4 1 Исо яна денгиз бўйида таълим бера бошлади. Унинг олдига кўпчилик халойиқ йиғилган эди, шунинг учун У денгиздаги қайиқ ичига тушиб ўтирди, бутун халойиқ эса денгиз бўйида қуруқликда эди. 2 У масаллар орқали уларга кўп таълим бериб, Ўзининг таълимотида деди: 3 ”Қулоқ солинглар, мана, уруғ сепувчи уруғ сепиш учун чиқди. 4 У сепаётганида, баъзилари йўл ёқасига тушди ва само қушлари келиб, буларни чўқиб кетдилар. 5 Баъзилари эса кўп тупроғи бўлмаган тошлоқ ерга тушгач, тезда униб чиқди, чунки ер чуқур эмас эди. 6 Аммо қуёш чиққанида, ниҳоллар сўлиб, илдизи бўлмаганлиги сабабли қуриб қолди. 7 Баъзилари тиканлар орасига тушди. Тиканлар эса ўсиб, уруғни бўғиб қўйди ва у ҳосил бермади. 8 Бошқалари эса яхши ерга тушди ва униб-ўсиб, баъзилари ўттиз, баъзилари олтмиш, баъзилари юз карра ҳосил берди”. 9 Шунда уларга: “Кимнинг эшитишга қулоғи бўлса, эшитсин”,- деди. 10 Сўнг Исо ёлғиз қолганида, Унинг атрофида бўлганлар ва ўн иккита шогирди Ундан ҳалиги масал ҳақида сўрадилар. 11 Бунга У уларга деди: “Сизларга Худонинг Шоҳлигининг сирларини билиш ато қилинган, ташқаридагиларга эса ҳаммаси масалларда бўлади. 12 Шунинг учун улар қараб туриб, кўрмайдилар, эшитиб туриб, эшитмайдилар ва англамайдилар; гуноҳлари кечирилиши учун йўлларидан қайтмайдилар”. 13 Бундан кейин Исо уларга: “Шу масални тушунмаяпсизларми?- деди,- Унда қандай қилиб сизлар ҳамма масални тушунасизлар? 14 Уруғ сепувчи сўз сепади. 15 Йўл ёқасидагилар шуларни билдиради: Уларнинг юракларига сўз экилган. Бироқ улар эшитганларида, шу заҳоти шайтон келиб, юракларига экилган сўзни ўғирлайди. 16 Шу сингари, тошлоқ ерга экилганлар шуларни билдиради – улар сўзни эшитганларида, шу заҳоти уни қувонч билан қабул қиладилар, 17 бироқ улар илдизи йўқ беқарор одамлардир. Кейинчалик эса, сўз учун қайғу ёки қувғин бўлганида, ўша заҳоти улар васвасага тушадилар. 18 Тиканлар орасига экилганлар – сўзни эшитганларни билдиради. 19 Бироқ бу дунёнинг ташвишлари, бойлик билан алданиш ва бошқа ҳаваслар уларнинг ичларига кириб, сўзни бўғиб қўяди ва у беҳосил бўлади. 20 Яхши ерга экилганлар шуларни билдиради: Улар сўзни эшитиб қабул қилишади ва баъзилари ўттиз, баъзилари олтмиш, баъзилари юз карра ҳосил келтиради”. 21 Исо уларга деди: “Шамни идишнинг ёки тўшакнинг остига қўйиш учун олиб келадиларми? У шамдоннинг устига қўйиш учун эмасми? 22 Ошкор бўлмайдиган бирор яширин нарса йўқ, юзага чиқмайдиган ҳеч сирли нарса йўқ. 23 Кимнинг эшитишга қулоғи бўлса, эшитсин!” 24 Сўнг уларга: “Нима эшитаётганингизга диққат қилинглар,- деди,- Қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, шундай ўлчов билан сизларга ўлчанади ва сизларга, эшитаётганларга, янада қўшиб берилади. 25 Чунки кимда бор бўлса, унга берилади, кимда йўқ бўлса, ундан ҳатто бори ҳам тортиб олинади”. 26 У деди: “Худонинг Шоҳлиги – бир одамнинг уруғни ерга ташлагани кабидир. 27 У ухлайди, кечасию кундузи туради ва қандай қилиб уруғ униб-ўсиб чиққанини у билмайди. 28 Зеро ер ўз-ўзидан ҳосил келтиради: олдин кўкат, кейин бошоқ, ундан кейин бошоқда тўла дон. 29 Лекин ҳосил етилганида, шу заҳоти ўроқ солади, чунки ўрим вақти келди”. 30 Сўнг У яна деди: “Худонинг Шоҳлигини нимага ўхшатамиз? Ёки уни қандай масал билан тасвирлаймиз? 31 У худди хантал уруғининг дони кабидир. У ерга экилаётганида, ердаги барча уруғлардан кичик бўлади. 32 Лекин экилгандан кейин ўсиб чиқиб, барча кўкатлардан катта бўлади. У улкан шохлар чиқарадики, ҳатто само қушлари унинг сояси остида паноҳ топадилар”. 33 Шундай қилиб, улар эшита олганларича, у уларга сўзни шу сингари кўп масаллар орқали воизлик қилди. 34 Аммо уларга масалларсиз гапирмас эди. Бироқ У ёлғиз қолганида, У шогирдларига ҳаммасини тушунтириб берар эди. 35 Ўша куни кеч кираётганида, Исо уларга: “Нариги томонга ўтамиз”,- деди. 36 Улар халойиқни қўйиб юборганларидан сўнг, У ўтирган қайиқда Уни ўзлари билан олиб кетдилар. Ўша жойда У билан бирга бошқа қайиқлар ҳам бор эди. 37 Шунда кучли бўрон кўтарилди ва унинг тўлқинлари қайиққа шундай урилдики, у сувга тўла бошлади. 38 Исо қайиқнинг орқа қисмида ёстиқда ухлаб ётар эди. Улар Уни уйғотиб Унга: “Устоз! Бизнинг ҳалок бўлаётганимиз билан ишинг йўқми?”- дедилар. 39 У ўрнидан туриб, шамолга ман этди ва денгизга: “Жим бўл, тинчлан”,- деди. Шунда шамол тўхтади ва чуқур сукунат бўлди. 40 Исо уларга: “Нега бундай қўрқоқсизлар? Нима учун имонингиз йўқ?”- деди. 41 Улар эса ўта қўрқиб кетиб, бир-бирларига: “Бу қандай Одамки, ҳатто бўрон ва денгиз ҳам Унга қулоқ солса?”- дедилар.