19 1 Аполлос Коринфда бўлганида, Повул тепа юртларни кезиб ўтгач, Эфес шаҳрига келиб, баъзи шогирдларни топди. 2 У улардан: “Сизлар имон келтириб, Муқаддас Руҳни қабул қилдингизларми?”- деб сўради. Улар эса унга жавобан: “Биз Муқаддас Руҳ борлигини ҳатто эшитмаганмиз”,- дедилар. 3 Повул эса уларга деди: “Унда сизлар нима ҳақи чўмдирилгансизлар?” Улар: “Яҳёнинг чўмдириши ҳақи”,- деб жавоб бердилар. 4 Шунда Повул: “Яҳё одамларга ўзидан кейин Келадиганга, яъни Исо Масиҳга ишонишлари кераклигини айтиб, тавба қилишнинг чўмдирилиши билан чўмдирган эди”,- деди. 5 Улар буни эшитгач, Раббий Исо номидан сувга чўмдирилдилар. 6 Повул уларнинг бошларига қўлини қўйганида эса, Муқаддас Руҳ уларнинг устига келиб тушди ва улар янги тилларда гапириб, башорат қила бошладилар. 7 Уларнинг ҳаммаси тахминан ўн икки киши эди. 8 Сўнг Повул синагогага келди ва уч ой давомида дадиллик билан воизлик қилиб, Худонинг Шоҳлиги ҳақида мунозара қилиб, одамларни ишонтирар эди. 9 Лекин баъзилар юракларини тош қилиб ишонмасдан, халқ олдида Раббийнинг Йўлини ёмонлаганлари учун Повул уларни тарк этди ва шогирдларни улардан ажратиб, ҳар куни Тираннуснинг мактабида воизлик қилар эди. 10 Бу икки йил давом этгани учун Асияда яшовчиларнинг барчаси, яҳудийлар ва юнонлар Раббий Исонинг Сўзини эшитдилар. 11 Худо Повулнинг қўллари билан ҳеч қачон содир бўлмаган мўъжизаларни қилар эди, 12 ҳатто унинг танасидаги рўмол ва белбоғ беморларга қўйилганида, уларни касалликлари тарк этар, ёвуз руҳлар эса чиқиб кетар эди. 13 Сайёҳ яҳудий азайимхонлардан баъзилари ёвуз руҳларга чалинганларнинг устидан Раббий Исонинг номидан фойдаланиб: “Повул воизлик қилаётган Исо номидан сизларга буюрамиз”,- дер эдилар. 14 Яҳудий олий руҳоний Скеванинг еттита ўғли шундай қилар эдилар. 15 Аммо ёвуз руҳ уларга жавобан: “Исони биламан, Повул ҳам менга маълум, аммо сизлар кимсизлар?”- деди. 16 Шунда ёвуз руҳга чалинган одам уларга ташланди-да, уларнинг устидан зўр келиб, шундай куч кўрсатдики, улар у уйдан яланғоч ва ярадор ҳолда чиқиб қочдилар. 17 Бу воқеа Эфесда яшайдиган яҳудийлар ҳамда юнонларнинг барчасига маълум бўлди ва уларнинг ҳаммаларини қўрқув босди. Раббий Исонинг номи эса улуғланар эди. 18 Имон келтирганларнинг кўплари келиб, ўз гуноҳларини эътироф этар ва ўз ишларини ошкор қилар эдилар. 19 Сеҳргарлик қилганларнинг кўплари ҳам ўз китобларини тўплаб, ҳамманинг олдида ёндирдилар. Китобларнинг баҳосини ҳисоблаганда, эллик минг кумуш тангага тенг келди. 20 Раббийнинг Сўзи шундай куч билан ўсиб, устунлик қилар эди. 21 Булар амалга ошганидан кейин, Повул Македония ва Ахаядан ўтиб, Йерусалимга боришни ўз руҳида аҳд қилиб: “У ерда бўлганимдан кейин Римни ҳам кўришим керак”,- деди. 22 Шундай қилиб, Повул унга хизмат қилаётган икки кишини, Тимўтий ва Эрастни Македонияга юбориб, ўзи вақтинча Асияда қолди. 23 Ўша пайтда Раббийнинг Йўлига қарши кучли исён кўтарилди, 24 чунки ҳунармандларга анча фойда келтирадиган Артемиданинг кумушли маъбадларини ясайдиган Деметриус исмли бир кумуш устаси 25 ўзига ўхшаш бошқа усталарни йиғиб уларга деди: “Эй, эркаклар! Сизларга маълумки, биз бу ҳунар орқали фаровонликка эгамиз. 26 Шу орада, сизлар кўриб-эшитиб турибсизларки, Эфесдагина эмас, балки қарийб бутун Асияда бу Повул: Инсон қўли билан ясалган нарсалар худолар эмас,- деб айтиб, кўп одамларни ишонтириб йўлдан оздирди. 27 Шу тариқа нафақат бизнинг ҳунаримизнинг ҳеч нарса бўлиб қолиши, балки Асия ва бутун дунё сажда қиладиган буюк маъбуда Артемиданинг маъбади ҳам менсимасликка учраб, унинг улуғворлигининг қулаши хавфига дуч келдик”. 28 Улар эса буни эшитганларида, ғазабга тўлиб: “Эфеснинг Артемидаси буюкдир!”- деб бақира бошладилар. 29 Бутун шаҳар ҳаяжонланди. Повулнинг йўлдошлари – македониялик Гай ва Аристархни ушлаб, якдилликда театронга бостириб бордилар. 30 Повул халқнинг орасига кирмоқчи бўлганида, шогирдлар унга йўл қўймадилар. 31 Повулнинг дўстлари бўлган Асиянинг бошлиқларидан баъзилари ҳам унга хабар юбориб, театронда кўринмаслигини илтимос қилдилар. 32 Шу орада баъзилар ундай, бошқалар бундай, деб бақирар эдилар, чунки йиғилиш тартибсиз бўлиб, кўпчилик нима учун тўпланганликларини билмас эдилар. 33 Яҳудийларнинг таклифига кўра, оломон ичидан Александросни олдинга чиқаришди. Александрос эса қўли билан имо қилиб, ҳимоя учун халққа гапирмоқчи бўлди. 34 Лекин улар унинг яҳудий эканлигини билиб қолганларида, ҳаммалари бир овоздан тахминан икки соат давомида: “Эфеснинг Артемидаси буюкдир!”- деб бақирдилар. 35 Ниҳоят, шаҳар котиби халойиқни тинчлантириб деди: “Эй, Эфес эркаклари! Эфес шаҳри буюк маъбуда Артемиданинг ва Диопетнинг хизматчиси эканлигини қайси одам билмайди? 36 Агар бу нарсада баҳс бўлмаса, унда сизлар тинчланишингиз ва ўйламасдан ҳаракат қилмаслигингиз керак. 37 Аммо сизлар маъбадни ҳам таламаган, маъбудангизни ҳам ҳақорат қилмаган кишиларни бу ерга олиб келдингизлар. 38 Шунинг учун агар Деметриус ва у билан бирга бўлган ҳунармандларнинг бирор кишига қарши даъволари бўлса, унда суд маҳкамалари очиқ ва проконсуллар бор, у ерда бир-бирларига қарши шикоят қилаверсинлар. 39 Агар сизлар бошқа нарсани излаётган бўлсангизлар, бу қонуний мажлисда ҳал қилинади. 40 Чунки бугунги воқеа туфайли исён кўтаришда айбланиш хавфи остидамиз, чунки бундай тўполонни оқлаш учун ҳеч қандай сабаб йўқ”. Шуларни айтиб, у йиғинни тарқатиб юборди.