26 1 Агриппа Повулга: “Ўзинг учун гапиришингга рухсат берилади”,- деди. Шунда Повул қўлини узатиб, ўзини ҳимоя қила бошлади: 2 “Подшоҳ Агриппа! Бугун сизнинг ҳузурингизда яҳудийларнинг менга қўйган ҳамма айбларидан ўзимни ҳимоя қила олишим учун ўзимни бахтиёр, деб ҳисоблайман. 3 Бунинг устига, сиз яҳудийларнинг барча одатларини ва масалаларини яхши биласиз. Шунинг учун мени сабр билан тинглашингизни илтимос қиламан. 4 Энг бошида менинг ёшлигимдан ўз халқим орасида, Йерусалимда бўлган ҳаёт тарзимни барча яҳудийлар биладилар. 5 Улар мени узоқ вақтдан бери танийдилар. Агар хоҳласалар, динимизнинг энг жиддий таълимоти бўйича фарзий бўлиб яшаганимга гувоҳлик бера оладилар. 6 Энди эса, мен Худонинг оталаримизга берган ваъдасига умид қилганим учун суд олдида турибман. 7 Шу ваъда амалга ошиши умидида ўн икки қабиламиз Худога кечаю кундуз ғайрат билан хизмат қилмоқдалар. Худди шу умид учун, эй, подшоҳ Агриппа, яҳудийлар мени айбламоқдалар. 8 Нима энди? Худо ўликларни тирилтиришига ишониб бўлмас, деб ҳисоблайсизми? 9 Тўғриси, ўзим ҳам нозарий Исо номига қарши кўп иш қилиш керак, деб ўйлар эдим. 10 Мен буни Йерусалимда қилдим ҳам. Олий руҳонийлардан ҳокимият олиб, кўп муқаддасларни зиндонларга ташлаб, уларни ўлдиришларига овоз берар эдим. 11 Барча синагогаларда уларни кўп маротаба жазога тортиб, Исони ҳақоратлашга мажбур қилар эдим. Уларга қарши ҳаддан ташқари қутуриб, ҳатто бегона шаҳарларда ҳам қувғин қилар эдим. 12 Шу мақсадда олий руҳонийларнинг ҳокимияти ва топшириғи билан Дамашққа бораётганимда, 13 мана, подшоҳим, куннинг қоқ ўртасида мен йўлда осмондан қуёш ёғдусидан ҳам ярқироқ нурни кўрдим. Ўша нур мени ва мен билан кетаётганларни ёритди. 14 Биз ҳаммамиз ерга йиқилганимизда, менга яҳудий тилида гапираётган овозни эшитдим: Шоул, Шоул, нега Мени қувғин қиляпсан? Нишга қарши тепишинг қийин. 15 Мен эса: Ё, Раббий, Сен кимсан?- дедим. Мен сен қувғин қилаётган Исоман,- деди У,- 16 Энди, ўрнингдан тур, оёққа тур! Чунки сен кўрган нарсага ва Мен сенга келажакда кўрсатадиган нарсаларимга гувоҳ ва хизматкор бўлишга тайинлаш мақсадида Мен сенга зоҳир бўлдим. 17 Сени ўз халқингга ҳамда мажусийларга юбораман ва улардан халос қиламан. 18 Уларнинг кўзларини очиб, зулматдан нурга ва шайтоннинг ҳокимиятидан Худога қайтариш учун, улар Менга бўлган имон орқали гуноҳлари кечирилишига ва муқаддасланганлар билан меросга эришишлари учун сени юбораман. 19 Шунинг учун, эй, подшоҳ Агриппа, мен самовий ваҳийга итоатсизлик қилмадим. 20 Лекин аввал Дамашқ ва Йерусалим аҳолисига, кейин бутун Яҳудия юртига ва мажусийларга воизлик қилиб юрдим, токи улар тавба қилиб ва Худога ўгирилиб, тавбага лойиқ ишларни қилсинлар. 21 Шу сабабдан яҳудийлар мени маъбадда тутиб, ўлдиришга ҳаракат қилдилар. 22 Лекин мен Худодан ёрдам олиб, шу кунга қадар каттаю кичикка гувоҳлик бериб юрибман. Мусо ва пайғамбарлар содир бўлишини башорат қилган нарсалардан бошқа ҳеч нарсани гапирмаяпман, 23 яъни, Масиҳ яҳудийлару мажусийларга нурни эълон қилиш учун азоб чекиб ўлиши ҳамда ўликлардан биринчи бўлиб тирилиши керак эди”. 24 Повул ўзини шундай ҳимоя қилганида, Фест баланд овоз билан: “Телбалик қиляпсан, Повул! Ўта билимдонлигинг сени ақлдан оздиряпти!”- деди. 25 “Мен телбалик қилмаяпман, Фест жаноби олийлари,- деди Повул,- аммо ҳақиқат ва соғлом онг сўзларини айтяпман. 26 Подшоҳ булар ҳақида билгани учун ҳам унинг ҳузурида бемалол гапирмоқдаман. Бу воқеалардан ҳеч бири ундан яширин эмаслигига аминман, чунки бу бурчакда содир бўлган эмас. 27 Эй, подшоҳ Агриппа, пайғамбарларга ишонасизми? Биламан, ишонасиз!” 28 Шунда Агриппа Повулга жавобан: “Сен мени масиҳий бўлишга қарийб ишонтиряпсан”,- деди. 29 Повул эса: “Озми, кўпми, нафақат сиз, балки бугун мени тинглаётганларнинг ҳаммалари ҳам занжирбандлигимдан ташқари мен каби бўлишларини Худодан сўрар эдим!”- деди. 30 Повул буни айтганида, подшоҳ, ҳоким ва Берника ҳамда улар билан бирга ўтирганлар ўринларидан турдилар. 31 Четга чиқиб, ўзаро: “Бу одам ўлимга ёки занжирбандликка лойиқ ҳеч бир иш қилмаяпти”,- дейишар эди. 32 Сўнг Агриппа Фестга: “Агар бу одам императорнинг ҳукмини талаб қилмаганида, уни озод қилса бўлар эди”,- деди.