15 1 Ҳамма гуноҳкорлар ва солиқчилар Исони тинглаш учун Унинг олдига яқинлашиб келишар эди. 2 Буни кўрган фарзийлар ва уламолар: “Мана, У гуноҳкорларни қабул қилиб, улар билан бирга еяпти”,- деб пўнғиллашар эди. 3 Исо эса уларга шундай масални айтиб берди: 4 “Сизлардан кимнингдир юзта қўйи бўлса-ю, улардан бирортасини йўқотса, тўқсон тўққизтасини саҳрода қолдириб, йўқолган қўйни топмагунича қидирмайдими? 5 Уни топганида эса, қувонч билан елкасига кўтариб олади. 6 Уйга келгач, дўстлару қўшниларини чақириб, уларга дейди: Мен билан бирга қувонинглар, чунки мен йўқолган қўйимни топдим. 7 Сизларга айтаманки, худди шунга ўхшаб, тавбага муҳтож бўлмаган тўқсон тўққизта ҳақ одамдан кўра, тавба қилаётган биттагина гуноҳкор учун Осмонда кўпроқ қувонч бўлади. 8 Ёки қайси бир аёл ўнта динори бўлса-ю, биттасини йўқотиб қўйса, шам ёқиб тангани топмагунича, уйни супуриб-сидириб синчиклаб қидирмайди? 9 Уни топганида, дўстлару қўшниларини чақириб, уларга дейди: Мен билан бирга қувонинглар, чунки мен йўқолган диноримни топдим. 10 Сизларга айтаманки, худди шунга ўхшаб, тавба қилаётган битта гуноҳкор учун Худонинг фаришталари ҳузурида қувонч бўлади”. 11 Сўнгра У яна деди: “Бир одамнинг икки ўғли бор эди. 12 Уларнинг кичиги отасига: Ота, меросдан менга тегишли қисмини беринг,- деди. Шунда ота бор-йўғини уларга бўлиб берди. 13 Бир неча кундан кейин кичик ўғли ўзининг ҳамма нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетди. У ерда айш-ишрат билан кун кечириб, мол-мулкини исроф қилди. 14 У борини сарфлаб битирганидан кейин, шу мамлакатда оғир очарчилик бошланди. Йигит эса муҳтожликка йўлиқди. 15 Шунда у бориб, ўша мамлакатда яшайдиганлардан бирига қўшилди. У одам тўнғизларни боқиш учун йигитни ўз даласига юборди. 16 Йигит эса ўзининг қорнини тўнғизлар ейдиган пўчоқлар билан тўйдиришни истар эди, лекин унга буни ҳеч ким бермас эди. 17 Ниҳоят у ўзига келгач, деди: Отамнинг шунча кўп ёлланма ишчилари нон тўла-тўкислигига эга, мен эса бу ерда очликдан ўляпман. 18 Шунинг учун отамнинг олдига бориб, унга шундай дейман: Ота, мен Осмонга ва сизга қарши гуноҳ қилдим. 19 Энди сизнинг ўғлингиз, деб аталишга лойиқ эмасман. Мени ёлланма ишчиларингиз қаторида қабул қилинг. 20 Йигит туриб, отасининг олдига йўл олди. У ҳали узоқда бўлганида, отаси уни кўриб, унга раҳми келди. Югуриб, ўғлининг бўйнидан қучиб, уни ўпа кетди. 21 Ўғли эса: Ота, мен Осмонга ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз, деб аталишга лойиқ эмасман,- деди. 22 Лекин отаси ўз қулларига деди: Энг яхши кийим келтириб, уни кийинтиринглар, қўлига узук тақиб, оёқларига пойафзал кийгизинглар. 23 Семиз бузоқчани олиб чиқиб сўйинглар, еб-ичайлик ва хурсандчилик қилайлик. 24 Чунки менинг бу ўғлим ўлган эди, аммо тирилди; йўқолган эди, энди эса топилди. Шунда хурсандчилик қила бошладилар. 25 Унинг катта ўғли эса ўша вақтда далада эди. У қайтаётиб уйга яқинлашганида, чолғу ва ўйин-кулги садоларини эшитиб, 26 хизматкорлардан бирини чақириб: Нима бўляпти ўзи?- деб сўради. 27 Укангиз келди, отангиз уни соғ-саломат қабул қилгани учун семиз бузоқчани сўйди,- деди хизматкор. 28 Шунда у аччиқланиб, ичкарига киришни хоҳламади. Отаси эса ташқарига чиқиб, уни чақирди. 29 Лекин у отасига жавобан деди: Мен шунча йилдан бери сизга хизмат қиламан. Ҳеч буйруғингизга қарши чиққаним йўқ. Сиз эса дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун менга битта улоқни ҳам бермадингиз. 30 Аммо мол-мулкингизни фоҳишаларга исроф қилиб қўйган шу ўғлингиз келганида, сиз у учун семиз бузоқчани сўйдингиз! 31 Шунда отаси унга деди: Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан, менинг ҳамма нарсам сеникидир. 32 Бугун эса хурсандчилик қилиб қувонишимиз керак, чунки сенинг бу уканг ўлган эди, аммо қайта тирилди; йўқолган эди, энди эса топилди”.