27
1
Бизнинг Италияга сузиб боришимиз ҳақидаги қарор қабул қилинганида, Повул ва бошқа баъзи маҳбусларни Аъло Ҳазратнинг лашкаридан Юлиус исмли бир юзбошига топширдилар.
2
Биз Адрамит кемасига ўтириб, Асия соҳиллари бўйлаб сўзиб бориш ниятида жўнадик. Салоникадан бўлган македониялик Аристарх ҳам биз билан бирга эди.
3
Кейинги куни Сидўн шаҳрига келганимизда, Юлиус Повулга одамгарчилик билан муносабатда бўлиб, дўстларининг ёнига бориб эҳтиёжларини қондиришига рухсат берди.
4
У ердан жўнаб, шамол қарши бўлгани учун Кипр оролини айланиб сузиб кетдик.
5
Киликия ва Памфилия қаршисидаги денгиздан ўтиб, Ликиядаги Мира шаҳрига келдик.
6
У ерда юзбоши Италияга сузаётган Искандариянинг кемасини топиб, бизни унга ўтқизди.
7
Анча кун секин сузиб юриб, Книдосга зўрға етиб боргач, шамол ноқулай бўлгани учун биз Салмон олдидаги Критни айланиб сузиб кетдик.
8
Ундан машаққат билан ўтиб, Ласея шаҳри ёнидаги “Гўзал Бандаргоҳлар” деган жойга келдик.
9
Бироқ орадан кўп вақт ўтган ва сузиш хавфли бўлиб қолган эди, чунки ҳатто Рўза кунлари ҳам ўтган эди. Шунинг учун Повул маслаҳат бериб,
10
уларга: “Эркаклар, сузишни давом эттириш юк ва кема учунгина эмас, балки ўз жонимиз учун ҳам қийинчилик ва катта зарар билан бўлишини кўряпман”,- деди.
11
Лекин юзбоши Повулнинг айтганларидан кўра, кема эгасига ва дорғага кўпроқ ишонар эди.
12
Бандаргоҳ қишни ўтказишга яроқли бўлмагани учун, кўплар у ердан жўнаб, иложи бўлса, Критнинг “Фоэник” бандаргоҳига бориб, у ерда қишлашни маслаҳат бердилар, чунки Фоэник жануби-ғарб ва шимоли-ғарб томонлардан ҳимоя қилинган эди.
13
Жануб шамоли эсганида, улар – ўзларини: Мақсадимизга эришдик,- деб ҳисоблаб, жўнадилар ва Крит соҳили бўйлаб сузиб кетдилар.
14
Лекин кўп вақт ўтмай, унинг ортидан “Евроклидон” деган бўронли шамол кўтарилди.
15
У кемани шундай ўраб олдики, кема шамолга қарши тура олмас эди. Тўлқинларга таслим бўлиб, учиб юрар эдик.
16
Клауда деган кичик бир оролнинг ёнидан ўтаётиб, биз қайиқни зўрға ушлаб қолдик.
17
Денгизчилар қайиқни кўтаргач, кемани арқонлар билан ўраб боғладилар ва саёз жойларга чиқиб қолишдан қўрқиб, елканни туширдилар. Шу тарзда биз учиб юрар эдик.
18
Эртаси куни бўрон кучайгани учун кемани енгиллата бошладилар.
19
Учунчи куни эса ўз қўлимиз билан кеманинг жиҳозларини сувга ташлаб юбордик.
20
Лекин кўп кунлардан бери қуёш ҳам, юлдузлар ҳам кўринмагани ва кучли бўрон давом этиб тургани сабабли охир оқибат бизнинг қутулиб қолишимизга ҳар қандай умид йўқолди.
21
Кемадагилар анчадан бери овқат емаганлари учун Повул уларнинг ўртасида туриб деди: “Эркаклар! Ушбу қийинчиликлару зарарга дучор бўлмаслик учун менга қулоқ солиб, Критдан кетмаслик керак эди.
22
Энди эса сизларни дадил бўлишга ундайман. Чунки сизлардан ҳеч бир жон ҳалок бўлмайди, фақатгина кема чўкади.
23
Чунки мен тегишли бўлган ва хизмат қилаётган Худонинг фариштаси бу тунда менга зоҳир бўлиб:
24
Қўрқма, Повул! Сен императорнинг олдида туришинг керак. Мана, сен билан сузиб бораётганларнинг ҳаммасини Худо сенга бахш этди,- деди.
25
Шунинг учун, эй, эркаклар, дадил бўлинглар! Чунки мен Худога ишонаманки, менга айтилганидек бўлади.
26
Биз бирор оролга чиқариб ташланишимиз керак”.
27
Адрия денгизида учиб юрганимизнинг ўн тўртинчи кечасида, тахминан туннинг ярмида кемачилар қандайдир бир қуруқликка яқинлашганларини пайқадилар.
28
Чуқурликни ўлчаб, йигирма қулоч эканини билдилар. Бир оз масофадан сўнг яна ўлчаб, ўн беш қулоч эканини билдилар.
29
Қояли жойга чиқиб қолишдан қўрқиб, кеманинг қуйруқ қисмидан тўртта лангар ташладилар ва тонг отишини кутиб турдилар.
30
Лекин кемачилар кемадан қочиш ниятида, гўё кеманинг тумшуғидан лангар ташламоқчи бўлгандек, қайиқни денгизга туширганларида,
31
Повул юзбоши ва аскарларга: “Агар улар кемада қолмасалар, сизлар қутула олмайсизлар”,- деди.
32
Шунда аскарлар қайиқнинг арқонларини кесиб, уни сувга тушириб юбордилар.
33
Кун ёришмасдан, Повул ҳаммани овқат ейишга ундаб, деди: “Бугун ҳеч нарса емасдан, очликда интизор бўлиб кутишингизнинг ўн тўртинчи кунидир.
34
Шунинг учун овқат ейишингизни ўтиниб сўрайман, бу қутулишингизга хизмат қилади. Сизлардан ҳеч бирингизнинг бошингиздаги бир тола соч ҳам тўкилмайди”.
35
Шундай деб, нонни олди ва ҳамманинг олдида Худога миннатдорчилик билдириб, нонни синдириб ея бошлади.
36
Ўшанда ҳамманинг кайфияти кўтарилиб, улар ҳам овқат едилар.
37
Кемада жами икки юз етмиш олти жон бор эди.
38
Овқатга тўйгач, улар буғдойни денгизга отиб, кемани енгиллаштирдилар.
39
Кун ёришганида, ерни танимадилар, лекин қия қирғоқли қўлтиқни кўриб қолдилар. Шунда, имкони бўлса, у жойга кемада бориб тўхташга қарор қилдилар.
40
Лангарларни кўтариб, денгиз бўйлаб юрдилар. Шунингдек, рулнинг елканларини ечиб, кичик елканни шамол томонга қаратиб, қирғоқ томон йўл олдилар.
41
Кема саёзликка тушиб, қумга тиқилиб қолди. Кеманинг тумшуғи ботиб, қимирламай қолди, қуйруғи эса тўлқинларнинг кучи билан парчалана бошлади.
42
Ўшанда аскарлар, маҳбуслардан бирор киши сузиб қочиб қутулмасин, деб уларни ўлдиришга келишдилар.
43
Лекин юзбоши Повулни қутқармоқчи бўлиб, уларни бу ниятдан қайтарди ва шундай деб буюрди: “Сузишни билганлар биринчи бўлиб кемадан сакрасинлар ва қуруқликка чиқсинлар,
44
қолганлар эса тахталарда ёки кеманинг бирор бўлагида сузиб қутулсинлар”. Шундай қилиб, ҳаммалари қирғоққа қутулиб чиқдилар.