3 1 Фарзийлар орасида Никодим исмли бир одам бор эди, у яҳудий бошлиғи эди. 2 У Исонинг олдига тунда келиб, Унга: “Раввий, Сен Худодан келган Устоз эканингни биз биламиз. Чунки ҳеч ким, агар Худо у билан бирга бўлмаса, Сен қилаётган мўъжизаларни қила олмайди”,- деди. 3 Исо унга жавобан: “Ростини, сенга ростини айтаманки, агар ким юқоридан туғилмаса, Худонинг Шоҳлигини кўра олмайди”,- деди. 4 Никодим эса Унга: “Одам қари бўла туриб, қандай яна туғилиши мумкин? Наҳотки, у онасининг қорнига иккинчи марта кириб, туғилиши мумкин?”- деди. 5 Исо жавоб берди: “Ростини, сенга ростини айтаманки, агар кимки сувдан ва Руҳдан туғилмаса, Худонинг Шоҳлигига кира олмайди. 6 Танадан туғилган танадир, Руҳдан туғилган эса руҳдир. 7 Юқоридан туғилишингиз керак,- деганимга ҳайрон қолма. 8 Руҳ қаерда истаса, ўша ерда нафас олади. Унинг овозини эшитасан, бироқ қаердан келишини ва қаерга кетишини билмайсан. Руҳдан туғилган ҳар бир одам билан ҳам шундай бўлади”. 9 Никодим унга жавобан: “Бу қандай бўлиши мумкин?”- деди. 10 Исо эса жавоб бериб, деди: “Сен – Исроилнинг устозисан-у, шуни билмайсанми? 11 Ростини, сенга ростини айтаманки, Биз билган нарсамиз ҳақида сўзлаяпмиз ва кўрган нарсамиз ҳақида гувоҳлик беряпмиз, сизлар эса Бизнинг гувоҳлигимизни қабул қилмаяпсизлар. 12 Агар ердаги нарсалар ҳақида сизларга гапирган сўзларимга ишонмасангизлар, самовий нарсалар ҳақида сўзлаётганимда, қандай ишонасизлар? 13 Осмонда бор бўлган ва Осмондан тушган Инсон Ўғлидан ташқари ҳеч ким Осмонга чиққан эмас. 14 Мусо илонни саҳрода баланд кўтарганидек, Инсон Ўғли баланд кўтарилиши керак, 15 токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин. 16 Чунки Худо дунёни шунчалик севдики, Ўзининг Ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин. 17 Зеро Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўз Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди. 18 Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди, ишонмаган одам эса аллақачон ҳукм қилинган, чунки Худонинг Ягона Ўғлининг номига имон келтирмади. 19 Ҳукм эса шундан иборатки – Нур дунёга келди, лекин одамлар Нурдан кўра зулматни кўпроқ севдилар, чунки уларнинг ишлари ёвуз эди. 20 Чунки ёвузлик қиладиган ҳар бир киши Нурдан нафратланади ва Нур томонга бормайди, токи унинг ишлари фош бўлмасин, чунки унинг ишлари ёвузликдир. 21 Ҳақиқат бўйича ҳаракат қилувчи эса Нур томонга боради, токи унинг ишлари ошкор бўлсин, чунки улар Худода амалга оширилгандир”. 22 Шундан сўнг Исо Ўз шогирдлари билан Яҳудия юртига келди. У ўша ерда улар билан бирга яшаб, сувга чўмдирар эди. 23 Яҳё ҳам Салим ёнидаги Эйнонда сувга чўмдирар эди, чунки у ерда сув кўп эди. У ерга одамлар келиб, сувга чўмдирилар эдилар. 24 Шу пайтда Яҳё ҳали қамоққа ташланган эмас эди. 25 Шунда Яҳёнинг шогирдлари ва яҳудийлар орасида покланиш ҳақида баҳс бўлди. 26 Улар Яҳёнинг олдига келиб, унга: “Раввий! Сен билан бирга Йордан бўйида бўлган, сен гувоҳлик берган Одам сувга чўмдирмоқда ва ҳамма Унинг олдига бормоқда”,- дедилар. 27 Яҳё жавоб бериб деди: “Одамнинг ўзи, агар унга Осмондан берилмаса, ҳеч нимани қабул қила олмайди. 28 Мен Масиҳ эмасман, аммо мен Унинг олдидан юборилганман,- деганимга сизларнинг ўзларингиз гувоҳсизлар. 29 Келинга эга бўлган – куёвдир, куёвнинг ёнида туриб қулоқ солаётган эса куёвнинг жўрасидир, у куёвнинг овозини эшитиб, қувонч билан қувонади. Менинг мана шу қувончим амалга ошди. 30 У улғайиши, мен эса кичрайишим керак. 31 Юқоридан Келадиган ҳаммадан юқоридир. Ердан бўлган эса ерликдир ва ерга хос гапиради. Осмондан Келадиган ҳаммадан юқоридир. 32 У нимани кўрган-у эшитган бўлса, шу ҳақида гувоҳлик беради. Ҳеч ким эса Унинг гувоҳлигини қабул қилмайди. 33 Унинг гувоҳлигини қабул қилган эса шу билан Худонинг ҳақиқат эканини муҳрлаб тасдиқлайди, 34 чунки Худо юборган Шахс Худонинг сўзларини сўзлайди, зеро Худо Ўз Руҳини ўлчовсиз беради. 35 Ота Ўғлини севади ва ҳамма нарсани Унинг қўлига топширди. 36 Ўғилга ишонган абадий ҳаётга эгадир, Ўғилга ишонмаган эса ҳаётни кўрмайди, аммо Худонинг ғазаби унинг устида қолади”.