25 1 Фест вилоятга келиб, уч кундан кейин Кесариядан Йерусалимга борди. 2 Шунда олий руҳоний билан яҳудийларнинг бошлиқлари унга Повулга қарши гапириб, 3 уларга илтифот кўрсатишини ҳамда Повулни Йерусалимга чақиртиришини ўтиниб сўрар эдилар. Ўзлари эса уни йўлда ўлдиришга қасд қилган эдилар. 4 Фест эса жавоб бериб, Повулнинг Кесарияда қўриқланаётганини, ўзи ҳам яқинда у ерга боришини айтди. 5 “Шундай қилиб, - деди у, - сизларнинг орангиздан кимнинг имкони бўлса, мен билан бирга борсин ва агар бу одамда бирор нарса бўлса, уни айбласин”. 6 Фест уларнинг олдида саккиз ёки ўн кундан ортиқ туриб, Кесарияга қайтиб кетди. Кейинги куни ҳукм курсисига ўтириб, Повулни олиб келишни буюрди. 7 Повул кирганида, Йерусалимдан келган яҳудийлар унинг атрофида тўпланиб, унга ўзлари исбот қила олмаган кўп ва оғир айбларни қўйдилар. 8 Повул эса ўзини ҳимоя қилиб: “Мен на яҳудийларнинг Қонунига, на маъбадга, на императорга қарши бирор бир гуноҳ қилганим йўқ”, - деди. 9 Фест яҳудийларга илтифот кўрсатмоқчи бўлиб, Повулдан: “Йерусалимга бориб, у ерда менинг олдимда бу ишда ҳукм этилишни хоҳлайсанми?”- деб сўради. 10 Аммо Повул: “Мен императорнинг ҳукм курсиси олдида турибман, мен шу ерда ҳукм этилишим шарт. Мен яҳудийларга ҳеч бир ноҳақлик қилмаганимни ўзингиз ҳам яхши биласиз. 11 Агар мен ноҳақ бўлиб, ўлимга лойиқ бирор иш қилган бўлсам, ўлимдан бош тортмайман. Агарда буларнинг менга қўяётган айблари асоссиз бўлса, унда мени ҳеч ким уларга топшира олмайди. Мен императорнинг ҳукмини талаб қиламан”,- деди. 12 Шунда Фест кенгаш билан маслаҳатлашиб, жавоб берди: “Сен императорнинг ҳукмини талаб қиланинг учун, императорнинг олдига борасан”. 13 Бир неча кундан сўнг подшоҳ Агриппа билан Берника Фестни табриклаш учун Кесарияга келдилар. 14 Улар у ерда анча кун бўлганликлари учун, Фест Повулнинг ишини подшоҳга тақдим қилиб, деди: “Бу ерда Феликс қамоқда қолдирган бир одам бор. 15 Мен Йерусалимда бўлганимда, яҳудийларнинг олий руҳонийлари ва оқсоқоллари келиб, уни маҳкум этишни сўрадилар. 16 Мен уларга: Айбланувчи одамни айбловчилари билан юзлаштирмасдан ва унга қўйилган айблардан ўзини ҳимоя қилиш имконини бермасдан, ўлимга маҳкум қилиш римликларнинг одати эмас,- деб жавоб бердим. 17 Шундай қилиб, улар бу ерга келганларида, мен бу ишни кейинга қолдирмай, эртаси куниёқ ҳукм курсисига ўтириб, бу одамни олиб келишни буюрдим. 18 Аммо айбловчилар унга қарши чиқишгач, мен тахмин қилган айблардан бирортасини тақдим қилмадилар. 19 Бунинг ўрнига, уларнинг ўз диндорлиги ҳақида, ўлган қандайдир Исо ҳақида баъзи баҳслари бор эди. Повул эса Исонинг тирик эканини тасдиқлар эди. 20 Мен бу масалани ҳал қилишга қийналганим учун Повулдан: Сен Йерусалимга боришни ва у ерда ҳукм этилишни истайсанми?- деб сўрадим. 21 Лекин Повул Аъло Ҳазратнинг муҳокамасига қолдирилишни талаб қилгани учун, уни императорнинг олдига юборгунга қадар қўриқлаб туришни буюрдим”. 22 Агриппа эса Фестга: “Бу одамни мен ҳам тинглашни истар эдим”,- деди. “Хўп, эртанинг ўзида уни тинглайсиз”,- деб жавоб берди у. 23 Кейинги куни Агриппа ва Берника буюк ҳашамат билан келиб, мингбошилар ва шаҳарнинг атоқли кишилари билан бирга маҳкама хонасига кирдилар. Фестнинг буйруғи билан Повул олиб келинди. 24 Фест шундай деди: “Подшоҳ Агриппа ва биз билан ҳозир бўлган барча эркаклар! Мана бу одамни кўриб турибсизлар. Унга қарши яҳудийларнинг кўпчилиги Йерусалимда ва шу ерда менга мурожаат қилиб: Бу одам бошқа яшамаслиги керак,- деб бақирар эдилар. 25 Лекин мен унинг ўлимга лойиқ бирор иш қилганини топмадим. Унинг ўзи Аъло Ҳазратнинг муҳокамасини талаб қилгани учун, уни императорнинг олдига юборишга қарор қилдим. 26 Фақат Ҳазратга у ҳақида ёзишга бирор бир аниқ нарса йўқ. Шунинг учун уни ҳаммангизнинг ва, айниқса, подшоҳим Агриппа, сизнинг ҳузурингизга олиб чиқдим, токи бу ишни кўриб чиққандан кейин ёзишимга бирор нарса бўлсин. 27 Чунки, менинг фикримча, маҳбусни юбориб, унинг айбларини кўрсатмаслик мулоҳазасизлик бўлади”.