6 1 Шундан сўнг Исо Галиле денгизининг бошқа томонига, яъни Тибериага борди. 2 Кўплаб одамлар Унга эргашдилар, чунки Унинг беморларда амалга оширган мўъжизаларини кўрган эдилар. 3 Исо тоққа чиқиб, у ерда шогирдлари билан бирга ўтирди. 4 Яҳудийларнинг Песаҳ байрами яқинлашар эди. 5 Исо кўзларини кўтариб, кўплаб одамларнинг Унинг олдига келаётганини кўрди. Шунда Филипга: “Уларга едириш учун қаердан нон сотиб олсак бўлади?”- деди. 6 Аслида, уни синаш учун шундай деган эди, чунки нима қилмоқчи эканини Ўзи билар эди. 7 Филип эса Унга: “Икки юз динорга оладиган нонимиз ҳар бирига ҳатто озроқдан тегиши учун ҳам етмайди”,- деб жавоб берди. 8 Унинг шогирдларидан бири Шимўн Петьёрнинг укаси Андер Унга деди: 9 ”Бу ерда бир боланинг бешта арпа нони ва иккита балиқчаси бор, лекин бу кўпчилик учун нима ҳам бўлар эди?” 10 Исо: “Одамларни ўтирғизинглар”,- деди. У жойда кўп ўт бор эди. Шундай қилиб, чамаси беш мингта эркак ёнбошлаб ўтирди. 11 Исо нонларни олиб, Худога шукрона билдирди ва ёнбошлаганларга тарқатди, шунингдек, балиқни ҳам ким қанча истаса, шунча тарқатди. 12 Еб тўйганларидан сўнг Исо шогирдларига: “Ҳеч нарса исроф бўлмаслиги учун, қолган бурдаларни йиғиб олинглар”,- деди. 13 Улар эса йиғиб олиб, еганлардан қолган бешта арпа нонининг бурдалари билан ўн иккита саватни тўлдирдилар. 14 Шунда одамлар Исо қилган мўъжизани кўриб: “Ҳақиқатан ҳам, бу – дунёга келиши керак бўлган Пайғамбар экан”,- дедилар. 15 Исо эса одамларнинг келиб, Уни зўрлик билан олиб бориб, подшоҳ қилмоқчи эканларини билиб қолиб, яна якка Ўзи тоққа чиқиб кетди. 16 Оқшом бўлганида, шогирдлари денгиз бўйига бордилар 17 ва қайиққа тушиб, денгизнинг у қирғоғига, Кафарнаҳумга йўл олдилар. Қоронғи тушди, Исо эса ҳали уларнинг олдиларига келмаган эди. 18 Кучли шамол эсар ва денгиз тўлқинланар эди. 19 Йигирма беш ёки ўттиз стадий масофани сузиб ўтишгач, улар денгиз устидан юриб келаётган ва қайиққа яқинлашаётган Исони кўрдилар ва қўрқиб кетдилар. 20 Аммо У уларга: “Бу Менман, қўрқманглар”,- деди. 21 Улар Уни қайиққа олмоқчи бўлдилар, шу лаҳзада эса қайиқ сузиб бораётган қирғоққа келиб қолди. 22 Кейинги куни денгизнинг ўша қирғоғида турган халқ, Исонинг шогирдлари тушган қайиқдан бошқаси бўлмаганини, Исо эса шогирдлари билан бирга қайиққа тушмаганини, фақат шогирдларининг ўзи сузиб кетганини кўрди. 23 Шу орада Тибериадан бошқа қайиқлар Раббий шукрона билдирганидан сўнг халқ нон еган жойнинг яқинига келди. 24 Бироқ Исо ҳам, Унинг шогирдлари ҳам бу ерда йўқлигини кўрганларида, улар қайиқларга тушдилар ва Исони излаб Кафарнаҳумга сузиб келдилар. 25 Исони денгизнинг у томонида кўриб, Унга: “Раввий, Сен қачон бу ерга келдинг?”- дедилар. 26 Исо уларга жавобан деди: “Ростини, сизларга ростини айтаманки, сизлар мўъжизалар кўрганларингиз учун эмас, балки нон еб тўйганларингиз учун Мени излаяпсизлар. 27 Чирийдиган озуқа учун эмас, балки сизларга Инсон Ўғли берадиган, абадий ҳаётга олиб борадиган озуқа учун ҳаракат қилинглар, чунки Унга Ота Худо Ўз муҳрини босган”. 28 Шунда Унга: “Худонинг ишларини қилишимиз учун нима қилайлик?”- дедилар. 29 Исо уларга жавобан: “Худонинг иши мана шу: Сизлар У юборган Шахсга имон келтиринглар”,- деди. 30 Шунда Унга дедилар: “Биз кўриб, Сенга имон келтиришимиз учун қандай аломат кўрсатасан? Сен нима иш қиласан? 31 Оталаримиз саҳрода манна едилар, худди ёзилганидек: «Уларга ейишлари учун осмондан нон берди»”. 32 Исо эса уларга деди: “Ростини, сизларга ростини айтаманки, сизларга Мусо осмондан нон берган эмас, балки Менинг Отам сизларга осмондан ҳақиқий нон бермоқда. 33 Чунки Худонинг нони – осмондан тушиб, дунёга ҳаёт берувчи Ўшадир”. 34 Шунда Унга: “Ҳазрат! Бизга доимо шундай нон бер”,- дедилар. 35 Исо эса уларга деди: “Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келадиган ҳеч қачон оч қолмайди, Менга ишонадиган ҳеч қачон чанқамайди. 36 Бироқ Мен сизларга айтдим-ку, сизлар ҳам Мени кўрдингизлар, лекин Менга ишонмаяпсизлар. 37 Отам Менга берадиганнинг барчаси Менинг олдимга келади, Менинг олдимга келадиганни эса қувиб юбормайман. 38 Чунки Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини бажариш учун Осмондан тушдим. 39 Мени юборган Отамнинг иродаси шундан иборатки — У Менга берганлардан ҳеч бирини ҳалок қилмай, аммо ҳаммасини охирги кунда тирилтирай. 40 Мени Юборганнинг иродаси шундан иборатки — Ўғилни кўрган ва Унга имон келтирган ҳар бир киши абадий ҳаётга эга бўлишидир. Мен эса уни охирги кунда тирилтираман”. 41 Исонинг: Мен Осмондан тушган нонман,- дегани учун яҳудийлар Ундан нолиб, 42 дедилар: “Бу Юсуфнинг ўғли Исо эмасми? Биз Унинг отаси ва онасини биламиз. Қандай қилиб У: Мен Осмондан тушдим,- дейди?” 43 Исо уларга жавобан деди: “Ўзаро нолиманглар. 44 Агар Мени юборган Отам жалб қилмаса, ҳеч ким Менинг олдимга кела олмайди. Мен эса уни охирги кунда тирилтираман. 45 Пайғамбарларда: Ҳамма Худо томонидан ўргатилади,- деб ёзилган. Отадан эшитган ва ўрганган ҳар бир киши Менинг олдимга келади. 46 Бу — бирор одам Худони кўргани дегани эмас, фақатгина Худодан Бўлган Отани кўрган. 47 Ростини, сизларга ростини айтаманки, Менга имон келтирган абадий ҳаётга эга бўлади. 48 Мен – ҳаёт нониман. 49 Оталарингиз саҳрода манна ер эдилар ва ўлиб кетдилар. 50 Осмондан тушадиган нон эса шунақа – уни еган одам ўлмайди. 51 Мен Осмондан тушган тирик нонман, бу нонни ейдиган одам абадий яшайди. Мен берадиган нон эса – дунёнинг ҳаёти учун берадиган Танамдир”. 52 Шунда яҳудийлар: “Қандай қилиб У бизга Ўз танасини ейиш учун бера олади?”- дея, ўзаро баҳслаша бошлашди. 53 Исо эса уларга деди: “Ростини, сизларга ростини айтаманки, агар Инсон Ўғлининг Танасини емасангизлар ва Унинг Қонини ичмасангизлар, Ўзингизда ҳаётга эга бўлмайсизлар. 54 Менинг Танамни ейдиган ва Менинг Қонимни ичадиган абадий ҳаётга эгадир, Мен эса уни охирги кунда тирилтираман, 55 чунки Менинг Танам ҳақиқий озуқа ва Менинг Қоним ҳақиқий ичимликдир. 56 Менинг Танамни ейдиган ва Менинг Қонимни ичадиган Менда жо бўлади, Мен эса унда жо бўламан. 57 Тирик Отам Мени юборди ва Мен Отам туфайли яшаётганимдек, Мени ейдиган ҳам Мен туфайли яшайди. 58 Осмондан тушган нон мана шудир! Оталарингиз эса манна еб ўлиб кетганлар. Бу нонни ейдиган абадий яшайди”. 59 Исо бу сўзларни Кафарнаҳумдаги синагогада таълим бераётганида гапирар эди. 60 Унинг шогирдларидан кўплари бу сўзларни эшитиб: “Нақадар ғалати сўзлар! Ким буларга қулоқ сола олади?”- дедилар. 61 Аммо Исо шогирдларининг бунга нолиётганларини Ўз ичида билиб, уларга деди: “Сизларни шу нарса васвасага соляптими? 62 Инсон Ўғлини илгари бўлган жойига кўтарилаётганини кўрсангизлар, нима бўлади? 63 Руҳ ҳаёт бахш этади, жисм эса ҳеч қандай фойда келтирмайди. Мен сизларга айтаётган сўзлар – руҳ ва ҳаётдир. 64 Бироқ сизларнинг орангизда имонсиз бор”. Чунки Исо ким имонсиз эканини, ким Унга хиёнат қилишини бошидан билар эди. 65 У яна: “Шунинг учун Мен сизларга: Агар Отамдан берилмаса, ҳеч ким Менинг олдимга кела олмайди, деб айтдим”,- деди. 66 Бундан кейин Унинг шогирдларидан кўпчилиги Ундан йироқлашиб, У билан бирга бошқа юрмайдиган бўлдилар. 67 Шунда Исо ўн иккита шогирдига: “Сизлар ҳам кетишни истамайсизларми?”- деди. 68 Шимўн Петьёр жавоб бериб деди: “Раббий! Биз кимга борайлик? Сен абадий ҳаёт сўзларига эгасан. 69 Биз имон келтириб, Сен – Масиҳ, тирик Худонинг Ўғли эканингни англадик”. 70 Исо уларга жавобан: “Мен сизлардан ўн икки кишини танлаган эмасманми? Аммо сизлардан бирингиз шайтон”,- деди. 71 У буни Шимўннинг ўғли Яҳудо Искариот ҳақида айтди, чунки у ўн икки шогирддан бири бўлиб, Унга хиёнат қилмоқчи эди.