2 1 “Элликлик” куни келганида, уларнинг ҳаммалари якдиллик билан биргаликда эдилар. 2 Тўсатдан худди кучли шамол эсганидек, осмондан шовқин келди ва улар ўтирган уйни бутунлай тўлдирди. 3 Олов каби бўлинаётган тиллар уларга зоҳир бўлиб, ҳар бирининг устига биттадан қўнди. 4 Шунда уларнинг ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлдилар ва Руҳ уларга бераётган ифодалар билан бошқа тилларда гапира бошладилар. 5 Шу орада Йерусалимда осмон остидаги барча халқлардан келган ҳамма художўй яҳудийлар бор эди. 6 Бу шовқин содир бўлганида, кўпчилик одамлар тўпланиб, саросимага тушдилар, чунки улардан ҳар бири ўзининг маҳаллий шевасида гапираётган ҳаворийларни эшитди. 7 Шунда ҳаммалари ажабланиб ва ҳайрон бўлиб ўзаро дер эдилар: “Бу гапираётганларнинг ҳаммаси галилелик эмасми? 8 Қандай қилиб ҳар биримиз бизнинг туғилган маҳаллий шевамизни эшитяпмиз? 9 Парфияликлар, мидияликлар, эламликлар; Месопотамия, Яҳудия, Каппадокия, Понт ва Асия ўлкасида яшовчилар; 10 Фригия, Памфилия, Миср ва Ливиянинг Киринеяси атрофидаги ерларда яшовчилар ҳамда Римдаги мусофирлар, яҳудийлар ва прозелитлар, 11 критликлар ва арабийликлар ҳам – бизнинг тилларимизда Худонинг буюк ишлари ҳақида уларнинг гапираётганларини эшитяпмиз”. 12 Ҳаммалари ажабланиб ва довдираб бир-бирларига: “Бу нимани билдиради?”- дейишар эди. 13 Бошқалари эса мазах қилиб: “Улар янги шаробдан тўйиб ичишган”,- дейишар эди. 14 Аммо Петъёр ўн бир ҳаворий билан бирга ўрнидан туриб, овозини баланд қилиб, уларга хитоб қилди: “Эй, Яҳудия эркаклари ва барча Йерусалимда яшовчилар, сўзларимга қулоқ солинглар, бу сизларга маълум бўлсин: 15 Бу одамлар, сизлар ўйлаганингиздек, маст эмаслар, чунки ҳозир куннинг учинчи соатидир! 16 Лекин бу – Йўэл пайғамбарнинг олдиндан айтиб берганидир: 17 Мана, охирги кунларда шундай бўлади,- деб айтади Худо,- Мен Ўз Руҳимни ҳар бир вужуднинг устига ёғдираман. Сизларнинг ўғилларингиз ва сизларнинг қизларингиз башорат қиладилар, сизларнинг йигитларингиз ваҳий кўрадилар, сизларнинг мўйсафидларингиз туш кўрадилар. 18 Ўша кунларда Мен Ўз Руҳимни қулу чўриларим устига ёғдираман ва улар башорат қиладилар. 19 Юқорида осмонда мўъжизалар ва пастда ерда аломатлар, қон, олов ва тутуннинг бурқираб чиқишини кўрсатаман. 20 Раббийнинг буюк ва машҳур куни келишидан аввал қуёш қоронғиликка, ой эса қонга айланади. 21 Шу тариқа Раббийнинг номини чақирган ҳар бир киши нажот топади. 22 Эй, Исроил эркаклари, бу сўзларни тингланглар! Нозарий Исо қудрату мўъжизалар ва аломатлар билан Худонинг томонидан сизларга намоён қилинган. Худонинг У орқали орангизда қилган ишларини ўзларингиз биласизлар. 23 Худонинг азалдан тайинланган нияти ва олдиндан билишига кўра қўлингизга топширилган Ўшани сизлар тутиб, қонунсизларнинг қўли билан хочга михлаб, Уни ўлдирдингизлар. 24 Бироқ Худо ўлим азобини яқсон қилиб, Уни тирилтирди, зеро Уни ушлаб қолишга ўлимнинг кучи йўқ эди. 25 Чунки Довуд У ҳақида айтяпти: Мен Раббийни доимо олдимда кўрар эдим, зеро мен тебранмаслигим учун У менинг ўнг томонимдадир. 26 Шу сабабдан юрагим қувониб, тилим шодланди, ҳатто танам ҳам умидда ором топади, 27 чунки Сен менинг жонимни дўзахда қолдирмайсан ва Ўз муқаддасингнинг чиришни кўришига йўл қўймайсан. 28 Сен менга ҳаёт йўлини билдирдинг, Ўз ҳузуринг билан мени қувончга тўлдирасан. 29 Эркаклару биродарлар! Мен сизларга отамиз Довуд ҳақида дадиллик билан айтайин: у ҳам ўлди, ҳам дафн этилди, унинг қабри ҳам бугунга қадар биздадир. 30 Пайғамбар бўлгани учун у билар эдики, Худо унга қасам ичиб берган ваъдаси бўйича унинг уруғидан Бўлганни унинг тахтига ўтирғизади. 31 У Масиҳнинг тирилишини олдиндан билиб, Унинг жони дўзахда қолмаслиги ва Унинг эти чириш кўрмаслиги ҳақида айтган эди. 32 Ушбу Исони Худо тирилтирди, бунга эса биз ҳаммамиз гувоҳмиз. 33 Шундай қилиб, У Худонинг ўнг қўли билан юксалтирилди ва Отадан Муқаддас Руҳ ваъдасини олиб, энди сизлар кўраётган ҳамда эшитаётган нарсаларни ёғдирди. 34 Зотан Довуд осмонга чиқмаган, лекин ўзи айтмоқда: Раббий менинг Раббимга деди: 35 Душманларингни оёқларинг остига қўймагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин. 36 Шунинг учун, эй, бутун Исроилнинг хонадони, қатъий билинглар-ки: сизлар хочга михлаган шу Исони Худо Масиҳ ва Раббий қилиб қўйди”. 37 Буларни эшитгач, уларнинг юракларига санчилди-да, Петъёр билан бошқа ҳаворийларга: “Эркаклару биродарлар, биз энди нима қилайлик?”- дедилар. 38 Петъёр эса уларга деди: “Тавба қилинглар ва гуноҳларингиз кечирилиши учун ҳар бирингиз Исо Масиҳ номидан сувга чўмдирилинглар ва Муқаддас Руҳ инъомини оласизлар. 39 Чунки бу ваъда сизларга ва фарзандларингизга ҳамда Раббий бизнинг Худойимиз даъват этган барча узоқдагиларга ато этилган”. 40 У бошқа кўп сўзлар билан гувоҳлик берар ва огоҳлантириб: “Бу бузуқ авлоддан қутулинглар!”- дер эди. 41 Шунда унинг сўзини қувонч билан қабул қилганлар чўмдирилдилар. Ўша куни ҳаворийларга уч мингга яқин жон қўшилди. 42 Шундай қилиб, улар доимо ҳаворийларнинг таълимотида, мулоқотда, нон синдиришда ва ибодатларда бўлар эдилар. 43 Ҳар бир жонда қўрқинч бор эди. Ҳаворийлар орқали эса Йерусалимда кўп мўъжизалар ва аломатлар қилинар эди. 44 Ҳамма имонлилар биргаликда бўлиб, ҳамма нарсалари умумий эди. 45 Мол-мулкларини сотиб, ҳаммага ҳар кимнинг муҳтожлигига қараб тақсимлар эдилар. 46 Ҳар куни якдиллик билан маъбадда йиғилиб туришар, уйларда эса нон синдириб, хурсандчилик ва соддадиллик билан овқатланар эдилар. 47 Улар Худони мақтар ва бутун халқдан илтифот топар эдилар. Раббий эса ҳар куни нажот топганларни Жамоатга қўшар эди.