5 1 Шундан сўнг яҳудийларнинг байрами бўлди ва Исо Йерусалимга келди. 2 Йерусалимда қўй дарвозаси олдида яҳудийчасига Бейт-Ҳесда, деб аталадиган беш шийпонли бир ҳовуз бор эди. 3 Бу жойларда жуда кўп беморлар, кўрлар, шоллар, танаси қуриганлар ётар ва сувнинг ҳаракатга келишини кутар эдилар. 4 Чунки Раббийнинг фариштаси вақти-вақти билан ҳовузга тушиб, сувни чайқатар эди. Сув чайқалганида эса, ким биринчи бўлиб унга тушса, ҳар қандай хасталикдан шифо топар эди. 5 Шу ерда ўттиз саккиз йил хасталикда бўлган одам бор эди. 6 Исо унинг ётганини кўриб ва анчадан буён шу аҳволда ётганини билиб, унга: “Соғайишни истайсанми?”- деди. 7 Бемор унга: “Ҳа, Ҳазрат, аммо сув чайқалиш пайтида мени ҳовузга туширадиган одамим йўқ. Мен етиб келгунимча эса, сувга бошқа биров мендан олдин тушиб олади”,- деб жавоб берди. 8 Исо унга: “Ўрнингдан тур, тўшагингни олиб, юр”,- деди. 9 У шу лаҳзада соғайиб қолди ва тўшагини кўтариб кетди. Бу эса шаббат куни содир бўлган эди. 10 Шунинг учун яҳудийлар шифоланган одамга: “Бугун – шаббат куни! Сен тўшагингни кўтаришинг мумкин эмас”,- дедилар. 11 У эса уларга: “Мени шифолаган Киши менга: Тўшагингни олиб, юргин,- деди”,- деб жавоб берди. 12 Ундан: “Сенга: Тўшагингни олиб, юргин,- деган ўша ким?”- деб сўрадилар. 13 Шифоланган одам Унинг кимлигини билмас эди, чунки Исо у жойда бўлган оломоннинг орасига кириб, кетган эди. 14 Сўнгра Исо уни маъбадда учратиб, унга: “Мана, сен шифо топдинг, энди янада ёмонроқ нарса бошингга тушмаслиги учун бошқа гуноҳ қилма”,- деди. 15 Бу одам эса бориб, уни шифолаган Киши Исо эканини яҳудийларга айтди. 16 Шунда яҳудийлар Исонинг шаббат куни шундай ишларни қилгани учун Уни қувғин қила бошлаб, ўлдиришнинг пайига тушдилар. 17 Исо эса уларга: “Отам ҳанузгача шундай ишларни қилмоқда ва Мен ҳам қилмоқдаман”,- деб жавоб берди. 18 Шунда яҳудийлар Уни ўлдиришга яна кўпроқ ҳаракат қилдилар, чунки У нафақат шаббатга риоя қилмас эди, балки Ўзини Худо билан тенг қилиб, Худони Отам, деб атар эди. 19 Бунга Исо жавоб бериб деди: “Ростини, сизларга ростини айтаманки, агар Ўғил Отасининг нима қилаётганини кўрмаса, Ўз Ўзидан ҳеч нарса қила олмайди. Чунки Ота нима қилса, Ўғил ҳам шуни қилади. 20 Зеро Ота Ўғилни севади ва Унга Ўзи қилаётган ҳамма нарсани кўрсатади. Унга булардан кўра улуғроқ ишларни ҳам кўрсатадики, сизлар ҳатто ҳайратда қоласизлар. 21 Чунки Ота ўликларни тирилтириб, уларга ҳаёт бахш этганидек, Ўғил ҳам кимни истаса, тирилтиради. 22 Чунки Ота ҳеч кимни ҳукм қилмайди, балки бор ҳукмни Ўғилга берган, 23 токи ҳамма Отани ҳурмат қилганидек, Ўғилни ҳам ҳурмат қилсин. Ким Ўғилни ҳурмат қилмаса, Уни юборган Отани ҳам ҳурмат қилмайди. 24 Ростини, сизларга ростини айтаманки, Менинг сўзларимга қулоқ соладиган ва Мени Юборганга ишонадиган одам абадий ҳаётга эга бўлади ва судга келмайди, бироқ ўлимдан ҳаётга ўтади. 25 Ростини, сизларга ростини айтаманки, шундай кунлар келади ва аллақачон келди ҳам, ўликлар Худонинг Ўғлининг овозини эшитадилар ва эшитиб тириладилар. 26 Чунки Ота Ўзида ҳаётга эга бўлганидек, Ўғилга ҳам Ўзида ҳаётга эга бўлишни берди 27 ва Унга ҳукмни амалга ошириш ҳокимиятини ато этди, чунки У – инсон ўғлидир. 28 Бундан ҳайратланманглар, чунки шундай вақт келмоқдаки, қабрдагиларнинг ҳаммаси Худо Ўғлининг овозини эшитадилар 29 ва яхшилик қилганлар ҳаёт тирилишида чиқадилар, ёвузлик қилганлар эса маҳкумлик тирилишида чиқадилар. 30 Мен Ўз-Ўзимдан ҳеч нима қила олмайман. Қандай эшитсам, шундай ҳукм қиламан ва Менинг ҳукмим ҳақдир, чунки Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини излайман. 31 Агар Мен Ўзим ҳақимда Ўзим гувоҳлик берсам, Менинг гувоҳлигим ҳақиқий бўлмайди. 32 Мен ҳақимда бошқа гувоҳлик берувчи бор. Мен биламанки, Унинг Мен ҳақимда гувоҳлик берадиган гувоҳлиги ҳақиқийдир. 33 Сизлар Яҳёнинг олдига одамларни юбордингизлар ва у ҳақиқат ҳақида гувоҳлик берди. 34 Аслида, Мен одамдан гувоҳлик қабул қилмайман, аммо сизлар нажот топишингиз учун буни айтмоқдаман. 35 У ёнаётган ва нур тарқатаётган чироқ эди, сизлар эса бир оз вақт унинг нуридан қувонмоқчи бўлдингизлар. 36 Мен эса Яҳёникидан улуғроқ гувоҳликка эгаман, чунки Отам амалга оширишим учун берган ишлар, яъни Мен амалга ошираётган шу ишларнинг ўзи Мени Отам юборгани ҳақида, Мен ҳақимда гувоҳлик беради. 37 Мени юборган Отамнинг Ўзи ҳам Мен ҳақимда гувоҳлик берди. Сизлар эса ҳеч қачон Унинг овозини ҳам эшитмагансизлар, Унинг қиёфасини ҳам кўрмагансизлар. 38 Ичингизда жо бўладиган Унинг сўзига ҳам эга эмассизлар, чунки У юборган Шахсга ишонмайсизлар. 39 Сизлар Ёзувларни синчиклаб текширасизлар, чунки улар орқали сизлар абадий ҳаётга эга бўлишни ўйлайсизлар. Ёзувлар эса Мен ҳақимда гувоҳлик берадилар. 40 Аммо ҳаётга эга бўлиш учун сизлар Менинг олдимга келишни истамайсизлар. 41 Мен одамлардан шуҳратни қабул қилмайман, 42 лекин сизларни биламан – сизларда Худога нисбатан севги йўқ. 43 Мен Отамнинг номи билан келдим ва Мени қабул қилмайсизлар. Бошқа биров ўз исми билан келса, уни қабул қиласизлар. 44 Бир-бирингиздан шуҳратни қабул қилиб, ягона Худодан бўлган шуҳратни изламасангизлар, қандай қилиб имон келтиришингиз мумкин? 45 Мени сизларни Отамнинг олдида айблайди, деб ўйламанглар. Сизларни айбловчи бор. Бу – сизлар умид қилаётган Мусодир. 46 Зеро агар сизлар Мусога ишонганингизда эди, Менга ҳам ишонар эдингизлар, чунки у Мен ҳақимда ёзган эди. 47 Агар унинг Ёзувларига ишонмасангизлар, Менинг сўзларимга қандай ишонасизлар?”