатдан сўрай бошлашди. 9 Лекин Пилат уларга жавобан: “Мен сизларга Яҳудийларнинг Подшоҳини қўйиб юборишимни хоҳлайсизларми?”- деди. 10 Чунки олий руҳонийлар ҳасад қилганларидан Уни тутиб берганларини у билар эди. 11 Бироқ олий руҳонийлар: “Яхшиси бизга Бараббани қўйиб юборинг”,- деб оломонни қўзғатдилар. 12 Пилат эса уларга: “Сизлар Яҳудийларнинг Подшоҳи, деб атайдиган кишини нима қилишимни хоҳлайсизлар?”- деди. 13 Улар эса: “Уни хочга михла”,- деб бақирдилар. 14 Шунда Пилат уларга: “У нима ёмонлик қилди?”- деди. Бироқ улар: “Уни хочга михла”,- деб янада баландроқ бақирдилар. 15 Шундай қилиб, Пилат халққа маъқул бўлишни хоҳлаб, уларга Бараббани қўйиб юборди, Исони эса савалатиб, хочга михлашга топширди. 16 Аскарлар Уни преторионга олиб кириб, бутун аскарлар бўлинмасини тўпладилар. 17 Улар Унга тўқ қизил ридо кийдирдилар ҳамда тиканли тож ясаб, Унинг бошига кийдирдилар. 18 Унга: “Қувонгин, эй, яҳудийларнинг Подшоҳи!”- дея, Уни олқишлай бошладилар. 19 Сўнг Унинг бошига қамиш билан уриб, Унга тупурдилар ва тиз чўкиб, Унга таъзим қилдилар. 20 Улар Исони шундай масхара қилишгандан кейин, Ундан қизил ридони ечиб, Унга Ўзининг кийимини бердилар ва Уни михлаш учун олиб кетдилар. 21 Шу пайтда Искандар ва Руфнинг отаси бўлган киринеялик Шимўн даладан қайтаётган эди. Аскарлар эса Исонинг хочини кўтариб боришга уни мажбур қилдилар. 22 Шундай қилиб, Уни Гўлгота, яъни “Бошсуяги” деган жойга олиб келдилар. 23 Улар Исога мирра аралаштирилган шароб тутдилар, аммо Исо ичмади. 24 Уни михлаганлар эса кимга нима тушар экан, деб қуръа ташлаб, Унинг кийимларини бўлишиб олдилар. 25 Исони хочга михлаганларида, чамаси соат уч эди. 26 Унинг боши устида “Яҳудийлар Подшоҳи”, деб Унинг айбини кўрсатадиган ёзув бор эди. 27 У билан бирга иккита қароқчи ҳам михланган эди – бириси Унинг ўнг томонида, бошқаси чап томонида эди. 28 Шунда “жиноятчилар қаторида” деган Ёзувлардаги оят бажо бўлди. 29 Ўтиб кетаётганлар эса бошларини чайқаб, Исони ҳақорат қилиб: “Эй, маъбадни бузадиган ва уч кунда тиклайдиган, 30 Ўзингни Ўзинг қутқар ва хочдан туш!”- дер эдилар. 31 Улар сингари олий руҳонийлар билан уламолар ҳам масхара қилишиб, бир-бирига: “Бошқаларни қутқарди, Ўзини эса қутқара олмайди,- дедилар,- 32 Масиҳ, Исроилнинг Подшоҳи энди хочдан тушсин, токи биз кўрайлик ва ишонайлик”. Исо билан бирга михланганлар ҳам Уни лаънатлашар эди. 33 Соат олтида бутун ер юзига қоронғилик тушди ва соат тўққизгача давом этди. 34 Соат тўққизда Исо баланд овоз билан: “Элоҳи, Элоҳи! Лама сабақтани?” Бу: “Худойим, Худойим! Нима учун Сен Мени ташлаб кетдинг?”- деб фарёд қилди. 35 Шу ерда турганлардан айримлари буни эшитиб: “Мана, Элийаҳни чақиряпти”,- дедилар. 36 Шунда биттаси югуриб бориб, шимгични сиркага ботирди ва таёқнинг учига қўйиб, Исога ичириш учун узатиб деди: “Қани, кўрайлик, Уни туширишга Элийаҳ келармикин”. 37 Исо эса қаттиқ овозда хитоб қилди-ю, жон берди. 38 Шунда Маъбаднинг пардаси тепадан пастгача иккига бўлиниб кетди. 39 Исонинг қаршисида турган юзбоши Унинг қандай хитоб қилиб, жон берганини кўриб: “Ҳақиқатан ҳам, бу Инсон – Худонинг Ўғли экан”,- деди. 40 У ерда узоқдан қараб турган аёллар ҳам бор эди. Уларнинг орасида магдалалик Мирйам, кичик Ёқуб билан Йошийаҳнинг онаси Мирйам ва Саломия бор эди. 41 Исо Галиледа бўлганда, улар Унга хизмат қилиб эргашиб келган эдилар. Улар билан бирга Йерусалимга келган бошқа кўпчилик ҳам бор эди. 42 Кеч кирганида, ўша куни шаббат кунидан олдин тайёргарлик куни бўлгани учун, 43 Олий кенгашнинг таниқли аъзоси бўлган, ўзи ҳам Осмон Шоҳлигини кутаётган ариматеялик Юсуф Пилатнинг олдига киришга журъат этди ва Исонинг танасини сўради. 44 Пилат Унинг шунчалик тез ўлганига ҳайрон бўлди ва юзбошини чақириб ундан: “Ўлганига кўп бўлдими?”- деб сўради. 45 Сўнг юзбошидан билиб олиб, жасадни Юсуфга берди. 46 У эса кафан сотиб олди ва Исони тушириб олиб, кафанга ўраб, Уни қояда ўйилган қабрга қўйди. Кейин қабрнинг оғзига бир тошни юмалатиб қўйди. 47 Магдалалик Мирйам ва Йошийаҳнинг онаси Мирйам жасадни қаерга дафн қилинганини кўрди.