14 1 Икониумда улар биргаликда яҳудийларнинг синагогасига кириб, шундай воизлик қилдиларки, яҳудийлардан ҳам, юнонлардан ҳам буюк кўпчилик имон келтирди. 2 Бироқ имонсиз яҳудийлар мажусийларни қўзғатиб, уларнинг қалбларини биродарларга қарши ёвузликка тўлдирдилар. 3 Бунга қарамасдан, улар анча вақт у ерда қолиб, Раббийда дадиллик билан ҳаракат қилар эдилар. Раббий эса Ўз иноят сўзини тасдиқлаш учун уларнинг қўллари билан аломату мўъжизалар яратар эди. 4 Шу орада, шаҳар аҳолиси иккига бўлинди: бир қисми яҳудийларнинг ва бошқа қисми ҳаворийларнинг томонида эди. 5 Мажусийлар ва яҳудийлар ўз бошлиқлари билан келишиб, ҳаворийларни шарманда ва тошбўрон қилмоқчи бўлганларида, 6 улар буни пайқаб қолиб, Ликаониянинг Листра ва Дербе шаҳарларига ҳамда унинг атрофига қочиб кетишди. 7 У ерда ҳам Хушхабарни воизлик қилар эдилар. 8 Листра шаҳрида оёқлари мажруҳ бўлган бир киши ўтирар эди. У она қорниданоқ шол бўлиб, ҳеч қачон юрмаган эди. 9 У гапириб турган Повулни тинглар эди. Повул унга тикилиб қаради ва соғайиб кетиш учун имони борлигини кўриб, 10 баланд овоз билан: “Раббий Исо Масиҳ номидан сенга айтаман: оёғингда тик тур!”- деди. У киши сакраб турди ва юра бошлади. 11 Оломон эса Повул қилган ишни кўриб, овозини баланд қилиб, ликаониянинг тилида: “Худолар олдимизга одам қиёфасида тушдилар!”- деди. 12 Шунда Барнабони – Зевс, Повулни эса сўзда етакчи бўлгани учун Ҳермес, деб атадилар. 13 Шаҳар олдида бўлган Зевс маъбадининг коҳини эса шаҳар дарвозаларига ҳўкизлар ва гулчамбарлар олиб келиб, халқ билан бирга қурбонлик келтирмоқчи бўлди. 14 Лекин ҳаворийлар Барнабо ва Повул буни эшитгач, кийимларини йиртдилар ва ўзларини халқнинг орасига отиб бақирдилар: 15 “Эй, эркаклар! Нима учун бу ишларни қиляпсизлар? Биз ҳам сизларга ўхшаган инсонлармиз! Сизлар бу беҳуда нарсалардан қайтиб, еру осмон ва денгиз ҳамда ундаги ҳамма нарсаларни яратган барҳаёт Худога ўгирилишингиз учун сизларга Хушхабарни воизлик қилмоқдамиз. 16 Худо ўтган авлодларда барча халқларни ўз йўлларида юришларига қўйиб берган бўлса ҳам, 17 бироқ эзгулик қилиб, Ўзи ҳақида гувоҳлик беришни бас қилмас эди. У бизга осмондан ёмғирлар ва ҳосилдор мавсумларни бериб, юракларимизни озуқа ва қувонч билан тўлдирар эди”. 18 Ҳаворийлар буларни айтаётиб, халқни уларга қурбонлик келтирмасликка зўрға кўндирдилар. 19 Шу орада, Антиохия ва Икониум шаҳарларидан яҳудийлар келиб, халқни қўзғатдилар ва Повулни тошбўрон қилдилар. Уни ўлган ҳисоблаб, шаҳардан ташқарига судраб чиқдилар. 20 Бироқ шогирдлар унинг атрофида тўпланганларида, Повул ердан туриб, шаҳарга қайтиб борди. Эртаси куни Барнабо билан Дербега жўнаб кетди. 21 Бу шаҳарга ҳам Хушхабарни воизлик қилиб, кўп шогирд орттиришгач, орқага – Листра, Икониум ва Антиохияга қайтдилар. 22 Улар шогирдларнинг қалбларини қувватлаб, имонда туришни насиҳат қилиб: “Худонинг Шоҳлигига кўп қайғулар орқали киришимиз керак”,- дер эдилар. 23 Сўнг ҳар бир Жамоат учун жамоабошиларни тайин этдилар, рўза тутиб, ибодат қилдилар ва уларни ўзлари ишонган Раббийга топширдилар. 24 Бундан кейин Писидия юртидан ўтиб, Памфилияга келдилар. 25 Перга шаҳрида Сўзни воизлик қилгач, Атталияга тушиб бордилар. 26 У ердан сузиб, Антиохияга, яъни улар бажарган ишлари учун Худонинг иноятига топширилган жойга қайтиб келдилар. 27 У ерга етганларида, улар Жамоатни йиғиб, Худо улар билан нималар қилганини ва мажусийларга имон эшигини қандай очганини гапириб бердилар. 28 Сўнг анча вақт у ерда шогирдлар билан бирга бўлдилар.