5 1 Ҳананийаҳ исмли бир киши ўз хотини Сапфира билан ер мулкини сотиб, 2 хотинининг маъқуллаши билан ўша пулдан бир қисмини яширди, бир қисмини эса ҳаворийларнинг оёқлари олдига келтириб қўйди. 3 Лекин Петъёр унга деди: “Ҳананийаҳ, нега Муқаддас Руҳга ёлғон гапиришинг ва ернинг пулидан бир қисмини яширишинг учун шайтон сенинг юрагингни тўлдирди? 4 Сенда бўлгани ўзингники эмасмиди? Сотишдан олганинг сенинг ихтиёрингда эмасмиди? Нега сен бу ишни юрагингга солдинг? Сен инсонларга эмас, балки Худога ёлғон гапирдинг”. 5 Бу сўзларни эшитгач, Ҳананийаҳ жони узилиб, ерга йиқилди. Буни эшитганларнинг ҳаммасини буюк қўрқув босди. 6 Йигитлар ўринларидан туриб, уни кафанга ўрадилар ва ташқарига олиб чиқиб, уни кўмдилар. 7 Унинг хотини ҳам тахминан уч соатдан кейин келди. У юз берган воқеани билмаган эди. 8 Петъёр эса ундан сўради: “Менга айтгин-чи, ерни шунчага сотдингизларми?” Аёл унга: “Ҳа, шунчага”,- деди. 9 Шунда Петъёр унга: “Нега сизлар Раббийнинг Руҳини васваса қилишга келишдингизлар? Мана, эрингни кўмганларнинг оёқлари эшик олдидадир, сени ҳам ташқарига олиб чиқадилар”,- деди. 10 Шу заҳоти аёл унинг оёқлари ёнига йиқилиб, жон берди. Йигитлар ичкарига кириб, уни ўлик ҳолда топдилар ва ташқарига олиб чиқиб, эрининг ёнига кўмдилар. 11 Бутун Жамоат ва буни эшитганларнинг ҳаммасини буюк қўрқув босди. 12 Халқ орасида ҳаворийларнинг қўллари билан кўп аломатлар ва мўъжизалар қилинар эди. Ҳаммалари якдиллик билан Сулаймоннинг равоғида эдилар. 13 Бегоналардан ҳеч ким уларга қўшилишга журъат эта олмас эди, лекин халқ уларни улуғлар эди. 14 Имон келтирганлар (кўпчилик эркаклару аёллар) эса борган сари Раббийга қўшилар эдилар. 15 Ҳатто шундай бўлдики, Петъёр ўтиб кетаётганида, ҳеч бўлмаса, унинг сояси баъзиларнинг устига тушиши учун касалларни кўчаларга олиб келар ва кўрпаю тўшакларда қўяр эдилар. 16 Атрофдаги шаҳарлардан ҳам кўпчилик Йерусалимга тўпланишиб, касалларни ва нопок руҳлардан қийналган одамларни келтирар эдилар. Уларнинг ҳаммаси шифо топар эди. 17 Ўшанда олий руҳоний ва у билан бирга саддуқийларнинг бидъатига тегишли бўлганларнинг ҳаммалари ҳасадга тўлдилар, 18 ҳаворийларни қўлга олиб, уларни халқ зиндонига ташладилар. 19 Лекин тунда Раббийнинг фариштаси зиндоннинг эшикларини очиб, уларни ташқарига олиб чиқди-да: 20 “Боринглар, маъбадда туриб, бу ҳаёт сўзларининг барчасини халққа айтинглар!”- деди. 21 Ҳаворийлар бунга қулоқ солиб, эрталаб маъбадга кириб, таълим бера бошладилар. Шу орада олий руҳоний ва у билан бирга бўлганлар келиб, Синедрион аъзоларини ҳамда Исроил ўғилларининг барча оқсоқолларини чақириб, ҳаворийларни келтириш учун зиндонга одам юбордилар. 22 Бироқ хизматкорлар бориб, уларни зиндонда топмадилар ва қайтиб келиб: 23 “Биз қамоқхонани бутун эҳтиёткорлик чоралари билан қулфланган ва қоровулларни эшик олдида турган ҳолда топдик, лекин очиб, ичида ҳеч кимни топмадик”,- деб хабар бердилар. 24 Олий руҳоний, маъбад бошлиғи ва бош руҳонийлар бу сўзларни эшитиб: “Бу нимани билдирар экан?”- деб ҳайратда қолдилар. 25 Бир кимса келиб, уларга хабар берди: “Мана, сизлар зиндонга ташлаган эркаклар маъбадда туриб, халққа таълим бермоқдалар”. 26 Ўшанда маъбад бошлиғи хизматчилари билан бирга бориб, уларни куч ишлатмай олиб келди, чунки халқнинг уларни тошбўрон қилишидан қўрқар эдилар. 27 Шу тариқа уларни олиб келиб, Синедрионда турғизиб қўйишди. Олий руҳоний уларга: 28 “Бу ном ҳақида таълим берманглар, деб сизларга қаттиқ тақиқламаганмидик? Мана, сизлар таълимотингиз билан Йерусалимни тўлдириб юбордингизлар ва бу Одамнинг қонини бизнинг бўйнимизга қўймоқчисизлар”,- деб сўзлади. 29 Аммо Петъёр ва бошқа ҳаворийлар жавоб бериб дейишди: “Одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилишимиз керак. 30 Сизлар ёғочга осиб ўлдирган Исони оталаримизнинг Худоси тирилтирди. 31 Худо Исроилга тавба қилиш ва гуноҳларнинг кечиримини бериш учун Исони Ўзининг Ўнг қўли билан юксалтириб, Уни Сардор ва Нажоткор қилиб қўйди. 32 Буларга эса биз ҳамда Худога итоат қилганларга берилган Муқаддас Руҳ гувоҳдир”. 33 Буни эшитганларида, улар қутуриб, ҳаворийларни ўлдирмоқчи бўлар эдилар. 34 Шу орада фарзийлардан бўлган, бутун халқнинг ҳурматини қозонган Гамалиэл исмли бир Қонун муаллими Синедрионда ўрнидан туриб, ҳаворийларни қисқа вақтга ташқарига чиқаришни буюрди-да, 35 уларга деди: “Эй, Исроил эркаклари! Ўзларингиз ўйлаб кўринглар, сизлар бу одамларни нима қилмоқчисизлар? 36 Мана, бундан олдин ўзини буюк кишидек кўрсатган Тевдас чиқди, унга эса қарийб тўрт юз киши қўшилди. Лекин у ўлдирилганида, унга қулоқ солганларнинг ҳаммаси тарқалиб, йўқ бўлиб кетдилар. 37 Ундан кейин, рўйхатга олиш ўтказилган вақтда галилелик Яҳудо чиқиб, кўп халқни ўзининг ортидан эргаштирди. Бироқ у ҳам ҳалок бўлди ва унга қулоқ солганларнинг ҳаммаси тарқалиб кетдилар. 38 Энди сизларга айтаманки, бу одамларни тинч қўйинглар ва уларни қўйиб юборинглар! Чунки агар бу ният ёки бу иш инсондан бўлса, барбод бўлади. 39 Аммо агар Худодан бўлса, сизлар буни барбод қила олмайсизлар. Шундай қилиб, Худога қарши курашувчи бўлиб чиқманглар!” 40 Улар унга қулоқ солдилар. Ҳаворийларни чақириб, уларни калтакладилар ва Исо номи ҳақида гапиришни тақиқлаб, қўйиб юбордилар. 41 Ҳаворийлар эса Исонинг номи ҳақи ҳақоратга сазовор бўлганлари учун қувониб, Синедриондан чиқиб кетдилар. 42 Улар ҳар куни маъбадда ҳамда уйларда Исо Масиҳ ҳақида таълим бериш ва Хушхабарни воизлик қилишдан тинмас эдилар.