23 1 Повул Синедрионга тикилиб қараб: “Эркагу биродарлар! Мен бу кунга қадар Худо олдида пок виждон билан яшаганман”,- деди. 2 Олий руҳоний Ҳанания эса Повулнинг ёнида турганларга унинг оғзига уришларини буюрди. 3 Шунда Повул унга: “Эй, оқланган девор, Худо сени уради! Сен мени Қонун бўйича ҳукм қилиш учун ўтирибсан, аммо Қонунга қарши мени уришга буюряпсан!”- деди. 4 Ёнида турганлар: “Худонинг олий руҳонийсини ҳақорат қиляпсанми?” - дедилар. 5 Повул эса: “Биродарлар! Унинг олий руҳоний эканини билмаган эдим, зеро: Халқингнинг бошлиқларини ёмонлама, деб ёзилган”,- деди. 6 Бу ердагиларнинг бир қисми саддуқийлар ва бошқа қисми фарзийлар эканини билганида, Повул баланд овоз билан Синедрионга хитоб қилиб: “Эркагу биродарлар! Мен фарзийман ҳамда фарзийнинг ўғлиман. Ўликларнинг тирилишига умидим сабабли мени ҳукм қилмоқдалар”,- деди. 7 У буни айтганидан сўнг фарзийлар билан саддуқийлар орасида низо чиқди ва йиғин иккига бўлинди. 8 Чунки саддуқийлар: тирилиш ҳам, фаришта ҳам, руҳ ҳам йўқ, деб айтадилар. Фарзийлар эса уни ҳам, буни ҳам тан оладилар. 9 Шунда кучли шовқин кўтарилди. Фарзийлар гуруҳининг уламолари ўринларидан туриб: “Биз бу одамда ҳеч бир ёмонлик топмаяпмиз. Агар унга руҳ ёки фаришта гапирган бўлса, биз Худога қарши чиқмайлик!”- деб баҳслашар эдилар. 10 Низо кучайиб борганида, Повулни тилка-пора қилишларидан қўрққан мингбоши аскарларга пастга тушиб, уни ораларидан олиб чиқишни, қалъага олиб кетишни буюрди. 11 Кейинги кечада Раббий унга зоҳир бўлиб: “Дадил бўл, Повул! Сен Мен ҳақимда Йерусалимда гувоҳлик берганингдай, Римда ҳам худди шундай гувоҳлик беришинг керак”,- деди. 12 Кун ёришгач, баъзи яҳудийлар аҳд қилишиб, Повулни ўлдирмагунча еб-ичмасликка қасам ичдилар. 13 Бундай аҳдлашганларнинг сони қирқдан ортиқ эди. 14 Улар олий руҳонийлар билан оқсоқолларнинг олдиларига келиб, дедилар: “Повулни ўлдирмагунимизча бирор нарса есак, қасам урсин,- деб қасам ичдик. 15 Шунинг учун сизлар Синедрион билан бирга гўё Повулнинг ишини янада аниқроқ текширмоқчи эканлигингизни мингбошига айтинглар, токи у уни эртага олдингизга олиб чиқсин. Биз эса, у яқинлашмасдан олдин уни ўлдиришга тайёрмиз”. 16 Повулнинг синглисининг ўғли бу қасд ҳақида эшитгач, қалъага кириб, Повулга хабар берди. 17 Повул эса юзбошилардан бирини чақириб: “Бу йигитни мингбошининг олдига олиб боргин, чунки унга айтадиган гапи бор”,- деди. 18 Шунда у йигитни олиб, мингбошининг олдига келтириб: “Маҳбус Повул мени чақириб, бу йигитни сизнинг олдингизга олиб боришимни илтимос қилди, унинг сизга айтадиган гапи бор экан”,- деди. 19 Мингбоши йигитнинг қўлидан ушлади-да, четга ўтиб: “Менга айтадиган нима гапинг бор?”- деб сўради. 20 У жавобан деди: “Яҳудийлар, гўё Повулнинг ишини янада аниқроқ текшириш учун уни эртага Синедрион олдига чиқаришни сиздан илтимос қилишга келишдилар. 21 Лекин сиз уларга қулоқ солманг. Чунки уни ўлдирмагунча еб-ичмаслик ҳақида қасам ичган қирқдан зиёд одам уни пойлаб турибди. Улар ҳозир тайёр бўлиб, сизнинг ижозатингизни кутиб турибдилар”. 22 Ўшанда мингбоши йигитни қўйиб юбориб, унга: “Менга буларни айтганингни ҳеч кимга айтма!”- деди. 23 Сўнг иккита юзбошини чақириб, уларга: “Туннинг учинчи соатида Кесарияга бориш учун икки юзта пиёда аскар, етмишта отлиқ ва икки юзта ўқчи аскар ҳозирланглар. 24 Эшакларни ҳам тайёрланглар, токи Повулни миндириб, ҳоким Феликснинг олдига хавф-хатарсиз етказиб борсинлар”,- деб буюрди. 25 Кейин у қуйидаги мазмунда хат ёзиб берди: 26 “Клавдиус Лисиасдан ҳоким жаноб олийлари Феликсга – салом! 27 Бу одамни яҳудийлар қўлга олиб ўлдирмоқчи бўлган эдилар. Унинг Рим фуқароси эканини билганимда, мен аскарлар билан келиб, уни уларнинг қўлидан қутқардим. 28 Сўнг уни нимада айблаётганларини билмоқчи бўлиб, уни уларнинг Синедрионига олиб бордим. 29 Шунда уни ўзларининг қонунига тегишли баҳсли масалалар бўйича айблаётганларини, лекин унда ўлимга ёки кишанга лойиқ ҳеч қандай айб йўқлигини англадим. 30 Аммо яҳудийлар бу одамга қарши ёвуз ният қилганлари қулоғимга етганида, ўша заҳотиёқ мен уни сизнинг олдингизга юбордим. Унинг айбловчиларига ҳам унга қарши гапларини сизнинг олдингизда гапиришларини буюрдим. Саломат бўлинг”. 31 Шу тариқа, аскарлар уларга буюрилгани бўйича Повулни тунда Антипатрисга олиб бордилар. 32 Эртаси куни эса улар у билан бирга бориш учун отлиқларни қолдирдилар ва қалъага қайтиб кетдилар. 33 Шундай қилиб, Кесарияга келиб, улар хатни ҳокимга бердилар ва Повулни унга топширдилар. 34 Ҳоким хатни ўқиганида, Повулдан қайси вилоятдан эканини сўради. Киликиядан эканлигини билгач, унга: 35 “Айбловчиларинг келганидан сўнг сени тинглайман”,- деб айтиб, Ҳироднинг преторионида қўриқлашларини буюрди.