16 1 Сўнгра Исо Ўз шогирдларига ҳам деди: “Бир бойнинг хўжалигини идора қилувчиси бор экан. Бойнинг қулоғига: Идора қилувчингиз мол-мулкингизни беҳудага исроф қилиб юрибди,- деган чақимчилик етказилди. 2 Шунинг учун бой идора қилувчисини чақириб унга: Мен сен ҳақингда нималар эшитяпман? Ўз идорачилигинг ҳақида ҳисобот бер, чунки сен бошқа идора қила олмайсан,- деб айтди. 3 Шунда идора қилувчи ўз ўзига деди: Нима қилсам экан? Хўжайиним мени уй идорачилигидан бўшатяпти. Ер ковлай олмайман, тиланчилик қилишга уяламан. 4 Мана, уй идорачилигидан бўшатилганимдан кейин одамлар мени ўз уйларига қабул қилишлари учун нима қилишим кераклигини биламан. 5 Шундай қилиб, хўжайинидан қарз бўлганларнинг ҳар бирини алоҳида ёнига чақириб, у биринчисидан: Хўжайинимдан қанча қарзинг бор?- деб сўради. 6 У: Юз бат зайтун мойи,- деди. Шунда идора қилувчи унга: Тилхатингни ол, тезда ўтириб: эллик бат, деб ёз!- деди. 7 Кейин бошқасидан ҳам сўради: Сенинг қанча қарзинг бор? У эса: Юз кор буғдой,- деб жавоб берди. Унга ҳам: Тилхатингни ол: саксон кор, деб ёз!- деди. 8 Хўжайини эса идрокли иш қилгани учун ўзининг бу садоқатсиз идора қилувчисини мақтади. Зеро бу дунёнинг ўғиллари ўз авлоди орасида нурнинг ўғилларидан кўра идроклироқдир. 9 Мен ҳам сизларга айтаманки, ўзларингизга ноҳақ бойликдан дўст орттиринглар, токи бу бойлик тугагач, сизларни абадий маконларга қабул қилсинлар. 10 Оз нарсада содиқ бўлган кўп нарсада ҳам содиқдир. Оз нарсада садоқатсиз бўлган кўп нарсада ҳам садоқатсиздир. 11 Шундай қилиб, агар сизлар ноҳақ бойликда содиқ бўлмасангизлар, ким сизларга ҳақиқий бойликни ишониб топширар экан? 12 Агар бировнинг нарсасида содиқ бўлмасангизлар, ким сизларга ўз нарсаларингизни берар экан? 13 Ҳеч қандай хизматкор икки хўжайинга хизмат қила олмайди. Чунки у ё биридан нафратланиб, бошқасини севади, ёки бирига ихлос қўйиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка хизмат қила олмайсизлар”. 14 Фарзийлар буларни эшитиб, пулпараст бўлганлари учун Исони мазаҳ қилдилар. 15 Исо эса уларга деди: “Сизлар одамлар олдида ўзларингизни ҳақ қилиб кўрсатасизлар, лекин Худо юрагингизни билади. Чунки одамларнинг назарида аҳамиятли бўлгани Худонинг назарида жирканчлидир. 16 Қонун ва Пайғамбарлар даври Яҳёгача эди. Мана, шу вақтдан бошлаб Худонинг Шоҳлиги воизлик қилинмоқда ва ҳар бир киши унга куч билан босиб киради. 17 Бироқ Қонундан бирон чизиқ йўқолишидан кўра, еру осмон ўтиши осонроқдир. 18 Кимки ўз хотинидан ажралиб, бошқасига уйланса, зино қилган бўлади. Кимки эридан ажралган хотинга уйланса, у ҳам зино қилган бўлади. 19 Мана, кимхоб ва шойи кийимлар кийиб, ҳар куни дабдабали базмлар қиладиган бир бой одам бор эди. 20 Унинг дарвозаси олдида эса баданига яра тошган Лазар исмли бир қашшоқ ётар эди. 21 У бойнинг дастурхонидан тўкилган ушоқлар билан қорнини тўйдиришни орзу қилар, итлар эса келиб унинг яраларини ялар эдилар. 22 Сўнг қашшоқ вафот этди ва фаришталар уни Иброҳимнинг маконига олиб бордилар. Бой ҳам ўлиб дафн этилди. 23 Дўзахда азоб чекаётган бой бошини кўтариб узоқда Иброҳимни ва унинг маконидаги Лазарни кўрди. 24 У фарёд қилиб деди: Эй, Иброҳим-ота! Менга раҳм қилиб, Лазарни юборгин, у бармоғининг учини сувга ботириб, тилимга сув томизсин, чунки мен бу оловда азоб чекяпман. 25 Лекин Иброҳим унга шундай жавоб берди: Болам, сен ўз ҳаётингда яхши улушингни олганинг, Лазар эса ёмон улушини олгани эсингда борми? Энди у бу ерда ором олмоқда, сен эса азоб чекмоқдасан. 26 Бундан ташқари, сиз билан бизнинг орамизда буюк жар ўрнатилган. Бу ердан сиз томонга ўтмоқчи бўлганлар ўта олмайдилар ва у ердан биз томонга ҳам ўтмайдилар. 27 Шунда у деди: Ундай бўлса, эй, ота, сендан ўтиниб сўрайман, Лазарни отамнинг уйига юборгин, 28 чунки менинг бешта укам бор. Улар ҳам бу азоб жойига келмасликлари учун у уларга гувоҳлик берсин. 29 Иброҳим унга: Уларда Мусо ва пайғамбарлар бор, уларга қулоқ солсинлар,- деди. 30 У эса деди: Йўқ, Иброҳим-ота, агар ўликлардан бири уларнинг олдига борса, ўшанда тавба қиладилар. 31 Шунда Иброҳим унга: Агар Мусо ва пайғамбарларга қулоқ солмаган бўлсалар, унда ўликлардан бири тирилса ҳам ишонмайдилар,- деди.”