4 1 Петъёр ва Юҳанно халққа гапириб турганларида, руҳонийлар, маъбад соқчиларининг бошлиғи ҳамда саддуқийлар уларнинг олдига яқинлашиб, 2 уларнинг одамларга таълим бераётганлари ва Исо Масиҳда ўликлардан тирилишни воизлик қилаётганлари учун ғазабландилар. 3 Шунинг учун уларни қўлга олиб, эрталабгача қамоқхонада қолдирдилар, чунки кеч кириб бўлган эди. 4 Бироқ сўзни эшитганларнинг кўпчилиги имон келтирди, уларнинг сони беш мингга яқин эди. 5 Эртаси куни эса уларнинг бошлиқлари, оқсоқоллари, уламолари, 6 олий руҳоний Ҳанан, ва Кайафа, Юҳанно, Искандар ҳамда олий руҳоний авлодидан бўлган бошқалар Йерусалимда тўпландилар. 7 Шундай қилиб, ҳаворийларни ўртага турғизиб: “Сизлар қандай куч билан ёки қандай исм билан буни қилдингизлар?”- деб сўрадилар. 8 Шунда Петъёр Муқаддас Руҳга тўлиб, уларга деди: “Эй, халқнинг бошлиқлари ва Исроилнинг оқсоқоллари! 9 Агар бугун дармонсиз одамга эзгулик қилингани ва у қандай шифо топгани ҳақида биздан жавоб талаб қилсангизлар, 10 унда сизларнинг ҳаммаларингизга ва бутун Исроил халқига ҳам маълум бўлсинки, сизлар хочга михлаган, Худо эса ўликдан тирилтирган нозарий Исо Масиҳнинг номи билан у сизларнинг олдингизда соғ-саломат қилиб қўйилди. 11 Ўша Масиҳ – сиз, бинокорлар, менсимаган, лекин пештоқнинг боши бўлиб қолган тошдир, 12 Ундан бошқа ҳеч кимда нажот йўқ, чунки нажот топишимиз учун одамларга осмон остида берилган бошқа ҳеч бир исм йўқ”. 13 Бошлиқлар эса Петъёр ва Юҳаннонинг дадиллигини кўриб, улар ўқимаган, оддийгина одамлар эканликларини англаб, ҳайратланар эдилар. Шу орада, уларнинг Исо билан бирга бўлганликларини била бошладилар. 14 Бироқ улар билан бирга турган шифо топган одамни кўриб, уларга қарши ҳеч нарса айта олмас эдилар. 15 Шунда уларга Синедриондан ташқарига чиқишларини буюрдилар-да, ўзаро муҳокама қилиб: 16 “Бу одамларни нима қиламиз? Чунки улар томонидан аниқ мўъжиза қилингани ҳақида барча Йерусалимда яшовчиларга маълум бўлди. Биз эса буни рад қила олмаймиз. 17 Лекин халқ орасида бу янада кўпроқ ёйилмаслиги учун уларга қатъий ман этамиз, токи бу ном ҳақида ҳеч кимга айтмасинлар”,- дедилар. 18 Шундай қилиб, уларни чақириб: “Исо номи ҳақида мутлақо гапирманглар, таълим ҳам берманглар”,- деб буюрдилар. 19 Аммо Петъёр ва Юҳанно уларга жавобан дедилар: “Ўзларинг ўйлаб кўринглар, Худодан кўра кўпроқ сизларга қулоқ солиш Худо олдида тўғри бўладими? 20 Биз кўрган-эшитганларимизни айтмай тура олмаймиз”. 21 Шунда бошлиқлар уларга дўқ-пўписа қилиб, қўйиб юбордилар, зеро халқ туфайли уларни жазолаш имконини топа олмадилар, чунки бутун халқ юз берган воқеа учун Худони улуғлар эди, 22 Бу шифо мўъжизаси содир бўлган одамнинг ёши эса қирқдан ошган эди. 23 Петъёр ва Юҳанно қўйиб юборилгач, имонлиларнинг олдига келиб, олий руҳонийлару оқсоқоллар уларга нима деганларини сўзлаб бердилар. 24 Улар эса буни эшитгач, якдиллик билан Худога овозларини кўтариб дедилар: “Осмону ерни, денгиз ва уларнинг ичидаги ҳамма нарсани яратган Ҳукмронимиз! 25 Сен Ўз қулинг, бизнинг отамиз Довуднинг оғзи билан, Муқаддас Руҳ орқали айтган эдинг: “Нега мажусийлар исён кўтармоқдалар ва халқлар беҳуда қасд қилмоқдалар. 26 Ердаги подшоҳлар ва беклар бош кўтариб, Раббий ва Унинг Масиҳига қарши биргаликда тўпландилар”. 27 Чунки ҳақиқатан ҳам Ҳирод ва Понтий Пилат, ҳамда мажусийлар билан Исроилнинг халқи бу шаҳарда Сен мойлаган муқаддас қулинг Исога қарши тўпландилар, 28 токи Сенинг қўлинг ва Сенинг ниятинг аввалдан белгилаган ишини амалга оширсин. 29 Энди, ё, Раббий, уларнинг дўқ-пўписаларига қарагин ва Сенинг қулларингга Сенинг сўзингни бор дадиллик билан гапиришларини ато қилгин. 30 Сен эса Муқаддас қулинг Исо номидан шифо ва аломату мўъжизалар қилиш учун қўлингни узатмоқдасан”. 31 Улар ибодат қилаётганларида, улар йиғилиб турган жой ларзага келди. Ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Худонинг сўзини дадиллик билан гапира бошладилар. 32 Имонлиларнинг кўпчилигида бир юрак ва бир жон бор эди. Ҳеч ким ўз мулкидан бирор нарсани “меники” демас эди, лекин уларда ҳамма нарса умумий эди. 33 Ҳаворийлар эса Раббий Исо Масиҳнинг тирилгани ҳақида буюк қудрат билан гувоҳлик берар эдилар. Уларнинг ҳаммаларининг устида буюк иноят бор эди. 34 Уларнинг орасида муҳтож бўлганлар йўқ эди. Чунки ер ёки уйлари бор бўлганларнинг ҳаммаси мулкларини сотар, эвазига олган пулларини ҳаворийларнинг оёқлари остига келтириб қўяр эдилар 35 ва ҳар бирининг муҳтожлигига қараб тақсимланар эди. 36 Шунингдек, ҳаворийлар томонидан Барнабо, яъни “юпанч ўғли”, деб аталган кипрлик Йошийаҳ исмли бир левит 37 ўз ерини сотиб, пулини ҳаворийларнинг оёқлари остига келтириб қўйди.