4 1 Исо эса, У Яҳёдан кўра кўпроқ шогирдни қўлга киритиб, сувга чўмдирмоқда,- деган хабар фарзийларга етиб борганини эшитганида, 2 (ваҳоланки, Исонинг Ўзи эмас, балки шогирдлари чўмдирган бўлсалар ҳам), 3 У Яҳудияни тарк этиб, яна Галилега борди. 4 У Самариядан ўтиши керак эди. 5 Шундай қилиб, У Ёқуб ўзининг ўғли Юсуфга берган ери ёнидаги Сихар, деб аталадиган Самариянинг шаҳрига келди. 6 У ерда Ёқубнинг қудуғи бор эди. Исо йўлдан ҳориб, қудуқ бўйида ўтирди. Соат чамаси олтилар эди. 7 Қудуқдан сув тортиш учун Самариядан бир аёл келди. Исо унга: “Менга ичишга сув бер”,- деди, 8 чунки Унинг шогирдлари овқат сотиб олиш учун шаҳарга кетган эдилар. 9 Самариялик аёл Унга: “Сен яҳудий бўла туриб, қандай қилиб мендан, самарияликдан ичишга сув сўраяпсан? Зеро яҳудийлар самарияликлар билан алоқа қилмайдилар-ку”,- деди. 10 Исо унга жавобан: “Агар сен Худонинг инъомини ва Ким сенга: Менга сув бер,- деяётганини билганингда эди, сенинг ўзинг Ундан сув сўрар эдинг ва У сенга барҳаёт сув берар эди”,- деди. 11 Аёл эса Унга деди: “Ҳазрат, Сизнинг сув тортиш учун идишингиз йўқ, қудуқ эса чуқур. Сиз қаердан барҳаёт сувга эгасиз? 12 Отамиз Ёқуб бизга шу қудуқни берди. Унинг ўзи ҳам, болалари ҳам, чорвалари ҳам ундан сув ичган эди. Наҳотки, Сиз ундан буюкроқсиз?” 13 Исо унга жавобан деди: “Бу сувдан ичаётган ҳар бир одам яна чанқайди. 14 Мен унга берадиган сувни ичадиган эса то абад чанқамайди. Аммо Мен унга берадиган сув унинг ичида абадий ҳаёт томон оқаётган сув манбаига айланади”. 15 Аёл Унга: “Ҳазрат, мен чанқамаслигим ва сув тортиш учун бу ерга келмаслигим учун менга шу сувдан беринг”,- деди. 16 Исо эса унга: “Бор, эрингни чақириб, бу ерга кел”,- деди. 17 Аёл жавобан: “Менинг эрим йўқ”,- деди. Исо унга деди: “Эрим йўқ, деб ҳақиқатни айтдинг. 18 Чунки сенинг бешта эринг бор эди, ҳозир сен эга бўлган киши ҳам сенинг эринг эмас. Сен буни тўғри айтдинг”. 19 Аёл эса Унга: “Ҳазрат,- деди,- мен кўряпманки, Сиз пайғамбар экансиз. 20 Оталаримиз мана бу тоғда сажда қилганлар, сизлар эса: Сажда қилиш керак бўлган жой Йерусалимда,- деб айтасизлар”. 21 Исо унга деди: “Менга ишонгин, шундай кунлар келадики, Отага бу тоғда ҳам, Йерусалимда ҳам сажда қилмайсизлар. 22 Сизлар нимага сажда қилаётганингизни билмайсизлар, биз эса нимага сажда қилаётганимизни биламиз, чунки нажот яҳудийлардандир. 23 Аммо шундай кунлар келадики, аллақачон келди ҳам, ҳақиқий сажда қилувчилар Отага руҳда ва ҳақиқатда сажда қиладилар, чунки Ота Ўзига шундай сажда қилувчиларни изламоқда. 24 Худо – Руҳдир, Унга сажда қиладиганлар руҳда ва ҳақиқатда сажда қилишлари керак”. 25 Аёл Унга: “Биламанки, Масиҳ, яъни Мойланган келади. У келганида, бизга ҳаммасини эълон қилади”,- деди. 26 Исо эса унга: “Сен билан суҳбатлашаётган ўша Менман”,- деди. 27 Шу пайт Унинг шогирдлари келдилар ва Унинг аёл билан суҳбатлашаётганидан ҳайратландилар, аммо бирортаси ҳам: ”Ундан нима истайсан?” ёки: “У билан нима ҳақида суҳбатлашаяпсан?”- демади. 28 Шунда аёл ўзининг кўзасини қолдириб, шаҳарга кетди ва одамларга деди: 29 ”Боринглар, мен қилган ишларнинг барчасини менга айтиб берган Одамга қаранглар! Ўша Масиҳ эмасмикин?” 30 Улар шаҳардан чиқиб, Унинг олдига бордилар. 31 Шу орада шогирдлари Ундан: “Раввий, овқат еб олинг”,- деб ўтиндилар. 32 У эса уларга: “Менинг сизлар билмайдиган озуқам бор”,- деди. 33 Шунинг учун шогирдлари ўзаро: “Унга бирор киши озуқа олиб келганмикин?”- дедилар. 34 Исо уларга: “Менинг озуқам – Мени Юборганнинг иродасини бажариш ва Унинг ишини амалга оширишдир,- деди,- 35 Сизлар: Мана, тўрт ойдан кейин йиғим-терим даври бошланади, демайсизларми? Мен эса сизларга айтаман: Кўзларингизни кўтариб, далаларга қаранглар: улар оқариб, йиғим-теримга тайёр бўлган. 36 Ўрувчи мукофот олади ва абадий ҳаётга ҳосил тўплайди. Шундай экан, экувчи ҳам, ўрувчи ҳам биргаликда қувонадилар. 37 Бу вазиятда: Бири экади, бошқаси ўриб олади, деган сўз тўғридир. 38 Мен сизларни ўзларингиз меҳнат қилмаган нарсани ўриб олиш учун юбордим, бошқалар меҳнат қилдилар, сизлар эса уларнинг меҳнатларига кирдингизлар”. 39 У шаҳардаги кўплаб самарияликлар гувоҳлик берган аёлнинг: “У менга ҳамма қилган ишларимни айтиб берди”,- деган сўзи бўйича Унга имон келтирдилар. 40 Шунинг учун самарияликлар Унинг олдига келганларида, Ундан уларникида қолишини сўрадилар. Исо икки кун у ерда қолди. 41 Янада кўпроқ одамлар Унинг сўзи бўйича имон келтирдилар. 42 Ўша аёлга эса: “Энди фақат сенинг сўзларинг бўйича имон келтирмаймиз, чунки Унинг, ҳақиқатан ҳам, дунёнинг Нажоткори Масиҳ эканини ўзимиз эшитдик ва билиб олдик”,- дедилар. 43 Икки кундан сўнг У шу жойдан чиқиб, Галилега борди. 44 Зеро Исонинг Ўзи пайғамбар ўз юртида иззат-икромда бўлмаслиги ҳақида гувоҳлик берган эди. 45 У Галилега келганида, галилеликлар Унинг Йерусалимда байрам давомида қилган ишларини кўриб, Уни қабул қилдилар, чунки улар ҳам байрамга борган эдилар. 46 Шундай қилиб, У сувни шаробга айлантирган шаҳарга, Галиледаги Канага яна келди. Кафарнаҳум шаҳрида бир сарой аъёни бўлиб, унинг ўғли хаста эди. 47 У Исонинг Яҳудиядан Галилега келганини эшитди ва Унинг олдига келиб, Ундан уникига бориб, ўғлини шифолашни сўради, чунки ўғли ўлим тўшагида ётган эди. 48 Исо эса унга: “Сизлар аломату мўъжизалар кўрмагунингизча ишонмайсизлар”,- деди. 49 Сарой аъёни Унга: “Ҳазрат, ўғлим ўлмасидан олдин келгин”,- деди. 50 Шунда Исо унга: “Боргин, ўғлинг соғайди”,- деди. У эса Исо унга айтган сўзга ишониб, ўз йўлига тушиб кетди. 51 Унинг йўлида хизматкорлари уни қаршилаб, унга: “Ўғлингиз соғайди”,- дедилар. 52 У улардан: “Соат нечаларда аҳволи енгиллашди?”- деб сўради. Унга: “Кеча соат еттиларда иситмаси тушди”,- дедилар. 53 Шундан отаси билиб олдики, бу Исо унга: Ўғлинг соғайди, деган вақт эди. Шундай қилиб, унинг ўзи ҳам, бутун хонадони ҳам имон келтирди. 54 Бу Исонинг Яҳудиядан Галилега қайтиб, амалга оширган иккинчи мўъжизаси эди.