2 1 Учинчи куни Галиленинг Кана шаҳрида тўй бўлди ва Исонинг онаси ўша ерда эди. 2 Исо ва Унинг шогирдлари ҳам тўйга чақирилган эди. 3 Шароб тугаб қолганида, Исонинг онаси Унга: “Уларнинг шароби йўқ”,- деди. 4 Исо унга: “Мен билан сенга нима, эй, аёл? Менинг вақт-соатим ҳали келган эмас”,- деди. 5 Унинг онаси эса хизматчиларга: “У сизларга нима деса, шуни қилинглар”,- деди. 6 Бу жойда яҳудийларнинг покланиш одатига кўра олтита тош хум бор бўлиб, у икки ёки уч метритис ҳажмга эга эди. 7 Исо уларга: “Хумларни сув билан тўлдиринглар”,- деди. Улар хумларни оғзигача тўлдирдилар. 8 У эса уларга: “Энди чўмичлаб олиб, тўйбошига олиб боринглар”,- деди. 9 Тўйбоши шаробга айланган сувни татиб кўрганида (шаробнинг қаердан келганини эса у билмас эди, фақат сувни чўмичлаб олган хизматчилар билар эдилар), шунда у куёвни чақириб унга: 10 ”Ҳар қандай одам олдин яхши шаробни қўяди, маст бўлганларида ёмонроғини қўяди. Сен эса яхши шаробни шу пайтгача сақлабсан”,- деди. 11 Шундай қилиб, Исо Галиленинг Кана шаҳрида мўъжизалар қилишни бошлаб, Ўз шуҳратини намоён қилди. Шогирдлари эса Унга имон келтирдилар. 12 Шундан сўнг, Унинг Ўзи ва онаси, укалари ва Унинг шогирдлари Кафарнаҳумга келдилар. Бир неча кун ўша жойда турдилар. 13 Яҳудийларнинг Песаҳ байрами яқинлашар эди. Исо эса Йерусалимга келиб, 14 маъбадда ҳўкиз, қўй ва кабутарларни сотувчилар ҳамда пул алмаштирувчилар ўтирганини топди. 15 У арқондан хивич ясаб, маъбаддан ҳаммани, шунингдек, қўй ва ҳўкизларни қувиб чиқарди. Пул алмаштирувчиларнинг пулларини сочиб юборди, уларнинг хонтахталарини эса ағдариб ташлади. 16 У кабутарларни сотувчиларга: “Буларни бу ердан йўқотинглар, Менинг Отамнинг уйини савдонинг уйига айлантирманглар”,- деди. 17 Шу онда Унинг шогирдлари: “Сенинг уйинг учун бўлган рашким Мени кемирмоқда”,- деб ёзилганини эсладилар. 18 Яҳудийлар эса бунга: “Бундай қилиш ҳокимиятига эгалигингни қандай аломат билан исботлайсан?”- дедилар. 19 Исо уларга жавобан: “Бу маъбадни бузиб ташланглар, Мен эса уни уч кунда қайта тиклайман”,- деди. 20 Бунга яҳудийлар: “Бу маъбад қирқ олти йилда қурилган! Сен уни уч кунда қайта тиклайсанми?”- дедилар. 21 У эса Ўз танасининг маъбади ҳақида сўзлаган эди. 22 Исо ўликлардан тирилганида, шогирдлари Унинг шундай деганини эслаб, Исонинг айтган сўзига ҳамда Ёзувга имон келтирдилар. 23 У Йерусалимда Песаҳ байрамида бўлганида, кўплар Унинг яратаётган мўъжизаларини кўриб, Унинг номига имон келтирдилар. 24 Аммо Исо Ўзини уларга ишониб топширмас эди, чунки ҳаммаларини билиб, 25 одам ҳақида гувоҳлик беришларига муҳтож эмас эди. Зеро одам ичида нима борлигини Ўзи билар эди.