20 1 Қўзғолон тугаганидан кейин Повул шогирдларни чақириб, уларга насиҳат берди ва улар билан хайрлашиб, Македонияга жўнаб кетди. 2 Ўша жойлардан ўтиб, имонлиларга кўп насиҳатлар бериб, Юнонистонга келди 3 ва у ерда уч ой турди. Аммо яҳудийлар Повулга қарши фитна уюштирганларида, у Сурияга кетмоқчи бўлиб, Македония орқали қайтишга қарор қилди. 4 Береалик Пирроснинг ўғли Сосипатр, салоникаликлар Аристарх ва Секунд, дербелик Гай, Тимўтий, асияликлар Тихик ва Трофим Повулга Асиягача ҳамроҳ бўлдилар. 5 Улар олдинроқ бориб, бизни Троасда кутиб турдилар. 6 Биз эса Ачитқисиз нонлар кунларидан кейин Филиппи шаҳридан сузиб, беш кунларда уларнинг олдига – Троасга етиб бордик. У ерда етти кун турдик. 7 Ҳафтанинг биринчи кунида шогирдлар нон синдириш учун бирга йиғилганларида, Повул эртаси куни кетмоқчи бўлиб, улар билан суҳбатлашди ва сўзини ярим тунгача давом эттирди. 8 Биз йиғилган юқоридаги хонада чироқлар кўп эди. 9 Повулнинг узоқ суҳбати давомида, деразада ўтирган Евтих исмли бир йигит чуқур уйқуга чўмди. У уйқусида қимирлаб, учинчи қаватдан пастга тушиб кетди ва уни ўлик ҳолда кўтаришди. 10 Повул пастга тушиб, ўзини йигитнинг устига ташлади ва уни қучоқлаб: “Ташвишланманглар, унинг жони ўзида!”- деди. 11 Кейин юқорига чиқди-да, нон синдириб овқатланди ва тонг отгунича кўп суҳбатлашиб, сўнг жўнаб кетди. 12 Шу орада ўсмирни тирик ҳолда олиб келдилар ва анча тасалли топдилар. 13 Биз кемага олдинроқ бориб, Асс шаҳрига сузиб бордик. У ердан Повулни олишимиз керак эди, чунки у пиёда бормоқчи бўлиб, бизга шундай буйруқ берган эди. 14 У Ассда бизга қўшилганида, уни олиб, Митиленега бордик. 15 Сўнг у ердан сузиб кетиб, эртаси куни Хиос ороли қаршисига келдик. Учинчи куни эса Самосга етгач, Трогиллиумда қолдик. Кейинги куни эса Милетусга келдик. 16 Чунки Повул Асияда ушланиб қолмаслик учун Эфесни четлаб ўтмоқчи бўлди. Чунки у: “Агар иложи бўлса, «Элликлик» кунида Йерусалимда бўлайин”,- деб шошилаётган эди. 17 Повул Милетусдан Эфесга одам юбориб, Жамоатнинг жамоабошиларини чақиртирди. 18 Улар унинг олдига келганларида, уларга деди: “Мен Асияга келган биринчи кундан буён, сизларнинг орангизда ҳамиша қандай ҳаракат қилганимни ўзларингиз биласизлар. 19 Мен онгнинг бор камтарлиги ва кўп кўз ёшлар билан, яҳудийларнинг ёвуз ниятлари туфайли бошимга тушган васвасалар орасида Раббийга хизмат қилар эдим. 20 Мен фойдали бўлган ҳеч бир нарсани ўзимда тутиб турмасдан, сизларга эълон қилар ва халойиқ олдида ҳамда уйларда таълим берар эдим. 21 Мен Худонинг олдида тавба қилиш ва Раббимиз Исо Масиҳга имон келтириш ҳақида яҳудийларга ҳамда юнонларга гувоҳлик берар эдим. 22 Мана, мен энди Руҳнинг банди бўлиб, Йерусалимга боряпман. У ерда мен билан нима юз беришини билмайман. 23 Бироқ мени кишан ва қайғулар кутаётгани ҳақида Муқаддас Руҳ барча шаҳарларда гувоҳлик беряпти. 24 Аммо мен буларнинг ҳеч бирига эътибор бермайман ва ўз жонимни қадрламайман, фақатгина масофамни ва Раббий Исодан олган хизматни, яъни Худо иноятининг Хушхабарини воизлик қилишни қувонч билан якунлайин. 25 Шуни ҳам биламанки, мен орангизда Худонинг Шоҳлигини воизлик қилиб юрган бўлсам-да, мана, энди сизларнинг ҳаммаларингиз менинг юзимни бошқа кўрмайсизлар. 26 Шунинг учун бугун сизларга гувоҳлик беряпманки, мен ҳамманинг қонидан тозаман, 27 чунки Худонинг бор иродасини сизларга эълон қилишдан чекинмадим. 28 Худо Ўз қони билан сотиб олган Жамоатига чўпонлик қилишингиз учун Муқаддас Руҳ сизларни назоратчи қилиб тайинлаган. Бутун подага ҳамда ўзингизга диққат қилинглар. 29 Чунки шуни биламанки, мен кетганимдан кейин, орангизга подани аямайдиган йиртқич бўрилар кирадилар. 30 Сизларнинг орангиздан ҳам шогирдларни ўзларига эргаштириш учун бузиб гапирадиган одамлар кўтариладилар. 31 Шунинг учун бедор бўлинглар. Мен уч йил давомида кечаю кундуз тинмасдан, кўз ёшлар билан ҳар бирингизга таълим берганимни ёдда сақланглар. 32 Энди, биродарларим, сизларни Худога ва Унинг инояти сўзига топшираман. Бу сўз сизларни барпо қилишга ва барча муқаддасланганлар билан бирга сизларга мерос беришга қодирдир. 33 Мен ҳеч кимнинг кумушини ҳам, олтинини ҳам, кийимини ҳам хоҳламадим. 34 Ўзларингиз биласизларки, менинг ва мен билан бўлганларнинг эҳтиёжларига шу қўлларим хизмат қилди. 35 Мен ҳамма нарсада шундай меҳнат қилиб, заифларга ёрдам бериш кераклигини сизларга кўрсатдим, токи сизлар Раббий Исонинг: “Олишдан кўра бериш бахтлироқдир”,- деган сўзларини ёдда сақланглар”. 36 Буларни айтгач, Повул тиз чўкиб, уларнинг ҳаммалари билан бирга ибодат қилди. 37 Шунда ҳаммалари қаттиқ йиғлашди ва Повулнинг бўйнига осилиб, уни ўпишар эди. 38 Улар айниқса унинг: “Юзимни бошқа кўрмайсизлар”,- деган сўзидан қайғурар эдилар. Сўнгра уни кемагача кузатиб бордилар.