17 1 Амфипол ва Аполлония шаҳарларидан ўтиб, Салоника шаҳрига келдилар. У ерда яҳудийларнинг синагогаси бор эди. 2 Повул ўз одатига кўра уларнинг олдига кириб, уч шаббат куни улар билан Ёзувлар бўйича мулоҳаза қилар эди. 3 Масиҳнинг азоб чекиши ва Унинг ўликлардан тирилиши керак бўлганини очиб берар ҳамда буни исбот қилиб: “Шу Масиҳ – мен сизларга воизлик қилаётган Исодир”,- деб айтар эди. 4 Яҳудийлардан баъзилари, шунингдек, Худога сажда қилувчи жуда кўп юнонлар ҳамда анчагина раҳбар аёллар имон келтириб, Повул билан Силасга қўшилдилар. 5 Лекин имон келтирмаган яҳудийлар ҳасадга тўлиб, майдондан баъзи ярамас одамларни олиб тўпладилар ва шаҳарни қўзғатдилар. Улар Ясоннинг уйига ҳужум қилиб, Повул билан Силасни халқнинг олдига олиб чиқишини талаб қилдилар. 6 Уларни топа олмай, Ясон ва баъзи биродарларни шаҳар бошлиқларига судраб келдиларда, бақириб дедилар: “Дунёни остин-устин қилаётган бу одамлар бу ерга ҳам келдилар! 7 Ясон эса уларни уйига қабул қилди. Уларнинг ҳаммаси императорнинг буйруқларига қарши ҳаракат қилиб: Бошқа бир подшоҳ – Исо бор,- деб айтишади”. 8 Шундай қилиб, улар буни эшитиб турган халқни ва шаҳар бошлиқларини жуда ҳам саросимага солдилар. 9 Лекин бошлиқлар Ясон ва бошқалардан далолат олганларида, уларни қўйиб юбордилар. 10 Биродарлар эса шу тундаёқ Повул ва Силасни Береа шаҳрига жўнатдилар. Улар у ерга келиб, яҳудийларнинг синагогасига бордилар. 11 Бу ердагилар салоникаликлардан кўра фаросатлироқ эдилар. Улар Худонинг сўзини бутун ғайрат билан қабул қилиб, бу айнан шундаймикин, деб ҳар куни Ёзувларни синчиклаб ўрганар эдилар. 12 Шундай қилиб, яҳудийлардан кўпчилик, шунингдек, муҳтарам юнон аёллар ва анчагина эркаклар имон келтирдилар. 13 Бироқ Салоникадаги яҳудийлар Повулнинг Береа шаҳрида ҳам Худонинг сўзини воизлик қилганини билиб қолганларида, у ерга ҳам келиб, халқни саросимага солиб қўзғатдилар. 14 Ўшанда биродарлар дарҳол Повулни гўё денгизга кетаётгандек қилиб, кузатиб қўйдилар. Силас ва Тимўтий эса у ерда қолдилар. 15 Повулнинг кузатувчилари уни Афинагача олиб бордилар ва Повулдан Силас ва Тимўтийнинг унинг олдига тезроқ етиб келишлари ҳақида буйруқ олиб, жўнаб кетдилар. 16 Повул уларни Афинада кутаётганида, бутларга тўлган бу шаҳарни кўриб, унинг руҳи қўзғалди. 17 Шунинг учун у ҳар куни синагогада яҳудийлар ва художўй одамлар билан ҳамда бозор майдонида унга учраганлар билан мулоҳаза қилар эди. 18 Эпикурчи ва стоик файласуфларидан баъзилари эса у билан баҳслаша бошладилар. Улардан баъзилари: “Бу беҳуда сўзловчи нима демоқчи ўзи?”- деб айтар, бошқалари эса: “У бегона илоҳларни воизлик қилмоқда, шекилли”,- дейишар эди, чунки Повул уларга Исо ва тирилиш ҳақидаги Хушхабарни воизлик қилар эди. 19 Шунда Повулни Ареопагусга олиб келиб, унга: “Сен воизлик қилаётган бу янги таълимотнинг нималигини билсак бўладими? 20 Чунки сен қулоқларимизга ғалати нарсаларни соляпсан. Шунинг учун булар нима эканлигини билиб олмоқчимиз?”- дедилар. 21 Барча афиналиклар ва бу ерда яшаётган хорижликлар эса бирор янги нарса ҳақида сўзлаш ёки тинглашдан бошқа ҳеч нарсада вақтларини завқлироқ ўтказмас эдилар. 22 Ўшанда Повул Ареопагуснинг ўртасида туриб, деди: “Эй, афиналиклар! Мен сизларнинг ҳамма нарсада жуда диндор эканингизни кўряпман. 23 Чунки мен шаҳрингизни кезиб юриб ва муқаддасворликларингизни кўздан кечириб, устида “номаълум Худога”, деб ёзилган бир қурбонгоҳни топдим. Сизлар танимасдан, сажда қилаётган шу Худони мен сизларга воизлик қилмоқдаман. 24 Оламни ва ундаги ҳамма нарсани яратган Худо еру осмоннинг Эгаси бўлиб, инсон қўли билан ясалган маъбадларда яшамайди. 25 У бирор нарсага муҳтож бўлмай, инсон қўлларининг хизматини талаб қилмайди. Унинг Ўзи ҳаммага ҳаёт, нафас ва ҳамма нарсани беради. 26 Бутун ер юзида истиқомат қилиш учун Худо бир қондан бор одам наслини яратиб, уларга олдиндан белгиланган даврларини ва истиқомат жойларини тайин этди, 27 токи улар Худони изласинлар, Уни сезмасмикинлар ва топа олмасмикинлар, чунки У ҳар биримиздан йироқда эмасдир. 28 Зеро биз Унда яшаймиз, ҳаракат қиламиз ва мавжудмиз. Сизларнинг шоирларингиздан бири айтганидек: “Биз ҳам Унинг авлодимиз”. 29 Шундай қилиб, биз Худонинг авлоди бўлганимиз учун, Худованд инсон ақли ёки маҳорати билан ишланган олтин, кумуш ёки тош қиёфасига ўхшайди, деб ўйламаслигимиз керак. 30 Мана, Худо билимсизлик даврларини четга қўйиб, энди ҳамма ерда ҳамма инсонларга тавба қилишларини буюрмоқда. 31 Чунки Ўзи олдиндан белгилаган Эркак орқали У дунёни ҳақлик билан ҳукм қиладиган кунни тайин этди. Ҳаммага буни тасдиқлаб бериши учун Уни ўликлардан тирилтирди”. 32 Ўликларнинг тирилиши ҳақида эшитиб, баъзилари мазах қилдилар. Бошқалари эса: “Бу ҳақида сени бошқа пайт эшитамиз”,- дедилар. 33 Шундай қилиб, Повул уларнинг орасидан чиқиб кетди. 34 Баъзи одамлар эса унга қўшилиб имон келтирдилар. Буларнинг орасида ареопагусчи – Дионисий, Дамар исмли бир аёл ва улар билан бирга бошқалар ҳам бор эди.