2 1 Бир неча кундан сўнг У яна Кафарнаҳум шаҳрига келди. Унинг уйда эканлиги маълум бўлгач, 2 дарҳол шу қадар кўпчилик йиғилдики, ҳатто эшик олдида ҳам жой қолмади. Исо эса уларга сўзни воизлик қилар эди. 3 Шунда тўрт киши бир шол одамни кўтариб, уни Исонинг олдига олиб келишга уриндилар. 4 Бироқ халойиқнинг зичлиги туфайли Исонинг олдига яқинлаша олмасдан, У бўлган уйнинг томини очдилар. Кейин туйнук тешиб, шол одам ётган тўшакни туширдилар. 5 Исо уларнинг имонини кўрганида, шол одамга: “Ўғлим, сенинг гуноҳларинг кечирилди”,- деди. 6 Ўша жойда эса баъзи уламолар ўтирган эдилар. Улар ўз юракларида: 7 “Нега У бундай куфрлик қилмоқда? Худодан бошқа ким гуноҳларни кечира олади?”- деб фикр юритар эдилар. 8 Исо шу лаҳзада Ўз руҳи билан уларнинг ўзларича шундай фикр юритаётганларини тушуниб, уларга деди: “Нима учун сизлар юракларингизда бундай фикрлаяпсизлар? 9 Нима осонроқ? Шол одамга: Сенинг гуноҳларинг кечирилди,- деб айтишми, ёки: Ўрнингдан тур ва тўшагингни олиб юр,- дейишми? 10 Лекин Инсон Ўғлининг ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимиятига эга эканлигини билиб олишингиз учун,- (Исо шол одамга деди),- 11 Сенга айтаман: Ўрнингдан тур, тўшагингни ол ва уйингга бор”. 12 Шу заҳоти у ўрнидан турди ва тўшагини олиб, ҳамманинг қаршисида чиқиб кетди. Шунда уларнинг барчалари ҳайратланиб: “Биз ҳеч қачон бунақасини кўрмаганмиз”,- деб Худони шарафладилар. 13 Исо яна денгиз бўйига чиқди ва бутун халқ Унинг олдига тўпланди. У эса уларга таълим берди. 14 Сўнгра У ўтиб кетаётиб, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Алфей ўғли Левини кўриб қолди ва унга: “Менга эргаш”,- деди. У ўрнидан туриб, Исога эргашди. 15 Исо Левининг уйида меҳмон бўлиб ўтирганида, кўп солиқчилар ва гуноҳкорлар ҳам Исо ва Унинг шогирдлари билан бирга ўтирар эдилар, чунки улар кўпчилик бўлиб, Исонинг ортидан эргашган эдилар. 16 Уламолар ва фарзийлар Унинг солиқчилару гуноҳкорлар билан овқатланиб ўтирганини кўрганларида, Унинг шогирдларига: “Қандай қилиб У солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб ичиб ўтирибди?”- дедилар. 17 Исо буни эшитиб уларга: “Соғлар эмас, балки беморлар шифокорга муҳтождирлар. Мен ҳақ одамларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман”,- деди. 18 Яҳёнинг ва фарзийларнинг шогирдлари рўза тутар эдилар. Шунинг учун халқ келиб, Унга: “Нима учун Яҳёнинг ва фарзийларнинг шогирдлари рўза тутади-ю, лекин Сенинг шогирдларинг рўза тутмайди?”- деди. 19 Исо эса уларга: “Куёв улар билан бирга бўлганида, тўйхонадаги йигитлар рўза тута оладиларми?- деди,- Куёв улар билан бирга бўлганида, улар рўза тута олмайдилар. 20 Лекин шундай кунлар келадики, куёв улардан тортиб олинади, шунда ўша кунларда улар рўза тутадилар. 21 Ҳеч ким эски кийимга янги матодан ямоқ солмайди, акс ҳолда, тикилган янги мато бўлаги эски кийимни йиртиб юборади ва тешиги янада ёмонроқ бўлади. 22 Ҳеч ким янги шаробни эски мешларга қуймайди, акс ҳолда, янги шароб эски мешларни ёриб юборади, шунда шароб ҳам тўкилади, мешлар ҳам яроқсиз ҳолга келади. Лекин янги шаробни янги мешларга қуймоқ керак”. 23 Бир шаббат куни Исо буғдой экилган даладан ўтиб кетаётган эди, Унинг шогирдлари эса йўл-йўлакай бошоқларни юла бошладилар. 24 Шунда фарзийлар Унга: “Қара, нима учун улар шаббат куни қилиш мумкин бўлмаган ишни қиляптилар?”- дедилар. 25 Исо уларга: “Наҳот сизлар, Довуд ва у билан бирга бўлганлар муҳтож бўлганларида ва оч қолганларида, нима қилганларини ҳеч ўқимаган бўлсангизлар? 26 У олий руҳоний Абиатарнинг кунларида Худонинг уйига кириб руҳонийлардан бошқа ҳеч ким ейиши мумкин бўлмаган тақдим нонини еганини, ҳамда ўзи билан бирга бўлганларга берганини ўқимаган бўлсангизлар?”- деди. 27 Сўнг уларга: “Одам шаббат куни учун эмас, балки шаббат куни одам учун яратилган. 28 Шунинг учун Инсон Ўғли шаббат кунининг ҳам Ҳокимидир”,- деди.