3 1 Соат тўққизда ибодат вақти бўлганида, Петъёр Юҳанно билан бирга маъбадга бораётган эдилар. 2 У ерда онасининг қорниданоқ шол бўлган бир киши бор эди. Маъбадга кираётганлардан садақа сўраш учун уни ҳар куни маъбаднинг “Гўзал”, деб аталган дарвозаси олдига келтириб қўяр эдилар. 3 У маъбадга кириб бораётган Петъёр ва Юҳаннони кўргач, улардан садақа сўради. 4 Аммо Петъёр ва Юҳанно унга тикилиб қараб: “Бизга қара!”- дедилар. 5 У эса улардан бирор нарса олишни кутиб, уларга диққат билан қаради. 6 Шунда Петъёр унга: “Менда кумуш ва олтин йўқ, аммо нимага эга бўлсам, шуни сенга бераман: нозарий Исо Масиҳ номидан ўрнингдан туриб юр!”- дея, 7 уни ўнг қўлидан ушлаб кўтарди. Дарҳол унинг тўпиқлари ва тиззалари мустаҳкамланиб қолди. 8 У сакраб ўрнидан турди-ю, юра бошлади. Худони мақтаб, сакраб-сакраб юриб, улар билан бирга маъбадга кирди. 9 Шунда бутун халқ унинг юраётганини ва Худони мақтаётганини кўрди. 10 Шу орада улар маъбаднинг “Гўзал” деган дарвозаси ёнида садақа сўраш учун ўтирган одам ўша эканини танишгач, у билан содир бўлган воқеадан таажжубландилар ва ҳайратда қолдилар. 11 Шифо топган шол Петъёр билан Юҳаннонинг ёнида тургани учун бутун халқ ҳайратланиб, уларнинг олдига “Сулаймонники”, деб аталган равоққа югуриб келди. 12 Буни кўргач, Петъёр халққа деди: “Эй, Исроил эркаклари! Нима учун бунга ҳайрон бўляпсизлар? Гўё биз ўз қудратимиз ёки диёнатимиз билан уни юргизганимиздай, нимага бизга қараяпсизлар? 13 Мана, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси, оталаримизнинг Худоси Ўзининг Қули Исони улуғлади. Сизлар эса Унга хиёнат қилдингизлар ва Пилат Уни қўйиб юборишга қарор қилганида, Пилатнинг олдида Уни рад этдингизлар. 14 Шундай қилиб, сизлар муқаддас ва ҳақ Бўлганни рад этдингизлар, қотил одамнинг эса сизларга бахш этилишини сўраб, 15 Ҳаёт Сарварини ўлдирдингизлар. Аммо Худо Уни тирилтирди, бунга эса биз гувоҳмиз. 16 Мана, Исонинг номига ишониш орқали Унинг номи бу сизлар кўрган ва билган одамни қувватлантирди. Раббийдан бўлган имон ҳаммаларингизнинг олдингизда унга шифо берди. 17 Энди, биродарлар, мен биламанки, бошлиқларингиз каби сизлар ҳам буни билмасдан қилдингизлар. 18 Худо эса Ўзининг ҳамма пайғамбарларининг оғзи билан Масиҳнинг азоб чекишини олдиндан қандай хабар қилган бўлса, шундай бажо келтирди. 19 Шунинг учун гуноҳларингиз ўчириб ташланиши учун тавба қилинглар ва Худога ўгирилинглар, 20 токи Худонинг ҳузуридан сизларга ором вақтлари келсин ҳамда Худо аввалдан тайинлаган Исо Масиҳни олдингизга юборсин. 21 Худо қадимдан бери Ўзининг барча муқаддас пайғамбарлари томонидан айтганларининг ҳаммасини тиклаш вақтигача осмон Масиҳни қабул қилиши керак эди. 22 Мусо оталаримизга айтган эди: Раббий сизларнинг Худойингиз сизларга биродарларингиз орасидан мен каби бир Пайғамбарни кўтаради. У сизларга нимаики айтса, ҳаммасига қулоқ солинглар. 23 Шундай бўладики, ўша Пайғамбарга қулоқ солмаган ҳар бир жон халқ орасидан қириб ташланади. 24 Шунингдек, Шомуил пайғамбардан бошлаб, ундан кейин гапирган барча пайғамбарлар ҳам шу кунлар ҳақида башорат қилганлар. 25 Сизлар эса пайғамбарларнинг ҳамда Худо оталарингиз билан тузган аҳднинг фарзандларисизлар, чунки Худо Иброҳимга: Ер юзидаги барча миллатлар сенинг уруғингда барака топадилар,- деди. 26 Худо Ўзининг Қули Исони тирилтириб, сизларнинг ҳар бирингизни ёвуз ишларингиздан қайтариш ва сизларга барака ато қилиш учун Уни биринчи навбатда сизларга юборди”.