17 1 Сўнг Исо Ўз шогирдларига деди: “Васвасалар келмаслиги мумкин эмас. Лекин булар ким орқали келаётган бўлса, ўшанинг ҳолига вой! 2 Бу кичиклардан биронтасини васвасага солгандан кўра, унинг бўйнига тегирмон тоши осилиб, денгизга ташланиши у учун яхшироқ бўлар эди. 3 Ўзингизни назорат қилинглар! Агар биродаринг сенга қарши гуноҳ қилса, унга танбеҳ бергин. Агар тавба қилса, уни кечиргин. 4 Агар бир куннинг ўзида сенга қарши етти марта гуноҳ қилса-ю, етти марта сенга қайта келиб: Тавба қилдим,- деса, уни кечиргин”. 5 Ҳаворийлар эса Раббийга: “Бизнинг имонимизни кўпайтир”,- дедилар. 6 Аммо Раббий жавобан деди: “Агар хантал уруғидай имонингиз бўлиб, шу анжир дарахтига: Илдизинг билан қўпорилиб, денгизга кўчиб ўтқазил,- десангизлар, у сизларга бўйсунар эди. 7 Сизлардан ким қўш ҳайдовчи ёки подачи қулга эга бўлиб, у даладан қайтганида, унга: Тез келиб, дастурхонга ўтир,- дейди? 8 Аксинча: Кечки овқатимни тайёрла, овқатланиб бўлганимча бел боғлаб, менга хизмат қилиб тур, ундан кейин ўзинг еб-ичасан,- демайдими? 9 Буюрган ишларни бажаргани учун у қулига ташаккур билдирадими? Ўйлайманки, йўқ. 10 Шундай қилиб, сизлар ҳам буюрилган ҳамма ишни бажарганингиздан кейин: Биз арзимайдиган қуллармиз, чунки қилишимиз керак бўлган ишни қилдик,- денглар”. 11 Исо Йерусалим томон йўл олиб, Самария билан Галиленинг орасидан ўтаётган эди. 12 У бир қишлоққа кираётганида, Унга ўнта мохов учради. Улар узоқда туриб, 13 баланд овоз билан сўзладилар: “Устоз Исо, бизга раҳм қил!” 14 Уларни кўргач, Исо уларга: “Бориб, ўзларингизни руҳонийларга кўрсатинглар”,- деди. Улар эса йўлда кетаётиб, моховдан покландилар. 15 Улардан бири шифо топганини кўриб, баланд овоз билан Худони улуғлаб орқага қайтди. 16 У Исонинг оёқларига ўзини ташлаб, Унга миннатдорчилик билдирди. Бу одам эса самариялик эди. 17 Ўшанда Исо деди: “Покланган ўн киши эмасми? Қолган тўққизтаси қани? 18 Худони улуғлаш учун шу бегона қабилаликдан бошқа ҳеч ким қайтиб келмадими?” 19 Кейин Исо ўша одамга деди: “Ўрнингдан туриб боравер, имонинг сени қутқарди”. 20 Фарзийлар: “Худонинг Шоҳлиги қачон келади?”- деб Исодан сўраганларида, У уларга шундай жавоб берди: “Худонинг Шоҳлиги кўзга кўринадиган бўлиб келмайди. 21 Шунингдек: Қара, у бу ерда ёки у ерда,- деб айтмайдилар. Чунки, мана, Худонинг Шоҳлиги сизларнинг ичингиздадир”. 22 Сўнг Исо шогирдларига яна деди: “Шундай кунлар келадики, Инсон Ўғлининг биргина кунини кўришни истайсизлар ва кўрмайсизлар. 23 Шунда сизларга: Мана, У бу ерда ёки у ерда,- деб айтадилар. Борманглар ва уларнинг орқасидан қувманглар. 24 Чунки чақмоқ чақиб, фалакнинг бир томонидан бошқа томонигача ярқирагандай, Инсон Ўғли ҳам Ўз кунида худди шундай бўлади. 25 Бироқ аввало У кўп азоб чекиши ва шу авлод томонидан рад қилиниши керак. 26 Шунда Нуҳнинг кунларида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғлининг кунларида ҳам шундай бўлади. 27 Нуҳ кемага кирган кунига қадар ейишди, ичишди, уйланиб турмушга чиқишди. Тўфон эса келиб, ҳаммани ҳалок қилди. 28 Лут кунларида ҳам шундай бўлди: ейишди, ичишди, сотиб-олишди, экишди ва бинолар қуришди. 29 Лекин Лут Садўм шаҳридан чиққан кунида осмондан олов ва олтингугурт ёғилиб, ҳаммани ҳалок қилди. 30 Инсон Ўғли зоҳир бўладиган кунида ҳам шундай бўлади. 31 Ўша кунда томнинг устида бўлган киши ўзининг анжомларини олиш учун уйига кирмасин. Шунингдек, далада бўлган ҳам қайтиб келмасин. 32 Лутнинг хотинини эслаб туринглар. 33 Кимки ўз жонини қутқармоқчи бўлса, уни йўқотади. Кимки ўз жонини йўқотса, уни сақлаб колади. 34 Сизларга айтаманки, ўша кеча икки киши бир тўшакда бўлади: бири олинади, бошқаси эса қолдирилади. 35 Икки аёл бирга тегирмонда янчаётган бўлади: бири олинади, бошқаси эса қолдирилади. 36 Икки киши далада бўлади: бири олинади, бошқаси эса қолдирилади”. 37 Шунда шогирдлар Исодан: “Ҳазрат, қаерда бўлади?”- деб сўрадилар. Исо эса уларга: “Мурда қаерда бўлса, калхатлар ҳам ўша ерда тўпланадилар”,- деди.