3 1 Исо яна синагогага кирди, у ерда эса қўли қуриб қолган бир одам бор эди. 2 У шаббат куни шифолармикин, деб Уни айблаш учун кузатиб турдилар. 3 Шунда Исо қўли қуриб қолган одамга: “Ўртага чиқ”,- деди. 4 Уларга эса: “Шаббат куни яхшилик қилиш керакми ёки ёмонликми? Жонни қутқаришми ёки ҳалок қилишми?”- деди. Лекин улар индамадилар. 5 Шунда уларга ғазаб билан нигоҳ ташлаб, уларнинг бағритошлигидан қайғурди. Ҳалиги одамга эса: “Қўлингни узат”,- деди. У қўлини узатди ва унинг қўли бошқаси каби соппа-соғ бўлиб қолди. 6 Фарзийлар эса ташқарига чиқиб, Исони қандай ҳалок қилиш ҳақида ҳиродчилар билан Унга қарши дарҳол тил бириктирдилар. 7 Лекин Исо Ўз шогирдлари билан бирга денгиз томон кетди. Шунда Галиледан, Яҳудиядан, 8 Йерусалимдан, Идумиядан ва Йорданнинг нариги томонидан бўлган кўпчилик оломон Унга эргашди. Тир ва Сидўннинг атрофида яшайдиган тумонат халқ Исонинг қилаётган ишларини эшитганларида, Унинг олдига келдилар. 9 Исо одам кўплиги туфайли Уни сиқиб қўймасликлари учун Ўзининг шогирдларига қайиқ тайёрлаб қўйишни айтди. 10 Зеро У кўпларни шифолади, шунинг учун яраларга эга бўлганлар Унга қўл тегизиш учун Уни сиқаётган эдилар. 11 Нопок руҳлар ҳам Исони кўрганларида, Унинг қаршисида қулаб: “Сен Худонинг Ўғлисан!”- деб бақирар эдилар. 12 Лекин Исо Уни ошкор қилишларини уларга қатъий ман этар этди. 13 Сўнг У тоққа чиқиб, Ўзи истаганларни чақириб олди. Улар эса Унинг олдига келдилар. 14 Шунда Исо Ўзи билан бирга бўлишлари ва уларни воизлик қилишга юбориш учун, 15 касалларни шифолаш ва жинларни қувиш ҳокимиятига эга бўлишлари учун улардан ўн иккитасини танлади: 16 Петъёр, деб атаган Шимўнни, 17 Забадийнинг ўғиллари бўлган, “Воанергес”, яъни “Момақалдироқ ўғиллари”, деб атаган Ёқубни ва укаси Юҳаннони, 18 Андерни, Филипни, Бартолмейни, Маттони, Тўмани, Алфей ўғли Ёқубни, Таддейни, рашкчи Шимўнни 19 ва Унга хиёнат қиладиган Яҳудо Искариотни танлади. 20 Сўнг Исо уйга келди. Яна шунчалик кўп халойиқ тўпланган эдики, уларга ҳатто нон ейишга ҳам имкон бўлмади. 21 Яқинлари буни эшитганларида, Уни олиб кетиш учун келдилар, чунки улар: “У ақлдан озган”,- дер эдилар. 22 Йерусалимдан келган уламолар эса: “Унинг ичида Баалзебуб бор ва У жинлар бошлиғининг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти”,- дер эдилар. 23 Исо эса уларни ёнига чақириб, уларга масаллар орқали гапира бошлади: “Қандай қилиб шайтон шайтонни қувиб чиқара олади? 24 Агар шоҳлик ўз ичидан бўлинса, бу шоҳлик тура олмайди. 25 Агар хонадон ўз ичидан бўлинса, бу хонадон тура олмайди. 26 Агар шайтон ўз-ўзига қарши чиқиб бўлинган бўлса, у тура олмайди, лекин унинг куни тугади. 27 Ҳеч ким кучли одамнинг уйига кириб, аввал кучли одамни боғламасдан, унинг мол-мулкини талон-тарож қилмайди. Фақат уни боғлаганидан сўнггина уйини талон-тарож қилади. 28 Сизларга ростини айтаманки, инсон ўғиллари қанақа гуноҳлару куфрликлар қилмасинлар-ки, уларга кечирилади. 29 Бироқ кимки Муқаддас Руҳга қарши куфрлик қилса, ҳеч қачон кечирилмайди, лекин у абадий маҳкумликка дучор бўлади”. 30 Зеро улар: “Унинг ичида нопок руҳ бор”,- дер эдилар. 31 Сўнг Унинг онаси билан укалари келдилар ва ташқарида туриб, Уни чақириш учун одам юбордилар. 32 Унинг атрофида кўпчилик одам ўтирган эди. Улар Унга: “Мана, онанг, укаларинг ва сингилларинг ташқарида Сени сўрашяпти”,- дедилар. 33 У эса уларга жавоб берди: “Ким Менинг онам ёки Менинг укаларим?” 34 Сўнгра атрофида ўтирганларга қараб: “Мана, Менинг онам ва укаларим,- деди,- 35 чунки кимки Худонинг иродасини бажарса, айнан ўша Менинг укам, синглим ва онамдир“.