15 1 Яҳудиядан келган баъзилар биродарларга: “Агар Мусонинг удуми бўйича хатна қилинмасангизлар, нажот топа олмайсизлар”,- деб таълим берар эдилар. 2 Повул ва Барнабо улар билан анча тортишув ва баҳс қилганларидан сўнг, бу масала юзасидан Йерусалимдаги ҳаворийлар ва жамоабошиларнинг олдига Повул билан Барнабони ҳамда улардан бошқа баъзиларни юборишга қарор қилдилар. 3 Улар Жамоат томонидан жўнатилгач, Финикия ҳамда Самариядан ўтаётиб, мажусийларнинг Худога ўгирилганларини айтиб бериб, ҳамма биродарларга буюк қувонч улашар эдилар. 4 Улар Йерусалимга келганларида, Жамоат, ҳаворийлар ва жамоабошилар уларни кутиб олдилар. Худо улар билан қилган барча ишларни хабар қилдилар. 5 Шунда фарзийлар оқимидан Исога имон келтирганларнинг баъзилари ўринларидан туриб: “Мажусийларни хатна қилиш керак. Уларга Мусонинг Қонунига риоя қилишни буюриш керак”,- дедилар. 6 Ҳаворийлар ва жамоабошилар бу масалани муҳокама қилиш учун йиғилдилар. 7 Анча мунозарадан кейин Петъёр ўрнидан туриб, уларга деди: “Эй, биродарлар! Сизлар биласизларки, мажусийлар Хушхабар сўзини менинг оғзимдан эшитиб, имон келтиришлари учун Худо биринчи кунларданоқ орамиздан айнан мени танлаган эди. 8 Юракларни билувчи Худо бизга берганидек, уларга ҳам Муқаддас Руҳни ато қилиб, шу тарзда уларга гувоҳлик берган эди. 9 Уларнинг юракларини имон орқали тозалаб, улар билан бизнинг орамизда ҳеч қандай фарқ қолдирмади. 10 Энди сизлар нима учун на оталаримиз, на биз кўтара олмаган бўйинтуруқни шогирдларнинг бўйинларига юклаб, Худони синамоқчисизлар? 11 Лекин биз ишонамизки, биз ҳам худди улардек Раббий Исо Масиҳнинг инояти билан нажот топамиз”. 12 Сўнгра бор йиғин жим бўлиб, Барнабо билан Повулни тинглар эдилар. Улар эса Худо ўзлари орқали мажусийлар орасида қандай аломату мўъжизалар қилганини айтиб берар эдилар. 13 Улар сўзлашни тамомлаганларида, Ёқуб жавоб бериб деди: “Эй, биродарлар, менга қулоқ солинглар! 14 Худо Ўз номи ҳақи мажусийлардан бир халқ тузиш учун азалдан уларга қандай назар солганини Шимўн тушунтириб берди. 15 Пайғамбарларнинг сўзлари ҳам шунга мувофиқ келмоқда, ёзилганидек: 16 Бундан сўнг Мен қайтиб келиб, Довуднинг йиқилган чодирини қайта тиклайман. Унинг харобаларини қайта тиклайман ва уни ўрнатаман, 17 токи қолган одамлар ва ораларида Менинг номим хабар қилинадиган барча халқлар Раббийни изласинлар,- дейди буларнинг ҳаммасини қилаётган Раббий. 18 Худога Ўзининг ҳамма ишлари дунёнинг бошланишиданоқ маълумдир. 19 Шунинг учун мен ҳулоса қиламанки, мажусийлардан Худога ўгирилаётганларни қийнаб қўймаслигимиз керак. 20 Лекин улар бутлардан ҳаром бўлган нарсалардан, зинодан, бўғиб ўлдирилган ҳайвондан ва қондан ўзларини тийсинлар, деб уларга ёзиб берайлик. 21 Зеро Мусонинг Қонуни қадимги авлодлардан ҳамма шаҳарларда уни воизлик қилувчиларга эга, ва ҳар шаббат куни синагогаларда ўқилмоқда”. 22 Ўшанда ҳаворийлар ва жамоабошилар бутун Жамоат билан бирга ўзларининг ораларидан одамларни танлаб, уларни Повул ва Барнабо билан Антиохияга юборишга қарор қилдилар. Булар ўз биродарлари орасида бошчилик қилувчилар Барсабо, деб аталган Яҳудо ва Силас эдилар. 23 Улар орқали ушбу мактубни ёзиб юборишди: “Антиохия, Сурия ва Киликияда яшаётган мажусийлардан бўлган биродарларга ҳаворийлару жамоабошилар ва биродарлардан салом! 24 Эшитишимизча, биздан чиққан баъзи кишилар сизларни саросимага солиб, хатна қилиниш ва Қонунга риоя қилиш керак, деган сўзлар билан жонларингизни таҳликага солибдилар. Биз эса уларга бундай топшириқ бермаган эдик. 25 Шунинг учун танланган эркакларни севикли Барнабо ва Повул билан бирга сизларнинг олдингизга юборишга якдиллик билан келишдик. 26 Булар Раббий Исо Масиҳнинг номи учун ўз жонларини хавф-хатарга қўйган одамлардир. 27 Шундай қилиб, олдингизга Яҳудо билан Силасни юбормоқдамиз. Улар сизларга буларни оғзаки ҳам айтиб берадилар. 28 Чунки қуйидаги зарур бўлганлардан бошқа ҳеч нарсани сизларга юкламаслик Муқаддас Руҳга ва бизга маъқул кўринди: 29 бутларга бағишланган нарсалардан ва қондан, бўғиб ўлдирилган ҳайвондан ҳамда зинодан ўзингизни тийинглар. Булардан ўзларингизни сақлаб юрсангизлар, яхши иш қилган бўласизлар. Саломат бўлинглар!” 30 Шу тариқа, ўша юборилганлар Антиохия шаҳрига келдилар ва кўпчиликни тўплаб, хатни топширдилар. 31 Улар эса ўқигач, бу насиҳат учун қувондилар. 32 Шунингдек, Яҳудо билан Силас пайғамбар бўлиб, кўп сўзлар билан биродарларга далда бердилар ҳамда уларни мустаҳкамладилар. 33 Бир неча вақт у ерда тургач, улар биродарлар томонидан ҳаворийларнинг олдиларига эсон-омон жўнатилдилар. 34 Бироқ Силас ўша ерда қолишга қарор қилди. 35 Повул ва Барнабо эса Антиохияда туришди. Улар бошқа кўпчилик билан бирга Раббийнинг сўзини воизлик қилар ҳамда таълим берар эдилар. 36 Бир неча кун ўтгач, Повул Барнабога: “Қани яна бориб, Раббийнинг сўзини воизлик қилган ҳар бир шаҳардаги биродарларимизга ташриф буюриб, қандай яшаб турганликларини кўриб келамиз”,- деди. 37 Барнабо эса Марк, деб аталган Юҳаннони ўзи билан бирга олмоқчи эди. 38 Аммо Повул, Памфилияда улардан ажралиб, бу ишга улар билан бирга бормаган одамни олмаслик керак, деб ҳисоблади. 39 Натижада уларнинг орасида келишмовчилик содир бўлди, шунинг учун улар бир-бирларидан айрилдилар. Барнабо Маркни олиб, Кипрга сузиб кетди. 40 Повул эса Силасни танлаб, биродарлар томонидан Худонинг иноятига топширилиб, жўнаб кетди. 41 У Сурия ва Киликиядан ўтаётиб, Жамоатларни мустаҳкамлар эди.