16 1 Повул Дербе ва Листрага етиб борди. У ерда Тимўтий исмли бир шогирд бор эди. Унинг онаси имон келтирган яҳудий, отаси эса юнон эди. 2 Листра ва Икониумдаги биродарлар у ҳақида яхши гувоҳлик берган эдилар. 3 Повул ўзи билан бирга Тимўтийни олишни хоҳлади ва уни олиб, у ерда бўлган яҳудийлар сабабли хатна қилди. Чунки унинг отаси юнон эканини ҳамма билар эди. 4 Улар шаҳарлардан ўтаётиб, Йерусалимдаги ҳаворийлар ва жамоабошилар томонидан ўрнатилган қарорларга риоя қилишни имонлиларга тайинлар эдилар. 5 Жамоатлар эса имонда мустаҳкамланиб, сони кундан-кунга ошиб бораётган эди. 6 Сўнг Фригия ва Галатия юртларидан ўтгач, уларга Муқаддас Руҳ томонидан Асия юртида Сўзни воизлик қилиш ман этилди. 7 Мисиягача етиб борганларида, Битинияга боришга уриндилар, аммо Руҳ уларга ижозат бермади. 8 Ўшанда Мисиядан ўтиб, Троада шаҳрига тушиб келдилар. 9 Ўша тунда Повулга ваҳий кўриниши бўлди – македониялик бир эркак унинг қаршисида туриб: “Македонияга келиб, бизга ёрдам бергин!”- деб ўтинди. 10 Бу ваҳий кўринишидан кейин биз дарров Македонияга бориш ҳаракатини қилдик, чунки Раббий бизни уларга Хушхабарни воизлик қилишга даъват қиляпти, деган хулосага келган эдик. 11 Шундай қилиб, Троададан жўнаб, тўғри Самофракияга, эртаси куни эса Неаполга сузиб бордик. 12 У ердан чиқиб, Македониянинг ўша қисмидаги бош шаҳарга, Рим колонияси бўлмиш Филиппига келдик. Ўша ерда бир неча кун туриб қолдик. 13 Шаббат куни биз шаҳардан ташқарига, дарё бўйига чиқдик. У ерда одатдаги ибодат йиғини бўлар эди. У ерда ўтириб, тўпланган аёллар билан суҳбатлашдик. 14 Тиатира шаҳридан бўлган, алвон тўн сотувчи, Худога сажда қилувчи Лидия исмли бир аёл бизни тинглар эди. Повулнинг айтаётганларига қулоқ солиш учун Раббий унинг юрагини очди. 15 У ўзининг хонадонидагилари билан бирга чўмдирилгач, биздан ёлвориб: “Агар сизлар мени Раббийга содиқ, деб ҳисобласангизлар, менинг уйимга кириб, шу ерда яшанглар”,- деди. Шундай қилиб, у бизни кўндирди. 16 Бир куни ибодат йиғинига кетаётганимизда, фолбинлик руҳига эга бўлган бир чўри қиз бизга дуч келди. У фолбинлик билан ўз хўжайинларига кўп даромад келтирар эди. 17 У Повул ва бизнинг ортимиздан юриб: “Бу одамлар Худойи Таолонинг қулларидир, улар бизга нажот йўлини эълон қилмоқдалар”,- деб бақирар эди. 18 У кўп кунлар давомида шундай қилар эди. Повул эса аччиқланиб, унга бурилди-да, руҳга: “Исо Масиҳ номидан сенга буюраман: ундан чиқиб кет”,- деди. Руҳ ундан ўша заҳоти чиқиб кетди. 19 Шунда унинг хўжайинлари даромад топиш умиди йўқолганини кўриб, Повул билан Силасни қўлга олдилар ва уларни бозор майдонига, бошлиқларга судраб бориб, 20 сардорларнинг олдига олиб келдилар-да: “Бу одамлар яҳудий бўла туриб, шаҳримизни қўзғатмоқдалар 21 ва биз, римликларга қабул қилиш ва бажариш жоиз бўлмаган удумларни воизлик қилмоқдалар”,- дедилар. 22 Халойиқ ҳам уларга қарши кўтарилди. Сардорлар эса уларнинг кийимларини йиртиб ташлаб, калтаклашни буюрдилар. 23 Уларни кўп калтаклашгач, зиндонга ташлаб, зиндонбонга уларни қаттиқ қўриқлашни буюрдилар. 24 У эса бундай буйруқни олиб, уларни ичкари зиндонга ташлаб, оёқларини кундага солди. 25 Тун ярмида Повул ва Силас ибодат қилиб, Худога ҳамду сано айтар, маҳбуслар эса уларни тинглар эдилар. 26 Тўсатдан буюк зилзила юз бердики, ҳатто қамоқхонанинг пойдевори ларзага келди. Дарров барча эшиклар очилди ва ҳамманинг кишанлари бўшаб қолди. 27 Зиндонбон эса уйғониб, зиндон эшикларининг очиқ эканлигини кўриб: “Маҳбуслар қочиб кетганлар”,- деб ўйлади ва қиличини чиқариб, ўзини ўлдирмоқчи бўлди. 28 Лекин Повул баланд овозда бақириб: “Ўзингга ҳеч қандай зарар етказма, чунки ҳаммамиз шу ердамиз!”- деди. 29 Зиндонбон чироқ сўраб, зиндон ичига югуриб кирди ва титраб, ўзини Повул билан Силаснинг оёғига ташлади. 30 Уларни ташқарига олиб чиқиб: “Жаноблар, нажот топишим учун нима қилишим керак?”- деб сўради. 31 Улар эса: “Раббий Исо Масиҳга ишонгин, шунда сен ҳамда бутун хонадонинг нажот топасизлар”,- дедилар. 32 Сўнгра унга ва унинг уйидагиларнинг ҳаммасига Худонинг сўзини айтиб бердилар. 33 Зиндонбон туннинг шу соатида Повул ва Силасни олиб, яраларини ювди. Ўзи ва бутун хонадони дарҳол чўмдирилди. 34 Уларни ўз уйига олиб келиб, уларга дастурхон ёзди. Худога имон келтиргани учун бутун хонадони билан бирга қувонди. 35 Кун чиққач сардорлар: “У одамларни қўйиб юборинглар”,- деб миршабларни юбордилар. 36 Зиндонбон бу ҳақида Повулга хабар бериб: “Сардорлар сизларни қўйиб юбориш учун одамларни юборибдилар, энди чиқиб эсон-омон боринглар”,- деди. 37 Аммо Повул уларга: “Бизни, Рим фуқароларини суд қилмай, халқнинг олдида уриб, зиндонга ташладилар. Энди эса бизни яширинча қўйиб юбормоқчиларми? Йўқ, бизни ўзлари келиб олиб чиқсинлар!”- деди. 38 Миршаблар бу сўзларни сардорларга айтиб бердилар. Улар Повул ва Силаснинг Рим фуқароси эканликларини эшитганларида қўрқувга тушдилар. 39 Келиб, улардан кечирим сўрадилар ва уларни олиб чиқиб, шаҳардан кетишларини илтимос қилдилар. 40 Улар эса зиндондан чиқиб, Лидиянинг олдига келдилар. Биродарлар билан кўришиб, уларга насиҳат бергач, жўнаб кетдилар.